Тожикистонлик армияга бормаслик учун ўзини ўлдирди

Тожикистонлик ўсмир армияга мажбуран олиб кетишларига қарши ўзини Вахш дарёсига ташлаб, чўкиб ўлган.

Ҳодиса 19 апрел кечқурун Роғун шаҳрининг Норобод туман Ҳаким посёлкаси яшовчиси билан юз берган.

Ҳалок бўлган ўсмирнинг жасади ҳали топилмаган.

Республикада қуролли кучлар сафини тўлдириш учун йигитларни армияга мажбуран жалб қилиш усуллари мавжудлиги айтиб келинади.

Хабарларга кўра, ўсмир йигит армияга олиб кетилишидан қўрқиб қочган.

Охирги пайтларда тожикистонлик йигитлар орасида армияга боришдан кўра, ўлимни афзал биладиганлар сони сезиларли ошган.

Бунга сабаб армиядаги мураккаб шароит, "дедовщина", янги борганларни аввал келганлар томонидан турли усуллар билан қийнаш ҳолатлари экани айтилади.

Президент Имомали Раҳмон бундан аввал бир неча марта йигитларни армияга олиб кетишда ноқонуний усуллардан фойдаланмасликка чақирганди.

Бироқ тожикистонлик таҳлилчиларга кўра, Тожикистонда мажбурий усулсиз Қуролли кучлар сафини тўлдириш режасини бажариш мумкин эмас. Шунинг учун, бу усулдан ҳамон воз кечилмайди.

Тожикистонлик ҳуқуқшунос Ойнихол Бобоназарованинг айтишича, президент ўзининг гапи билан мамлакатда ноқонуний йўллар билан армияга олиб кетилишини жуда яхши билишини кўрсатди. Лекин у мажбуран усул масъуллари қаттиқ жазоланмас эканлар, бу иш қонунан бажарилмаслигини ҳам назарда тутиши керак эди.

Маълумотлар бўйича, Тожикистон Қуролли кучлари ҳар йили 10-15 минг кишига тўлдирилади. Расмий рақамларга кўра, мамлакатда армияга чақирилиш ёшидаги 600 минг фуқаро бор, 150 минги хизматдан озод қилиниш ҳуқуқига эга. Яна 100 мингга яқини эса мамлакатдан ташқарида меҳнат муҳожирлигида, деб ишонилади.

Тожикистонликларга кўра, ёшларни армияга чақириш учун уларда мотивация бўлиш керак. Ҳарбий хизматдан калтакдан бошқа нарса кўрмаса, йигитлар ҳеч қачон армияга ихтиёрий бормайди. Ҳеч бўлмаганда давлат ўқишга кириш учун имтиёз бериши керак уларга, деб ёзишади ижтимоий тармоқ фаоллари.

Охирги хабарларга қараганда, Яхчипун чегара ҳарбий отрядида хизматда бўлган аскар шериги билан отишмада ҳалок бўлган. Иккинчи аскар оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ