Қозоғистон бош банкири: долларга талаб камаймоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи news.kz

Қозоғистон расмийларига кўра, охирги ойларда мамлакатда доллар сотиб олиш анча пасайиб, миллий валюта бўлмиш тангага бўлган талаб ортиб бормоқда.

Қозоқ Миллий Банки раиси Данияр Акишев таъкидлашича, январ ойида мамлакатда долларга бўлган талаб охирги 10 йил ичидаги энг кам кўрсаткичга тушган.

“Биз халқнинг хорижий валютани сотиб олишга бўлган талаби сезиларли даражада камайганини кузатяпмиз. Валюта алмаштириш шаҳобчаларида январ ойида халққа бор-йўғи 213 миллион доллар сотилган. Бу охирги 10 йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир. Февралда бу тенденция нафақат кучайди, балки у ўз йўналишини тубдан ўзгартирди. Яъни, валюта шаҳобчаларидаги операциялар нисбати биринчи маротаба шуни кўрсатдики, халқ валюта ҳарид қилиш ўрнига оммавий равишда уни сотиб юборишни бошлади. Натижада, одамлардан сотиб олинган нақд валюта миқдори 277 миллион долларни ташкил қилди,” дея хабар қилди Данияр Акишев.

Нефть нархи тушиши ортидан бошланган Қозоғистондаги иқтисодий инқироз туфайли 2015 йил июлида 185 танга атрофида баҳоланган бир АҚШ доллари 2016 йил январига келиб 380 тангадан ҳам ошиб кетган эди.

Оқибатда, Қозоқ Миллий Банки йиллар давомида тўпланган давлатнинг валюта заҳираларини сотиш орқали валюта интервенцияларини амалга оширишга мажбур бўлган эди. Банкнинг нисбатан янги раиси Акишев танга қийматининг бундай сунъий корректировкасини қоралаб, бу фақат инфляцияни 2015 йилнинг иккинчи ярмида кескин ўсиб кетишига олиб келганини айтди.

“Миллий Банкнинг 2016 йилдаги асосий уринишлари инфляция даражасини олти-саккиз фоиз оралиғида ушлаб туришдир”, деб қўшимча қилди мулозим.

Мамлакат Президенти Нурсултон Назарбоев эса 28 март куни телеканаллар орқали узатилган учрашувда халққа ўз пулларини тангада сақлашга чақирган.

Баъзи экспертларнинг фикрича, нефть нархи ўсиши билан Қозоқ миллий валютасининг ҳам қадри аста-секинлик билан яхшиланиши кутилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ