Москвами ва ё 'Московобод'?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek

Бугун миллионлаб марказий осиёликлар Россияда ризқ теришмоқда. Пойтахт Москванинг ўзида уларнинг сони ўн минглаб...

Аммо, бугун Ғарб санкциялари ҳамда нефт нархлари тушиб кетгани боис Россияда иқтисодий аҳвол оғирлашган.

Бу эса, меҳнат муҳожирлари ҳаётига ҳам таъсир этмай қўймаган. Кимлар ишини йўқотган, яна кимлар маошини ололмаётганидан шикоят қилади.

Бошқалар ватанга қайтишдан ўзга чоралари қолмаётгани ҳақида сўзлайдилар.

Аммо, Москвадаги ўнлаб "резина квартиралар"нинг сони камаяётгани йўқ...

Би-би-си Ўзбек Хизмати ана шундай ўзи тор, аммо таъбир жоиз бўлса, муҳтожликда бағри кенг бўлган хонадонлардан бирига борган ва у ерда 20га яқин инсон яшаётганига гувоҳ бўлган.

Оилалар, оиласи ортда қолганлар, ота-онаси, шу билан бирга хонадоннинг бир бурчагидаги қафасда севимли ҳайвонини асраётган Озодбек.

Барча учун битта ошхона, битта ҳаммом, битта ҳожатхона... Эшик олдини оёқ кийимлар тўлдирган.

"Россиядаги молиявий қийинчилик боис ушбу "резина квартиралар" янада чўзиляпти. Оёқ узатадиган жой бўлса бўлди баъзилар учун", дея хўрсинади хонадондагилардан бири.

Буни маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам тасдиқлашади.

"Биласизми, меҳнат муҳожирлари ҳам одам. Оила боқай деб келишган бечоралар. Аммо, жуда оғир аҳволда яшашади. Бир хонадонда 20-30 киши бирга яшайдиганлар ҳам бор", дейди москвалик Светлана.

Мен бўлган хонадондагилар эса: "Қийинмас, ҳамма нарсага навбат бор. Иложини қиляпмиз", дейиш билан чекланишади.

"Ташкентский переулок"

Москва жануби шарқидаги "Ташкентский переулок" кўчасига эрталабки соат 08:00 лар чамаси бордим.

Кўринишидан ёши олмишдан ошган бир киши қор курамоқда.

"Ассалому алайкум, амаки", дедим ҳеч иккиланмай.

Иккиланмаслигим сабаби, Москвага қисқа сафарим давомида ҳар қадамда юртдошларимни учратаётганим ва бундан ортиқ ҳайратга тушмаётганим билан боғлиқ.

Бу кишининг ҳам ё Ўзбекистон ва ё Тожикистондан бўлиб чиқишига ишончим комил эди.

"Ваалайкум ассалом", дея жавоб берди амаки.

"Ҳорманг, амаки, қаерликсиз?"

"Бухородан", дейди амаки бироз қор курашдан тин олиб. "Сиз ҳам Ўзбекистонданмисиз?"

"Ҳа, Ўзбекистон", дейман-да, у кишини яна гапга соламан. Амаки Бухорода оиласи қолгани, Россияда бир неча йиллардан бери ишлаётгани ҳақида гапиради.

У сурат олишимга изн берса-да, видеони очишим билан орқасини ўгиради.

"Тинчлик керак, қўйинг, қизим, ўзи зўрға юрибмиз. Нариги томонга бориб олинг видеонгизни, анави кўчадаги фаррошлар ҳам ҳаммаси ўзбекистонлик".

Суҳбатимиз шу ерда тугайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Гулсора асли қирғизистонлик, у ҳужжатларини тўғрилаш учун бормаган эшиги қолмаганини айтади

Москвадаги қисқа сафар давомида ким-кимларни учратмадим?

Емакхонада супурги ушлаган ҳам, сартарошхонада тароқ тутган ҳам, метро бекати чиқишида телефонга сим карта сотган ҳам юртдошларим эди.

Жамоат транспортида қаторни тўлдирганлар ҳам ё ўзбек, ё тожик ва ё қирғиз.

Нон сотган, сомса сотган ҳам шулар.

9 йилдан бери паспортсиз юрган Гулсора... Унинг туғилганлик гувоҳномасисиз, бу дунёда бор-йўқлиги қайд ҳам қилинмай, бўйи етиб бораётган қизи.

Ойлардан бери ишсиз юрганлар, тадбиркорлик қилиб бойиётганлар.

Касал отасини даволатиш учун бор йўғини сотган, шунда ҳам қарзга ботган, сўнгги чора деб бир ойлик келинчагини уйда қолдириб, Москвага йўл солиб келган Азамат.

Болалари, уйини эсласа, ҳўнграб йиғлайдиган Саломат...

Ватан деса, лаблари титраб титрайдиган, болаларини тушларида кўришини айтиб, кўз ёшларини қайтаришга уринган Дадажон.

Image caption Ҳабиба 3 яшар боласини қайнонасига ташлаб келган
Қўрқув

Мендан ўзларини олиб қочган фақат "Ташкентский переулок"даги амаки эмас эди. Аксарият, ўзбеклар Би-би-си дейишим билан синиққина жилмайишар ёки индамай кетиб қолишарди.

Қишлоқ хўжалик фанлари кандидати, Москвада каттагина ресторан хўжайини ҳам: "Қўйинг, Ўзбекистонда борар-келарим бор, мен гапирмай қўя қолай. Қолаверса, уйдагилар..." дея гапини қисқа қилди.

Сартарошхонадаги андижонликлар ҳам "қўйинг, қўйинг"лаб эшикларини ёпишди.

"Қўрқувнинг илдизи Ўзбекистонда", дейди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

Муаммолар

Ярим тасдиқланган маълумотларга кўра, Россияда биргина Ўзбекистондан қарийб 2 миллион меҳнат муҳожири бор.

Норасмий рақамлар бундан ҳам кўп.

"Инқироз ўлганнинг устига тепган бўлди", дейди суҳбатдошларимдан бири.

"Биров ишини йўқотди, биров маошини ола олмаяпти".

Аммо, улар келишда давом этишмоқда.

Мен бориб тушган Домодедово аэропортини ҳам, суҳбатдошларимдан бошқа бири айтмоқчи, "ўз уйи, ўлан тўшагини ташлаб келаётган қора кўзлар" тўлдиришганди.

Аммо, ҳамманинг иш ўнгидан келавермайди. Ойлаб ишсиз юрганлар қанча...

Бу ёқда патент ё-да, Россияда ишлаш рухсатномаси нархи ошгани меҳнат муҳожирининг ҳаётини янада оғирлаштирди.

"Энди қаранг, патент олиш учун 10 минг рублдан ортиқ сарфлашингиз керак. Уйнинг ҳақини тўлаш керак. Еб-ичмасангиз бўлмаса. Уйига пул юбора олмаётганлар ҳам бор. Ҳозир жуда қаттиқ ишласангиз, 100-200 доллар орттирасиз. Бу ерда юришнинг ҳам маъноси қолмаяпти. Аммо, ватанда шунинг ҳам иложи йўқ-да", дея бош чайқайди суҳбатдошларимдан яна бири.

Бошқалар эса, "патент" ни олганингиздан кейин ҳам полиция таъқибларидан қутилиб бўлмаслиги, уларга ҳам "узатиб" туриш кераклигини айтишади.

"Ҳозир полициячилар ҳам тожикча, ўзбекчани ўрганиб олишган. Тожикчалаб :"500 берақолай", десангиз, "Қанақа 500, 1500 минг бер" дейишади", дейди мен тожикистонликларнинг ошхонасида учратган Раҳимиддин.

"Иш топганда ҳам, бахтсиз ҳодисалар йўқ эмас", дейди Толиб.

Яна кўплар ўз ҳақлари топталиши, бугунги иқтисодий инқироз даврида айримларнинг маошлари берилмаётгани ҳақида гапирдилар.

Сабабларни излайман.

"Сабаб оддий - улар қонунларни билишмайди, кўплари тилни яхши билмайдилар..." дейишади мутахассислар.

Чорасиз қаерга бош урсин?

"Мен 10 йилдан бери бунақа ташкилотлар борлигини эшитмадим", дейди яна бир муҳожир Бахтиёр.

"Улар бор, аммо етарли эмас. Меҳнат муҳожирлари сони шу қадар кўпки, саноқли сондаги ташкилотлар уларнинг ҳар бирига қандай етиб борсин", дея фикр билдиради "Чегара билмас тинчлик" ташкилоти раҳбари Фарҳод Устажалилов.

Image caption Муҳожирлар ишлаш рухсатномасини Подмосковьедаги янги миграция марказидан олишади

Шунда ҳам суҳбатдошларим кўплари шикоят қилишдан тийиладилар.

"Биласизми, дардини дастурхон қилмаслик энди қонимизда бор, энди шикоят қилаверсак ҳам ношукурлик бўлади", дейишади улар...

"Московобод" ва ё муҳожирларнинг навбатдаги ҳикояларини тинглаб томоша қилиш учун bbcuzbek.com ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизни кузатиб боринг.Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида ҳам томоша қилишингиз мумкин. Линк бу ерда
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг