Қирғизистон мухолифатига чегара муаммоси баҳонами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи kenesh.kg
Image caption Қирғизистон парламенти Ўзбекистон билан чегара масаласини кўриб чиқишни бошлаган

Мамлакат мухолифати Бишкек ва Кербенда режаланган норозилик намойишлари бекор қилган.

Ташкилотчилардан бири Мамбетжунус Абиловга кўра, бунга парламент томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистон орасидаги чегара муаммоси муҳокамаси бошлангани сабаб бўлган.

Абиловнинг айтишича, парламент айни масалани Қирғизистон фойдасига ҳал қилмаса, мухолифат гуруҳи норозилик намойишларини бошлаб юборади.

Ҳукумат мулозимларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара муаммоси баҳона инқилоб уюштириб, иқтидордаги ҳокимиятни ағдариш мақсадида бўлган бир қатор мухолифат вакиллари қўлга олинган.

Жорий ойнинг 24 март куни Ўш шаҳрида Қирғизистон Бирлашган Мухолифат Ҳаракатининг қурултойи ўтказилиши керак эди.

Унда республиканинг турли бурчакларидан вакиллар келиб, президент ва ҳукуматнинг бугунги кунда олиб бораётган сиёсатини ва давлатни инқороздан олиб чиқиш йўллари муҳокама қилиниши мақсад қилинган эди.

Бироқ, тадбирга саноқли кунлар қолганида, мухолифат вакиллари дея иддао қилинган Бектур Асанов, Азимбек Бекназаров, Қубаничбек Қодиров ва Эрнест Қарибеков ва яна икки номаълум шахсларнинг ўзаро суҳбати экани даъво қилинган, яширин сабт этилган аудио интернетда ёйинланди.

Махфий бўлмаган аудиоёзув машмашаси

“24 март биринчи революция куни ёки ҳокимият қулаган кун. Ҳамма ўзини қахрамон қилиб кўрсатади. Мен қилганман деяверади. Биз Ўшга бориб, ҳамжихат бўлайлик. Бир-биримизга ишонайлик. Ташкилотимизни тузайлик ва ўша ердан оқсоқоллардан дуо олиб, йўл олайлик. Норин, Талас, Ақси ва Жалолобдда бўлган намойишлар натижасини Ўшда чиқарайлик”, дейилади суҳбатда.

“Ҳозирги кунда Атамбаев аҳволи яхши эмас. 7 апрелгача мен давлатни бошқара олмай қолдим, ўз лавозимимдан воз кечиб, истеъфога чиқаман дейиши ҳам мумкин. Бугунги кунда президентни тахтдан ағдариш муаммо эмас. Ундан кейин давлатни қандай бошқариш ҳақида ўйлаш керак. Агар бир–биримиз билан ҳамжиҳат бўлмасак, Оқ уй ичида ўзаро пичоқлашишимиз ҳам мумкин” – дея насиҳат қилади суҳбат қатнашувчиларидан бири.

Қирғизистон Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитасининг маълумотига кўра, мухолифат вакилларининг суҳбати, уларга нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида, суднинг қарори асосида ёзиб олинган.

Интернетда ёйинланган ушбу суҳбатлар ортидан, мухолифат 24 мартда Ўшда ўтказишни режалаштирган қурултойини номаълум муддатга қолдирганини маълум қилди.

“Биз ҳозирги кунда Ўзбекистон билан чегара муаммоси бўлаётган пайтда, Ўшдаги қурултойимизни вақтинчалик тўхтатиб туришликни маъқул деб топдик. Сабаби биз учун давлатнинг ички сиёсатидан кўра, ташқи сиёсати мухимроқдир”, дейди мухолиф “Халқ овози” партиясининг раҳбари Азимбек Бекназаров.

Бу орада 24 март куни Бишкекда уч мухолифат вакиллари, “Мустақил Қирғизистон” партияси раҳбари Бектур Асанов, “Ҳақиқат” партияси раҳбари Қубаничбек Қодиров ва тахлилчи Эрнест Қарибековлар ҳавфсизлик хизмати ҳодимлари тарафидан қўлга олиниб, суднинг қарори асосида икки ойга қамалдилар.

Ҳокимиятни куч билан босиб олишликда гумонланаётган яна бир мухолифат вакили, собиқ давлат котиби, жамоат арбоби Достон Сариғулов ҳам Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасига ўз ҳоҳиши билан келган ва кейинчалик суд қарори асосида уй қамоғига чиқарилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ