Тожикистонда Россия билан қўшма ҳарбий машқлар

Сешанба куни Хатлон горнизонида бошланган ва яна бир неча кун давом этадиган ҳарбий-ўқув машқлар Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасига яқин минтақасида ўтказилади.

Машқларга қирувчи, бомбардимончи ва транспорт учоқлар ҳамда 150 дан ортиқ десантчилар жалб қилинган.

Россия ҳарбий округи қўмондони генерал полковник Владимир Заруднитский 14 март куни Тожикистоннинг "Айний" аэродромида Тожикистон Мудофаа вазири генерал-лейтенат Шерали Мирзо билан учрашган.

Ҳарбий машқлар 16 мартда Момиракда, 17 мартда Лаҳорда, 18-19 март кунлари "Ҳарбмайдон"да давом этади ва 20 мартда якунланади.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизматига кўра, томонлар қўшма авиагуруҳларни ишлатиш, тезкор, ҳарбий, транспорт авиацияси ҳаракатларини келишиб олганлар.

Режага биноан, учоқ ва вертолётлар жойларни текшириш, колонналарга ҳамроҳлик қилиш, анжомларни ташиш ва ярадорларни эвакуация қилиш бўйича парвозларини бошлаб юборганлар.

Учувчилар бир қатор ўт очиш ва десантчиларни турли усуллар орқали манзилга ташлаш каби вазифаларни бажаришлари лозим.

15 март куни маҳаллий вақт билан соат 13.00 да икки стратегик Ту-95МС учоғи Айний аэродроми устида 1700 м баландликда парвоз уюштириб, Ҳисор тумани ҳудудида машқларда қатнашган.

Тожикистон охирги йилларда Россия билан ҳамкорликда ҳарбий-ўқув машғулотлари ўтказиб келади. Ўтган йил Россиядан ташқари, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Беларусдан минглаб ҳарбийлар иштирокида қўшма машқлар ўтказилганди.

Россия бошчилигидаги йирик ҳарбий-ўқув машғулотлари Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош, вазият ҳамиша нозик шимолий-шарқий минтақаларига яқин ҳудудларда ўтказилади. Олдинроқ толиблар ва "Исломий Давлат" жангарилари айни шу ҳудудларда ҳужумлари кучайгани айтилган.

Бир муддат Қундуз вилояти толибларнинг ҳужумлари орқасидан уларнинг қўлига ҳам ўтган эди.

Бу ҳолат Тожикистон ҳукуматининг Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлашга қаратилган жиддий чораларга қўл уришига сабаб бўлган.

Нафақат Тожикистон, Марказий Осиёнинг бошқа республикалари, жумладан Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам чегараларини мустаҳкамлаган.

Ўзбекистон ҳукумати ўзига жиддий таҳдид сифатида кўрадиган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўтган йил "Исломий давлат" жангари гуруҳига байъат келтирган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon