"Тожик муҳожирига ҳужум текширилсин!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

"Тожик меҳнат муҳожирлари" Бутун Россия жамоатчилик ҳаракати Россия ҳукуматига мурожаат қилиб, Ханти Мансий вилоятида тожикистонлик меҳнат муҳожири Асрор Усмонзода билан содир этилган ҳодисани текширишни сўраган.

Ташкилотга кўра, 8 апрелга ўтар кечаси тожик муҳожир яшаган уйда номаълум кишилар бостириб кириб, 23 ёшли Асрорнинг томоғига уксус ва аммиак суюқлигини қуйишган.

Ҳаракат вакиллари фикрича, бундай шафқатсизликнинг сабаби- тожик муҳожир ўтган йилдан бери олмаган иш ҳақини талаб қилгани бўлган.

Ташкилот раҳбари Каромат Шариповнинг сўзларига қараганда, ҳозирги пайтда Асрор Усмонзода касалхонанинг жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолмоқда. Шифокорлар унинг яшаб қолишига кафолат беришмаяпти.

Тожикистонлик муҳожир "АкСтройКапитал" қурилиш ширкатида ишлаб келган. У билан бирга яна 20 га яқин тожиклар меҳнат қилганлар.

Жамоатчилик ташкилоти хабари бўйича, ширкат муҳожирларнинг икки млн рубл миқдордаги маошларини шу пайтгача бермай келаяпти.

Би-би-си Рус хизматига Усмонзоданинг ҳамкасбининг айтишича, ҳамма муҳожирлар қонуний асосда ишлаганлар. Шундай бўлсада, ишчилар охирги тўрт ойнинг, баъзилари ярим йилнинг маошини олмаганлар.

"Асрор Усмонзода бир неча марта бош директорга кириб, иш ҳақини талаб қилган, бироқ жавобига таҳдид эшитган", дейди ташкилот ходими.

Аммо ширкат вакиллари меҳнат муҳожири билан юз берган ҳодиса ҳақида ҳеч нарса эшитмаганларини айтмоқдалар. "Бизнинг ишчилар олдидаги барча қарзларимиз узилди", деган "АкСтройКапитал" ширкати вакили Би-би-сига.

Якшанба куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин билан "жонли мулоқот" жараёнида минтақалардан иш ҳақлари тўланмаётгани тўғрисида кўплаб саволлар берилганини билдирган.

Жумладан, "Рыбокомбинат Островной" корхонаси ишчилари сўзларига кўра, улар Шикотан оролида қулларча ишлатилганлар. Пуллари эса ётоқхонада яшаганларига ҳисоблаб, тўланмаган.

"Жорий йилда маош берилмаётгани масаласи кутилмаганда ўртага чиқди. Агар ҳисоблаб чиқилса, икки миллиондан ортиқ мурожаатлар бор. Илгарилари бундай кузатилмаган, шу йил пайдо бўлди. Бу нимани англатади? Бу ҳолат билан систематик тарзда шуғулланиш лозим", деб айтган Путиннинг матбуот сўзчиси Песков.

Бироз олдинроқ, тожик муҳожири билан метрода фожеали ҳодиса содир этилган. Рус миллатчиси Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган Сулаймон Саидовга тўппончадан ўқ узиб, оғир яралаган. Шифокорларга кўра, у олган жароҳати натижасида кўрмай қолиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ