"Мадҳия учун ўрнидан туриш Қуръонда йўқ"

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида ўтказилган диний тадбирда давлат мадҳияси янграганда ўтирган ўринларидан турмаган мадраса талаба қизлари билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Ўз навбатида бу воқеа Интернет ижтимоий тармоқларида баҳсу-мунозарага сабаб бўлмоқда.

Жалолобод вилоятининг диний идораси Жалолобод давлат университетининг йиғинлар залида "Анаънавий Ислом динининг моҳияти" деб номланган конференция ташкил этган. Анжуман очилишида Қирғизистон давлат мадҳияси янграган. Қатнашувчилар ўтирган ўринларидан туриб, давлат рамзига таъзим қилганлар. Бироқ олдинги ўриндиқда ўтирган, ҳижобли қизлар туришмаган. Улар бунинг сабабини, "Қуръонда, динда бундай нарса ёзилган эмас", дея тушунтириб, мадҳияни куйлашдан бош тортганлар.

Бу қизлар Жалолобод шаҳридаги “Ойша Сиддиқ” номидаги қизлар мадрасасининг 16-17 ёшли талабаларидирлар.

Мадрасаларда фақат диний йўналишдагина билим берилиб, давлат рамзлари ва қонунлар тўғрисида маълумотлар деярли ўқитилмайди, дейди ўз исми очиқланмаслигини истаган Ноокендаги “Нур” қизлар мадрасасининг ходими:

“Биз авваллари фақат диний йўналишдагина илм олганмиз. Ҳозир ҳам мадрасаларда ўқувчиларга диний тушунчаларни ўқитамиз. Шу сабабдан қизларнинг мадҳия ҳақида тушунчаси йўқ. Демак бу йўналишда ўқитиш керак, деган фикрга келдик. Давлат рамзлари ва ёзилган қонунлар бўйича деярли дарслар ўтказилмас эди. Замонавий билим беришга эндигина эътибор қаратилаяпти” – дейди мадраса ходими.

Жалолободда ўтказилган анжуманда Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятлари имомлари ва маҳаллий расмийлари билан бир қаторда мадраса ўқувчилари ҳам қатнашган. Конференцияда диний тушунчаларни тўғри ёйинлаш муҳокама қилинган.

Жалолобод вилоят қозиси Абдулазиз қори Зокиров сўзларига кўра, тадбирда қатнашиб, давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилган “Ойша Сиддиқ” мадрасаси қизлари орасида тушунтириш ишлари олиб борилади. У қизлар аввалари йирик тадбирларга қатнашмагани сабаб, бу каби хатога йўл қўйганларини айтади.

“Давлатимизнинг ҳар бир фуқароси, миллатидан қатъи назар ватанни севиши ва унга чин юракдан хизмат қилиб, давлат рамзларини хурмат қилиши керак. Мадҳия янграётганда қизларни ўз ўринларидан турмай қўйишлари, уларни давлат рамзлари ҳақида тасаввурга эга эмасликлари билан боғлиқ. Сабаби бунгача ўтказилган тадбирлар Қуръон тиловоти билан бошланиб, Қуръон тиловоти билан якунланар эди. Ёш қизлар бу каби йиғинларга биринчи марта қанташаётганликлари сабаб, хатога йўл қўйдилар. Шунинг учун уларни тўғри тушунишимиз керак. Бу йўналишда тушунтириш ишларини олиб борамиз” – дейди Абдулазиз Зокиров.

Анжуманда шаҳардаги “Имом Аъзам” мадрасасининг талаба қизлари ҳам қатнашганлар.

“Давлат мадҳияси янгараётганда, қизлар уни ҳурмат қилиб ўринларидан туришлари керак эди. Биз ҳам мадҳия янгаётганда ҳар доим ўрнимиздан турамиз. Бу қизларни нега ўринларидан туришмагани сабабини тушунмадик. Мадрасаларда бу йўналишда ўқитилмаса-да, биз ўзимиз биламиз,” – дейди “Имом Аъзам” мадрасаси толиба қизларидан бири.

Бу орада “Ойша Сиддиқ” қизлар мадрасасининг раҳбари Қапарбек Ҳожи Абдиқалиқов мадрасанинг ўқув бўлими бошлиғи Севара Хожашовани тарбиявий ишларга етарлича эътибор қаратмагани учун ишдан бўшатгани маълум бўлди.

Қизлар мадрасаси талабаларининг бу ҳаракатлари аҳоли орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Кимлардир қизларни айбласа, бошқалар “мадрасада Қирғизистонни ва унинг рамзларини ҳурмат қил, деб ўқитмаса, унда ўқувчиларда нима гуноҳ?”, “Қизларни ўқитаётган устозлар, уларни қандай дарслар ўтаётганини назорат қила олмаган давлатда айб” деган фикрлар янграмоқда.

Жалолобод вилоятида 625 масжид фаолият олиб боради. Улардан 547 масжид давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, қолган 78 таси қайд этилмаган. Яна 190 намозхона ва 6 мадраса диний таълим муассасаси қатори рўйхатдан ўтган. Ҳозирги кунда мадрасаларда 830 дан ортиқ талаба таҳсил олади. Расмий маълумотларга кўра, республика бўйича 500 дан ортиқ масжид рўйхатга олинмаган бўлса-да, бироқ улар бугунги кунда ишламоқдалар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг