Қирғизистон Иссиқкўлдаги ўзбек оромгоҳларини ҳусусийлаштиради

Йил сайин қўшни давлатлардан минглаб сайёҳларни қабул қиладиган Иссиқкўлда юзлаб оромгоҳлар мавжуд.

Эндиликда Иссиқкўл соҳилида жойлашган Ўзбекистоннинг тўрт оромгоҳи Қирғизистон тасарруфига ўтади.

Бу ҳақдаги қарорни Бош вазир Темир Сариев 4 апрелда ҳукуматнинг ёпиқ эшиклар ортида ўтган мажлиси якунида имзолаган.

Ўзбекистонга тегишли “Рохат”, “Дилором”, “Олтин қум” ва “Бўстон” оромгоҳлари Иссиқкўлда йил сайин минглаган дам олувчиларга хизмат кўрсатиб келган.

Аввалроқ қирғиз ҳукумати Ўш, Жалол-Обод ва Боткен вилоятларидаги бир қатор ижтимоий биноларни ҳам ўз ҳисобига олган.

Юқоридаги оромгоҳлар Ўзбекистон фуқаролари тарафидан узоқ муддатга ижарага олинган.

“Роҳат” оромгоҳи “Ўзбекистон Миллий Банки”, “Дилором” маскани “Асака” банки ва “Олтин қум” эса “Тошкент Авиация заводи” оромгоҳлари ҳисобланган.

2008 йилда расмий Тошкент Иссиқкўлдаги оромгоҳларини ҳусусийлаштириш ҳуқуқини қўлга киритишга ҳаракат қилган эди.

2009 йилнинг декабр ойида қирғиз тарафи Ўзбекистон газини республика ҳудудига етказиб бериш эвазига қўшни давлат учун оромгоҳлар масаласида имтиёзлар яратиб бериш бўйича махсус комиссия тузган.

Бироқ бу комиссия қандай қарор қабул қилгани номаълум.

Чегарадаги танглик

Сўнгги пайтларда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар совуқлашган.

Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон ҳарбийлари Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Ақси туманидаги баҳсли ҳудудни эгаллаб олган.

Бундан норози Қирғизистон ўз ҳудудига қўшни давлат ҳарбийлари ноқонуний кирганидан шикоят қилган ва ҳудудда ўз ҳарбийларини жойлаштирган.

Қарийб бир ҳафта давомида ҳар иккала тараф кучайтирилган тартибда чегарани назорат қилганлар.

Бу ўз навбатида маҳаллий аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.