Жалолободда туркиялик "куёв" қўлга олинди

Интернет орақали танишиб, оила қуришга аҳду-паймон қилган ёшлар тўйи куни бир зумда "жиҳодчиларга" айландилар.

Жорий йилнинг март ойида Истанбулдан Жалолободга севган қизига уйланиш мақсадида келган Туркия фуқароси Маҳмуд Мутлу, дўсти Сайфуддин Абдулла билан хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган.

Уларнинг қўлга олингани ҳақида, Маҳмуд Мутлунинг Истанбулдаги дўсти, Абдукарим Би-би-сига қўйидагиларни айтиб берди.

"Никоҳ ўқилаётганида, милициялар кириб, тўйдаги ҳамма одамларни ушлаб чиқиб кетишибди. Ҳозир Маҳмуд ва Сайфуддинни Сурияга одам ёллаганликда айблашаяпти экан. Жалолободга атиги икки кунга келган, у ерда уйланиб, кейин келинни Истанбулга олиб кетгани борганди" – дейди Абдукарим.

Унинг сўзларига кўра, на Маҳмуд ва на Сайфуддин Сурияга одамларни ёллаш билан шуғулланган.

"Маҳмуд асли ўзбекистонлик. 2000 йилларда Истанбулга келиб, шу ерда қолиб кетган. Мен уни яхши биламан. Сурия у ёқда турсин, бировга озор бермаган мўмин бола. Дўсти Сайфуддин доғистонлик, у ҳам яхши бола” – деб уларни таърифлайди суҳбатдош.

Жалолобод шаҳар ички ишлар бўлимининг раҳбари Женишбек Жоробековнинг сўзларига кўра, қўлга олинганлар вақтинчалик сақлаш жойида ҳам бирга ўтирган инсонларни ёллашга ҳаракат қилганлар.

"Биз уларга нисбатан алоҳида тушунтириш ишлари олиб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Бу ишларни диний таълимга эга инсонлар ўтказаяптилар. Улар шунчаки диний тушунчага эга эмас, балки ислом динини мукаммал ўзлаштирган инсонлардир” – дейди Женишбек Жоробеков.

Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси ўз фуқаросининг қўлга олиниши юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Сурияда давом этаётган урушга Қирғизистондан 500дан ортиқ инсон кетган. Улардан ярмини аёллар ва ёш болалар экани айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ