Қирғизистонда яширин туннелнинг чиқиш йўли топилган

Хабарларга кўра, олдинроқ Ўзбекистон билан чегарада аниқланган ер ости йўлининг Қирғизистон томонидан чиқиш йўли топилган.

Қирғиз томони бундан аввал ўз ҳудудида ер ости йўлининг чиқиш қисми ҳозирча аниқланмаганини айтган эди.

Ўзбекистон Чегара қўмитаси билдиришича, икки давлат чегара хизмати вакиллари "Ўзбекистон" чегара постида учрашиб, 110 метрлик туннелнинг Қирғизистондан чиқиш йўли аниқланганини муҳокама қилганлар.

Қўмитага кўра, ер ости йўлидан контрабандистлар фойдаланиб келишган.

Қирғизистон Чегара қўмитаси тасдиқлашича, ҳуқуқ тартибот идоралари ўтказган амалиётлар натижасида Қирғиз-Қиштак қишлоғида яшаган Сапаев хонадони ҳудудида ер ости чиқиш йўли топилган.

"Боткен вилояти Қадамжой тумани Қирғиз-Қиштак чеккасида чегарачилар ва ҳуқуқ тартибот ходимлари Қирғизистон фуқаросига қарашли ҳовлида ер ости йўлини аниқлаганлар. 16 апрелда "Қизил Қия" автомобил назорат масканида икки томон чегара вакиллари учрашиб, Ўзбек томонига хабар берилган", дейди Қирғизистон Чегара хизмати расмийси.

Илк бор 17 мартда Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг Қирғизқишлоғидан бошланиб, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Бўрбалиқ қишлоғи фуқароси уйига олиб келувчи ер ости йўлини топганлари ҳақида хабар берганлар.

Айтилишича, ер ости йўлининг чуқурлиги 7-8 метр, узунлиги 110 метр бўлган. Ер ости йўли иккала томондаги аҳоли уйларини боғлаган.

Ўзбекистон ер ости йўлидан экстремистлар ўтган бўлиши мумкинлиги эҳтимолини билдирган.

Бироқ, 29 мартда Қирғизистон чегарачилари туннелнинг учи топилмаганини айтганлар.

Қирғиз Чегара хизматига кўра, 9 апрелда биргаликда амалиётлар натижасида Қирғизистон томонидан ҳам махфий туннелнинг чуқурлиги 70 см, кенглиги 60 см бўлган чиқиш йўлини топишга муваффақ бўлинган.

Март ойи ўртасида икки давлат ўртасидаги баҳсли ҳудудга Наврўз байрами муносабати билан хавфсизлик чоралари дея Ўзбекистон томони ҳарбийларини киритганди.

Сўнгра ўзбек чегарачилари махфий ер ости йўли топганларини билдириб, чегарада хавфсизликни кучайтирганлар.

Бунинг ортидан Қирғизистон ҳам чегарадаги ҳарбийлари кўпайтирганди.

Қирғиз-Ўзбек чегарасидаги баҳсли ҳудудда ер, сув, йўл масаласи сабаб, тез-тез келишмовчиликлар кузатилади.

Айни пайтда, иккала томон ҳам топилган махфий ер ости йўли ҳақида бошқа қўшимча маълумотлар кўрсатмаган. Суриштирув-қидирув ишлари кетаётгани айтилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ