Туркияда 11 қирғизистонлик қиз қўлга олинди

Туркия матбуоти ёзишича, Бодрум шаҳрида 11 нафар қирғизистонлик қиз жинсий қулчиликдан озод этилган. Қирғизистоннинг Истанбулдаги Бош консуллигига кўра, қизлар ўз ихтиёрлари билан ишлаганлар.

Туркиянинг Heberler газетаси 24 апрелда қизлар Бўдрум шаҳрида полициянинг махсус амалиёти чоғида озод этилганини хабар берган.

Жинсий қулчиликда юрган умумий 13 қизнинг 11 нафари қирғизистонлик, яна икки нафари грузин ва ўзбекистонлик экани аниқланган.

Қизлар 18-25 ёш оралиғида бўлган. Турк полицияси қизларни сотиш билан даромад орттирган одамни ҳам қўлга олиб, унга нисбатан жиноий иш қўзғаган.

Қирғизистоннинг Истанбулдаги консули Руслан Молдақунов, мазкур холат юзасидан Бўдрум шаҳрининг Мугла ҳудудий полициясига сўровнома юборилганини ва ҳозирда жавоб кутилаётганини маълум қилди.

“Оммавий ахборот воситаларидан, 11 қирғизистонлик қиз жинсий қулчиликдан озод этилди деб эшитдик. Ҳуқуқ тартибот идораларидан бошланғич маълумотларни олдик” - дейди Молдақунов.

Унинг сўзларига кўра, қирғизистонлик қизлар бу ишда мажбур қилинмаган.

“Айтиб ўтиш керак бўлган нарса, у қизлар озод этилган эмас. Расмий маълумотда, улар ҳаммаси ўз ихтиёри билан жинсий хизмат кўрсатиб юрган қизлар экани айтилаяпти. Полиция ўтказган махсус амалиётда қўлга олинган” – дея воқеани изоҳлайди бош консул.

Қирғизистон қонунларига мувофиқ, Туркиядаги қирғиз фуқаролари ўзларининг қўлга олингани тўғрисида ёзма равишда консуликка мурожаат қилишлари керак бўлади.

“Ўн беш кун ичида улар депортацияланиб, ўз давлатига юборилади” – дейди Қирғизистоннинг Истанбулдаги бош консули Руслан Молдақунов.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга кирингglobal citizenshipglobal citizenship