Волгоградда тожик муҳожир ҳалок бўлган

Image caption Ушбу воқеа Россияда охирги пайтда тожик муҳожирлари билан содир бўлган учинчи ҳодисадир.

Россиянинг Волгоград шаҳрида ишлаган 22 ёшли тожикистонлик фуқароси Усмонали Файзиалиев 12 апрелда шериклари томонидан пичоқланган.

Хабарларга кўра, жиноятни содир этганлар фожеанинг изини яшириш учун меҳнат муҳожирини тириклайин кўмган бўлишлари мумкин. Марҳум ўша куни гумондорлар билан туғилган кунини нишонлаган.

Москвадаги Тожикистон элчихонаси расмийлари билдиришича, суд-тиббий экспертиза 21 апрелда якунланиши керак ва Вахдат шаҳрилик Усмоналининг ўлими сабаблари аниқ бўлади.

Тожикистон элчихонаси вакиллари Меҳнат вазирлиги, муҳожирлик идоралари ходимлари билан биргаликда жиноят ишини ўрганаётгантергов гуруҳи билан учрашганлар.

Волгоград вилоят Тергов қўмитаси тожикистон фуқаросининг туғилган кунида ўлдирилиши факти бўйича жиноий иш очган.

Бундан олдин Россия оммавий ахборот воситалари тожик муҳожирнинг ўлими ҳақида хабар тарқатган. Волгоградлик маҳаллий киши қотилликка гувоҳ бўлганини гапириб берган. Полицияга қотиллик ҳақида хабар берган шахсга кўра, тожик муҳожирининг туғилган кунида у ҳам қатнашган. Тунда ўша ерда ухлаганларини айтган у.

Гувоҳнинг айтишича, эрталаб тургач, муҳожир ва уй эгаси ўртасида келишмовчилик келиб чиққанидан хабар топган. Натижада уй эгаси ўзининг қўшниси билан бирга тожик муҳожирни шу орадаги қурилаётган уйга олиб бориб, чуқур қазишга мажбурлашган ва оқибатда муҳожирнинг ўзини ўша чуқурга ташлаб тириклайин кўмишган.

Маҳаллий фуқаронинг хабаридан сўнг, тезкор-қидирув гуруҳи ходимлари зудликда кўрсатилган манзилга етиб борганлар. Текширув натижасида янги қурилаётган бинонинг ертўласида ҳақиқатдан янги қазилган хандақ топилган. Бетонда афтидан, муҳожирнинг қон излари қолган.

Текширувчилар тахмин қилишларича, марҳумнинг жасади чуқурга яширилган, сўнгра шубҳа туғдирмаслик учун унинг устига ахлат ёқиб, қум сепиб қўйишган.

Қидирув ишларидан сўнг муҳожирнинг жасади кўмилган жойидан чиқариб олиниб, экспертизага топширилган.

Москвадаги Тожикистон элчихонаси Россияда тожик меҳнат муҳожирининг ўлими билан боғлиқ ҳодиса синчиклаб ўрганилиши ва айбдорлар топилиб жазоланишига умид қилаётганини айтади.

Ушбу воқеа Россияда охирги пайтда тожик муҳожирлари билан содир бўлган учинчи ҳодисадир. Олдинроқ, икки тожик муҳожири рус миллатчиси ва иш берувчилар ҳужумига учрагани, улардан бири ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEKGoogle+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ