Эрон Қозоғистоннинг иккинчи йирик ҳамкорига айланадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Президент Нурсултон Назарбоев бир сафарининг ўзида Эрон билан қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан ортувчи 66 та келишув имзолашга муваффақ бўлган.

Хабарларга кўра, бу ҳақда қўшни Қозоғистон раҳбарининг ўзи расман баён қилган.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний билан музокаралари ортидан сўзларкан, жаноб Назарбоев келишувлар металлургия, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалик, транспорт, сайёҳлик, илм-фан, маориф ва тиббиёт соҳаларини қамраб олишини маълум қилган.

Қозоғистон раҳбарига кўра, бундан ташқари, эронлик ҳамкасби билан музокаралари чоғида ўз бизнесменлари учун виза тартибини енгиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишган.

Президент Нурсултон Назарбоевнинг айтишича, бу иш амалга ошгудек бўлса, Эрон билан савдо-тужжорий алоқалари янада тараққий топади.

Ўз ўрнида алоҳида таъкидлаш жоиз, Қозоғистон президенти Эронга қарши узоқ йиллик халқаро санкциялар бекор қилиниши ортидан Теҳронга расман ташриф буюрган биринчи Марказий Осиё давлати раҳбари бўлади.

Шу йил январ ойида Халқаро Атом Энергияси агентлиги Эрон ўз ядровий дастурини тўхтатишга оид барча шартларни бажарди, деб топган.

Масъул агентликнинг бу каби хулосаси ортидан, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи расмий Теҳронга нисбатан жорий этилган халқаро жазо чораларини бекор қилишга қарор қилганди.

Эроннинг узоқ йиллик санкциялардан халос бўлиши эса, ҳали ўша пайтдаёқ минтақа иқтисодининг гуркираб ривожланишига йўл очишига оид умидларни пайдо қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бошқа томондан, Қозоғистон раҳбарининг Эронга сафари мамлакати, йилларки, энг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб келаётган Россиядаги сўнгги иқтисодий бўҳрон таъсиридан жиддий зиён чекаётган бир пайтга тўғри келган.

Асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефть хом-ашёси қийматининг жаҳон бозорида ўта арзонлаб кетиши, айнан Ғарб томонидан яқинда киритилган кўплаб санкциялар туфайли Россия миллий пул бирлиги – рублнинг кескин қадрсизланиб кетиши Қозоғистон иқтисодига ҳам яхшигина зарба берган, қозоқ тангасининг қиймати ўтган бир йилнинг ўзида дунё бўйлаб антирекорд ўрнатиш даражасига тушиб қолганди.

Президент Нурсултон Назарбоевнинг ҳали Теҳронда экан баён қилишича, қандай аҳволда эканига қарамай, Эрон билан алоқаларини ҳамиша аъло даражада тутиб келган.

Хабарларга кўра, худди шу сўзлари манзарасида қозоқ раҳбари эронлик ҳамкасбини расман ўз мамлакатига таклиф ҳам қилган.

Қозоғистон президентининг Эронга сафарига алоҳида эътибор қаратган айрим нуфузли Ғарб нашрлари, жумладан, “The Diplomat” да келтириб ўтилган маълумотларга таянилса, ўтган йили бу икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 635 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Нашрнинг ёзишича, эндиликда ҳам Қозоғистон ва ҳам Эрон бу рақамни 3-4 миллиард АҚШ долларига етказишга умид қилишмоқда.

Агар, икковлоннинг умидлари амалда ўзини оқласа, Эрон Қозоғистоннинг иккинчи йирик савдо ҳамкорига айланади. Бу йўлда, ҳатто, Оврўпо Иттифоқи, Россия ва Хитойни ҳам ортда қолдириб кетади, деб ёзади “The Diplomat”.

Агар, Эрон нашрларига иқтибосан айтиладиган бўлса, президент Ҳасан Руҳоний ҳам қозоқ раҳбарининг Теҳронга расмий ташрифига юқори баҳо берган.

“Бу – икки давлат орасидаги муносабатларни тараққий топтиришда туб бурилиш нуқтаси бўлажаги”ни айтган.

Хабарларга кўра, Эронга сафари ортидан, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев икки кунга Туркияга боради.

У ерда туркиялик ҳамкасби Ражаб Тойиб Эрдўғон билан учрашади ва Исломий Ҳамкорлик Ташкилотининг 13-олиймақом йиғинида иштирок этади.

Жума 14 апрел куни эса, Қозоғистон раҳбарининг Ўзбекистонга келиши ва президент Ислом Каримов билан музокаралар олиб бориши айтилмоқда.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, икковлоннинг Тошкентдаги учрашувлари Ўзбекистон раҳбарининг Москвага сафари арафасига тўғри келмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ