'Газпром' Туркман газидан кечиб, Ўзбекистондан олади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россиянинг 'Газпром' ширкати туркман газини сотиб олишни тўхтатиб, нисбатан арзон нархдаги газга харидор бўлиш ниятида.

Газпром "Туркмангаз"ни 2010-2015 йиллар учун келишилган газ нархи бўйича шартномага амал қилмаганликда айблаган.

Олдинроқ 'Газпром' раҳбари Алексей Миллер 2016 йилда ширкат Ўзбекистондан газ сотиб олишни оширишни режалаштирилаётганини маълум қилган. Бу "Туркмангаз" билан газ нархлари бўйича можаро манзарасида кузатилмоқда.

2015 йил 'Газпром' Ўзбекистондан 3,6 млрд кубометр газ сотиб олган.

Жорий йилда 'Газпром' Ўзбекнефтегаз ширкати билан 4 млрд кубометр газ сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган.

Газ нархлари бўйича тортишувлар деярли ҳар йили кузатилади. Шу боис, арзон нархни кўзлаган 'Газпром'нинг марказий осиёлик ҳамкорлари билан муносабатлари ҳам шунга кўра ўзгариб туради.

2014 йил октябрида 'Газпром' Туркманистон ва Ўзбекистондан газ сотиб олишни тўлиқ тўхтатишни айтган бўлса, 2015 йил февралида Ашхободдан газ миқдорини кескин камайтиришни билдирди.

"Туркмангаз"дан 10 млрд кубометр ўрнига 4 млрдгача қисқартириб, Тошкентдан эса аксинча 1 млрддан 3,8 млрд қилиб кўпайтиришини эълон қилди.

2015 йил ўртасида Россия ширкати "Туркмангаз"ни нархларни кўриб чиқишни талаб қилиб Стокгольм маҳкамасига берганди.

Айтилишича, Оврўпога етказиладиган газ нархининг пасайиши билан 2010 йилда белгиланган минг кубометрига 240 доллар тўлаш Россияни қониқтирмай қолган.

Бундан ташқари 'Туркмангаз' жаҳондаги иқтисодий бўҳрон ва Россияга киритилган иқтисодий санкциялар таъсирида 'Газпром' 2015 йилда газдан қарзларини тўламаганини айтган.

Бироқ 'Газпром'га кўра, Ўзбекистон ҳам шартномага амал қилишда энг беқарор ҳамкорлардан ҳисобланади.

Қиш мавсумида Ўзбекистондан олинадиган газ миқдори кескин камайиши ёки узиб қўйиш ҳоллари учрайди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Хитой билан йилига 10 млрд кубометр газ етказиб бериш бўйича шартномаси бор.

Шунга қарамай, "Ўзбекнефтегаз" билан ҳамкорлик арзонроққа айланиши боис, 'Газпром' ундан газ сотиб олишни афзалроқ билади.

Россия шу пайтгача Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан газ сотиб олиб, уни Оврўпога етказади.

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида табиий газ қазиб олиш бўйича учинчи ўринда, дунёда йирик 10 таликка киради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek

Мамлакатда ҳар йили 60 млрд кубометр газ олинади. Бироқ қазиб олинадиган газнинг асосий фоизи Хитой ва Россияга экспорт қилиниши боис, мамлакат аҳолиси газ тақчиллигидан шикоят қилиб келади.

Вилоятларда неча йиллардан буён газ таъминотида тинимсиз узилишлар кузатилади. Бу айниқса қишли қировли кунларда халқни мушкул аҳволга солиб қўйган.

Газ таъминотидаги узилишларни тан олмай келаётган ҳукумат охирги уч йилда қиш мавсуми олди аҳолини кўмир сотиб олишга чақирган.

Бироқ бутун қиш мавсумини кўмир билан ўтказишга қурби етмайдиган вилоятликлар қўлбола ёқилғи турлари-таппи ва ғўзапояларни ғамлашни арзонроқ ва қулай билади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ