Атамбаев: “Қирғизистонликлар бир бўлишлари керак”

Image caption “Одамлар минтақа ва миллатларга бўлинмасликлари керак”

Президент Атамбаевга кўра, Қирғизистонда яшаётган барча миллат вакиллари “мен қирғизистонликман” дея фахрланишлари ва қирғизлар мамлакатда ўзларини бошқалардан устун мавқеида деб ҳисобламасликлари керак.

“Агар Қирғизистонда яхши бир воқеа рўй берса, қирғизлар ўзларини мақташади. Мамлакатда ёмон бир ҳолат рўй берса ҳам қирғизлар масъулиятни ўз зиммаларига олишлари лозим. Биз масъул бўлишимиз керак. Америка, Белгия, Швейцарияда яшаётганлар нима учун бўлиниб кетишмаган? Швейцарияда беш миллат вакиллари яшайди. Улар “мен швейцарияликман” дейишади”.

Ўш шаҳрига сафар қилган Алмазбек Атамбаев бу шаҳарнинг ўтмишида оғир кунлар кечганини эътироф этган.

“Бу каби воқеалар рўй бергани шармандали ҳолатдир. Ўш Қирғизистоннинг энг қадимий шаҳри...Жуда буюк инсонлар Ўшда таваллуд топишган.Мен Ҳиндистон ва Покистон вакиллари билан учрашганимда уларга доим Бобур отани эслатаман. Бобур ота сизнинг мамлакатларингизни идора қилган деб айтаман”, деган президент Атамбаев.

“Одамлар минтақа ва миллатларга бўлинмасликлари керак”, деб урғулаган у.

Президент Атамбаевнинг миллатлараро масалада айнан Ўшда сўзлаётгани 2010 йилдаги хунрезликлар билан боғлиқдир.

Асосан Ўш ва Жалолободда кечган қирғиз-ўзбек тўқнашуви оқибатида юзлаб, кўпчилиги ўзбеклар қурбон бўлган эди.

Алмазбек Атамбаев 2011 Қирғизистоннинг навбатдаги президенти сифатида қасамёд этганди.

Ўшанда Атамбаев мамлакати тарихида "янги саҳифа"ни очишга ваъда берди.

"Бугун биз Қирғизистон тарихида янги саҳифани очаяпмиз. Одамлар биздан мамлакатни одилона идора этишни кутмоқда. Акс ҳолда улар бизни кечирмайди," деди Алмазбек Атамбаев Бишкекдаги миллий филармония биносида ўтган маросимда.

Гарчанд, ҳукумат сўнгги йиллар мамлакатдаги миллатлараро зиддиятларни аритиш учун қатор амалларга қўл урганини айтса ҳам, айни муаммо бутунлай бартараф этилмагани айтилади.

Журналистларга кўра, Ўш ва Жалолободдаги қонли воқеалари юзасида адолат тўла қарор топгани йўқ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.com га тўсиқ бўлса, uzbekweb.net га киринг