Штайнмайер: ‘Қирғизистонда жонли демократия бор’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Олмония ташқи ишлар вазири ва ОХҲТ раисининг бу мақтови унинг Бишкекка сафари чоғида янграган.

Франк-Вальтер Штайнмайер жаноблари, ўз ўрнида, экстремизм минтақага солаётган таҳдид кучайиб бораётгани билан ҳам огоҳлантирган.

Қирғизистоннинг демократиясига эса, ана шу беқарор минтақадаги барқарори, дея баҳо берган.

Бу ҳақда Олмониянинг “Deutsche Welle” нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, жаноб Штайнмайер ана шу демократиясини тутиб қолиши учун Қирғизистонга бундан буёғига ҳам молиявий жиҳатдан кўмак беришларига ваъда қилган.

Олмония Ташқи ишлар вазирининг бу сўзлари Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев билан Бишкекдаги музокаралари ортидан янграган.

Франк-Вальтер Штайнмайернинг наздида, “Қирғизистон жонли, парламент демократияси сифатида минтақада барқарорликни таъминлашда мислсиз ҳисса қўшган”.

Минтақада ИШИД нинг таъсири кучайиб бораётган, гуруҳ Сурия ва Ироқда жанг қилишлари учун ёллаётган одамларнинг сони тез суръатларда ортиб бораётган бир манзарада, жаноб Штайнмайернинг урғулашича, кучли демократия “радикализм ва фундаментализм илдиз отишининг” олдини олишда яхши восита бўлиб хизмат қилган.

Олмон нашрининг ёзишича, ОХҲТ раисининг ана шу сўзлари манзарасида Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ҳам жим турмаган.

Франк-Вальтер Штайнмайер тилга олиб ўтган демократик мезонларни тутиб қолиши учун мамлакатига янада кўпроқ молиявий кўмак лозимлигини айтган.

Олмониянинг DPA ахборот агентлиги, жумладан, вазир Ерлан Абилдаевнинг, “Биз ҳам мамлакатимизнинг очиқ ва демократик бўлишини истаймиз. Бироқ демократия қашшоқлик бағрида гуллаб-яшнай олмайди”, - деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Сўнгги йилларда иқтисоди бироз жонланаётганига қарамай, Қирғизистон ҳануз дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири сифатида қолмоқда.

Яқинда эълон қилинган расмий маълумотларга қаралганда ҳам, мамлакат аҳолисининг учдан бир қисмидан ортиқроғи камбағалликда ҳаёт кечиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, фақат сўнгги бир неча йилнинг ўзида Қирғизистонда камбағаллар сони олти фоизга ортган.

Кузатувчилар, агар четда меҳнат муҳожирлигида банд аҳоли юбораётган маблағлар бўлмаса, Қирғизистондаги яна минглаб оилалар ҳозиргидан ҳам оғир аҳволга тушиб қолган бўлишларини таъкидлашади.

Бу ерда ҳам камбағал аҳолининг аксарияти қишлоқ ҳудудларида ҳаёт кечиришади ва асосан чорвачилик билан шуғулланишади.

Қирғизистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи қишлоқ хўжалигида банд эса-да, эркин бозор иқтисодиётига ўтиш соҳада оғир кечгани ва камбағалликнинг кучайишига хизмат қилгани айтилади.

Қишлоқ хўжалигида ўтказилган сўнгги ислоҳотлар самарали бўлган, ҳосилдор ерларнинг катта қисми одамларга бўлиб берилганига қарамай, деҳқон ва фермерлар малакасининг пастлиги уларни камбағалликдан халос эта олмаган.

Сўнгги халқаро тадқиқотлар эса, бугунги кунда Қирғизистон аҳолиси бир миллиондан ортиқроғининг, ҳаттоки, асосий озиқ-овқат маҳсулотларига имконсиз эканликларини кўрсатганди.

Устига устак, Россиядаги сўнгги иқтисодий инқироз ва Ғарб томонидан устма-уст жорий этилган санкциялар эса, кўплаб собиқ Шўро давлатлари қатори Қирғизистондаги вазиятни ҳам оғирлаштирмай қўймаган.

Мазкур ҳолат эса, ўз навбатида, мамлакатнинг барқарорлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирларни ҳам пайдо қилмай қолмаган.

Қирғизистон Олмония Ташқи ишлар вазири ва ОХҲТ раисининг Марказий Осиёга уч кунлик сафари доирасида ташриф буюрган иккинчи минтақа давлати бўлган.

Франк-Вальтер Штайнмайер минтақага сафарининг аввалида Ўзбекистонга келган ва президент Ислом Каримов билан учрашганди.

Жаноб Штайнмайер Ўзбек-Олмон ҳамкорлигидан ўз мамнунлигини изҳор этган, аммо Ўзбекистон раҳбарини мамлакатдаги инсон ҳақлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашга ҳам чақирганди.

Олмония Ташқи ишлар вазири Марказий Осиёга сафарининг сўнгги босқичида Тожикистонга ташриф буюради ва пойтахт Душанбеда президент Имомали Раҳмон билан учрашади.

Франк-Вальтер Штайнмайер бошқарувдаги Олмония Социал Демократик партиясининг аъзоси бўлган сиёсатчи.

2013 йилдан буён Олмония Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келади.

Олмония Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг раислигини жорий йил январ ойида қабул қилиб олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Олмония халқаро ташкилотга раис экан, асосий эътиборини аъзо давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ва Украина можаросига сиёсий йўл билан ечим топишга қаратишни мақсад қилган.

Ўзининг Марказий Осиёга сафари арафасида жаноб Штайнмайер минтақанинг стратегик жиҳатдан муҳимлигини алоҳида урғулаган.

Марказий Осиёда Россия, Хитой ва Эрон каби қудратли давлатларнинг манфаатлари тўқнашишини таъкидлаган.

Минтақада "улкан иқтисодий имкониятлар ва барқарорликка жиддий таҳдид мавжудлиги, шу боис ҳам, уни назардан четда қолдириб бўлмаслиги"ни баён қилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ