Қирғизистон: Бош вазир истеъфо берадими?

Сал кам бир йил аввал ҳукумат раҳбари этиб сайланган Темир Сариевни, сўнги пайтда очиқланган ноқонуний ишлар можароси, ўз лавозимидан кетишга мажбур этмоқда.

Қирғизистондаги йирик лойиҳалардан ҳисобланган Балиқчи – Қўрумду йўли солиниши ва Бишкек шаҳридан “Манас” аэропортигача бўлган йўлни таъмирдан чиқарилишидаги қонунбузарликларни депутатлик комиссия ўрганиб чиққан.

Унда, мазкур лойиҳалар учун давлат бюджетидан қарийб 7 млрд сўм бўлингани, бироқ бу лойиҳаларни амалга ошириш учун компаниялар орасида эълон қилинган тендерда, йўл қуриш учун руҳсатномаси бўлмаган хитойлик “Лонг Хай” компаниясини ғолиб деб топилгани ва натижада давлат хазинасига 1 млрд сўмдан ортиқроқ зиён етказилгани, бунинг учун маъсул шахслар жавобгарликка тортилиши кераклиги айтилади.

Йиғинда қатнашган Қирғизистон транспорт вазири Арғинбек Малабаев, тендер қонунубузарликларида бош вазир Темир Сариевнинг шахсий манфаати бўлганини ва бу ишларни ўзининг муовини Улан Уезбаев бажарганини айтган.

“Лонг Хай” компания раҳбари Азамат Жунушалиев, Эрнист Жунушалиев деган йигитлар менинг муовиним Уезбаевнинг яқин дўстлари. Улар “Ақ–Шумқар” (бош вазир раҳбарлик қилган) партиянинг аъзолари ҳисобланадилар. Уезбаев мен йўқлигимда барча ҳужжатларга имзо қўйган” – дейди транспорт вазири Малабаев.

Транспорт вазирининг муовини Улан Уезбаев ўз раҳбари айтганларини ёлғон дея, тендерда ғолиб чиққан компанияга Арғинбек Малабаев ўзи рози бўлганини айтади.

“Малабаев мени ва бош вазир Темир Сариевни айбдор қилгани тўғри эмас. У вазир сифатида тендерни ютган компанияга ўзи розилик берган. Ўша пайтда мен хизмат сафарида эдим деб ёлғон гапираяпти. Тендер ўтганда Қирғизистонда бўлган ва ҳужжатларни ўзи имзолаган” – дея изоҳлайди вазир ўринбосари Уезбаев.

Ҳукумат раҳбари Темир Сариев Балиқчи–Қўрумду йўлини солаётган хитойлик компанияда шахсий манфаати бўлмаганини урғулаб, транспорт вазири айбловларини инкор қилди.

“Арғинбек Малабаев вазир сифатида Балиқчи–Қўрумду йўлининг солиниши бўйича шахсий жавобгарлик олади. Мазкур лойиҳадаги қонунбузарликлар очиқланаётганда, у айбни бошқаларга ағдараяпти. Унинг айтганлари ҳақиқатга тўғри келмайди” – дейди бош вазир Темир Сариев.

Ўзаро келишмовчиликдан ғазабланган ҳукумат раҳбари, 6 апрелда транспорт вазири Арғинбек Малабаевни лавозимидан четлатиш тавфсияси билан презедентга мурожаат қилган. Бироқ, президент Алмазбек Атамбаев бош вазир тавфсиясини қаноатлантирмаган ва мазкур низони текширишни Қирғизистон Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитаси қошидаги “Порахўрликка қарши” хизматига буюрган.

Қирғизистон Жўғўрқу Кенгаш депутатлари ҳам келаётган хафтада авж олаётган мазкур муаммони муҳокама қилишлари кутилаяпти.

Бу орада маҳаллий қатор интернет нашрлари бош вазир Темир Сариевни яқин кунларда ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиш эҳтимоли ҳақида ёзмоқда.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, ҳукумат раҳбари ўз лавозимидан четлатилган вазиятда, унинг ўрнини муовини вақтинчалик эгаллаб туради. Бу орада эса Жўғўрқу Кенгаш депутатлари қайтадан партиялардан ташкил топган янги коалиция тузиб, янги бош вазирни танлайдилар ва президентга тавсия қиладилар. Давлат раҳбари тасдиқлаганидан сўнг, ҳукумат раҳбари ўз лавозимига киришади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ