Исёнми ё миллий-озодлик ҳаракати?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

1916-йилда Россия мустамлакаси бўлган ҳозирги Марказий Осий ҳудудида бошланган қўзғолон шунчаки исён деб эмас, балки миллий озодлик ҳаракати деб баҳоланиши зарур.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти марказида бўлиб ўтган халқаро илмий конференцияда ана шу фикр қайта-қайта такрорланди.

Тарихдан маълумки, халқ қўзғолони 1916 йилнинг 4-июл куни ҳозирги Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида бошланди.

Бунга Россия подшоси Николай иккинчининг рус бўлмаган миллатларни мудофаа иншоотлари қуриш учун мажбурий сафарбар этишга оид фармони туртки бўлган. Бу фармонга кўра 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркаклар халқ тили билан айтганда - мардикорликка олинарди.

Ўшанда 1914-йилдан буён давом этаётган уруш таъсирида ҳолдан тойган, қимматчилик, солиқлар ошишига базўр чидаб келаётган одамлар оқпошшога қарши бош кўтаришган.

Яна тарих китобларида ёзилишича, Хўжандда маҳаллий пристав маҳкамаси олдида 8 минг чоғли норози одам йиғилади. Маҳаллий амалдорлар эркакларни мардикорликка жўнатиш рўйхатини олишни тўхтатмасликларини маълум қилишади. Тарихда қўзғолончилар орасидан Хўжандда Ходими Жамолак номи билан машҳур аёл - Бибисолиҳа Қобилова ўртага отилиб чиққани ва полициячилардан бирининг қиличини шартта суғуриб, уни чопиб ташлагани ҳақида ҳикоялар мавжуд. Кейин полиция қуролсиз одамларни нишонга олгани, қўзғолонни бостириш учун эса, Скобелев (ҳозирги Фарғона)дан казаклар чақирилгани ҳақида ёзилади.

Қўзғолончилар аёвсиз жазоланади. Маълумотларга кўра, 400 нафардан ортиқ киши қаттиқ жазога тортилади.

Аммо, қўзғолон ўти Фарғона водийсининг бошқа шаҳарларига ёйилади. Бирин-кетин Андижон, Марғилон, Қўқон, Ўшда халқ қўзғалади. Ҳамма ерда чор Россияси қўшинлари қўзғолонни бостириш учун ёш-қарини аяб ўтирмайди. Айниқса, Жиззах қўзғолонида бош кўтарган маҳаллий халқ бошига оғир кулфатлар ёғилади. Тарихчилар ўшанда Жиззах қонга ботирилгани ҳақида ёзадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Илмий конференция қатнашчилари 1916-йил воқеаларида рус аскарларининг ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги қўзғолонни шунчаки бостиришмагани, балки кўплаб қирғиз ва дунганлар аёвсиз ўлдирилганини таъкидлашди.

2015-йилнинг май ойида Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев 1916-йилдаги воқеаларнинг 100 йиллигини нишонлаш ва бу мақсадда зарур маблағ ажратиш ҳақида фармон имзолаган. Қирғизистон Президенти ўтган йил августидаги иккинчи бир фармони билан 1916-йил воқеалари қурбонлари хотирасига мемориал барпо этиш борасидаги фармонни ҳам қабул қилган.

Қўзғолон ортидаги сабаблар, унинг моҳияти хусусида илмий анжуман қатнашчилари турфа фикрларни ўртага ташладилар.

Бишкекдаги Қирғизистон Миллий университети профессори, тарих фанлари доктори Жанибек Жакипбековга кўра, Шўро даврида 1916-йилдаги халқ қўзғолонини кўплаб олимлар реакцион тусда деб баҳолангани мутлақ хатодир. "Аслида ўшанда қўзғолон бутун Марказий Осиёга ёйилган. Чор Россияси истибдоди, зулмидан норози ўн миллионга яқин одам қатнашган ҳаракат шунчаки исён эмас, балки миллий-озодлик ҳаракатидир", дейди тарихчи олим.

Вақтида айрим олимлар қўзғолончиларнинг Пржевалск ва Зомин томонларда русларга ҳужум қилишгани, уйларига ўт қўйиб, ўзларини ўлдиришганини иддао қилиб, уларнинг ҳаракатини реакционга чиқаришганди. Худди шундай иддаолар ҳозир ҳам ўртага ташланаётгани айтилади. Қирғиз олимларининг фикрича эса, қўзғолон эмас, балки чор Россияси ҳукуматининг ўзи реакцион бўлган.

Конференция қатнашчиларининг айримлари 1916-йилдаги халқ ҳаракатига баҳо беришда ўша пайтдаги чор Россияси ва ҳозирги Россия давлатини бир қаторга қўймасликни айтишди.

Россиянинг Новосибирск шаҳридаги Давлат университети гуманитар тадқиқотлар лабораторияси мудири Сергей Скобелев эса, 1916-йилдаги қўзғолонда имериалистик Россияни эмас, балки унинг ўша пайтдаги подшоси Николай иккинчини айблайди.

Жаноб Скобелев нафақат 1916-йилги қўзғолонлар, балки 1905-йилги революция, 1917-йилда кетма-кет икки инқилобларни ҳам Николай иккинчининг "давлатни бошқарув қобилияти бўлмаган"ига боғлайди.

Лекин, Қирғизистондаги «Мурас» («Мерос») тарих ва маданият хазинаси раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Тинчтикбек Чоротегиннинг фикрича, 1916-йилги воқеаларни бир давлат раҳбарининг шахсиятига билан боғлаб тушунтириш тўғри эмас.

Бу олим юз йил олдинги норозилик ҳали тўлиқ ўрганилмаганлиги, халқ миллий-озодлик ҳаракатига тўлақонли баҳо бериш вақти етганлигини таъкидлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ