Қирғизистон Бош вазири истеъфо берди

Image caption Темир Сариев истеъфо берди

Ҳукуматнинг навбатдан ташқари бўлиб ўтган йиғинида Бош вазир Темир Сариев истеъфога чиққанини маълум қилди.

Тушдан кейин бошланган ҳукумат йиғини қарийб бир соат давом этган ва унда Темир Сариев сўнги кунлари ўзига нисбатан айтилаётган айбловлар бўйича баёнот қилган.

“Балиқчи – Қўрумду ва Бишкек – “Манас” аэропорти йўллари солиниши бўйича ўтказилган тендерга ҳеч қандай алоқам йўқ. Баъзи депутатлар ўзларининг сиёсий ва моддий манфаатларидан келиб чиққан холда хайқиришмоқда. Менга қўйилаётган айбловлар бўйича ҳаққоний тергов ўтказилишини талаб қиламан”, деб айтган Темир Сариев.

Ҳукумат раҳбари ўз истеъфосини эълон қилишдан аввал, бунгача бажарилган ишларига урғу бериб, “ҳукумат қатор сиёсий қарорларни қабул қилди, масъулиятдан қочгани йўқ. Масалан,Ўзбекистоннинг тўрт оромгоҳини ўз ҳисобимизга олдик. Россия билан ГЭСларни қуриш битимини бекор қилдик”, деган жаноб Сариев.

“Биз бир йил ишладик. Бу орада Жўғўрқу Кенгаш икки маротаба бизга ишонч кўрсатди. Мен президент қўлловини ҳис қилдим. Барча давлат тузилмалари билан ишлай олдик”, дея ўз миннатдорчилигини билдирган эндиликда собиқ Бош вазир Темир Сариев.

“Мен бугун истеъфога чиқаман. Бу ҳақда президентга аризамни топширганман. Сизлар билан ишлаганимдан манмунман. Мен учун халқ манфаати барчасидан устун туради”, деган Темир Сариев йиғинлар залини тарк этар экан.

Сал кам бир йил аввал ҳукумат раҳбари бўлиб ишлаган Темир Сариевни Қирғизистондаги йирик лойиҳалардан ҳисобланган Балиқчи – Қўрумду йўли солиниши ва Бишкек шаҳридан “Манас” аэропортигача бўлган йўлни таъмирдан чиқарилишидаги қонунбузарликлар туфайли ўз лавозимидан кетишга мажбур бўлгани айтилади.

Мазкур қонунбузарликларни Қирғизистон Жўғўрқу Кенгаши депутатлари комиссияси текшириб чиққан.

Текширув ҳисоботида мазкур лойиҳалар учун давлат бюджетидан қарийб 7 млрд сўм ажратилгани, бироқ бу лойиҳаларни амалга ошириш учун компаниялар орасида эълон қилинган тендерда йўл қуриш учун рухсатномаси бўлмаган хитойлик “Лонг Хай” компаниясини ғолиб деб топилгани айтилади.

Ҳисоботда шунингдек, давлат хазинасига 1 млрд сўмдан ортиқроқ зиён етказилгани, бунинг учун масъсул шахслар жавобгарликка тортилиши кераклиги урғуланган.

Йиғинда қатнашган Қирғизистон транспорт вазири Арғинбек Малабаев, тендер қонунубузарликларида Бош вазир Темир Сариевнинг шахсий манфаати бўлганини ва бу ишларни ўзининг муовини Улан Уезбаев бажарганини айтган.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, ҳукумат раҳбари ўз лавозимидан четлатилган ҳолда унинг ўрнини муовини вақтинчалик эгаллаб туради. Бу орада эса Жўғўрқу Кенгаш депутатлари қайтадан партиялардан ташкил топган янги коалиция тузиб, янги бош вазирни танлайдилар ва президентга тавсия қиладилар. Давлат раҳбари тасдиқлаганидан сўнг, ҳукумат раҳбари ишга киришади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ