Тожикистонлик қурувчилар озод қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anora sarkorova BBC

Жума куни афғонистонлик контрабандачилар томонидан гаровга олинган икки нафар тожикистонлик қурувчи озод қилинган.

Би-би-сига мамлакат чегара хизмати мулозимларининг айтишларича, ҳозирда қурувчилар ватанга қайтарилган.

Ўтган ҳафта Тоғли Бадахшон мухтор вилоятини мамлакат пойтахти билан боғлайдиган Шўробод-Шоҳон йўл қурилишининг бир участкасига афғонистонлик жангарилар қуролли ҳужум қилишган.

Бу жангарилар “Нажиб” гуруҳи аъзолари бўлгани тахмин қилинмоқда.

Ана шу ҳужум давомида икки нафар тожикистонлик қурувчи гаровга олинганди.

Айни минтақага вазиятни ўрганиш учун Чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмонали сафар қилганди.

У гаровга олинган тожикистонликларни озод этиш бўйича махсус комиссияга ҳам раҳбарлик қилгани айтилади.

Музокаралар гаровгирлар ва қавм оқсоқоллари ҳамда Афғон ҳукумати вакиллари билан ўтказилган.

Бу каби қуролли босқинлар Тожикистон ва Афғонистоннинг айни чегара ҳудудида авваллари ҳам рўй берган.

Айнан шу минтақадан афғонистонлик гиёҳванд моддалар савдогарларининг йўли ўтади.

1990 йиллар бошларида Тожикистонда фуқаролар уруши авж олган ва Шўробод туманидагилар учун гиёҳванд моддалар савдоси рўзғор тебратишнинг ягона манбаига айланганди.

Қарзга ботган шўрободликларнинг оила аъзолари афғонистонликлар томонидан гаровга олинган ҳолатлари жуда кўп бўлган.

Айрим ҳолатларда афғонистонлик оғу савдогарлари Тожикистон фуқароларини бир неча йиллаб гаровда ушлаб тургани маълум.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг