HRW: Тожик ҳукумати адвокатларни озод қилиши керак!

Image caption "Тожикистон ҳукумати мустақил ҳимоячиларни таъқиб ва ҳибсга олишларни тўхтатиши керак".

Халқаро Ҳюман Райтс Вотч (HRW) ташкилоти ва Норвегия Хелсинки қўмитаси Тожикистон ҳукуматидан ҳибсда қолаётган тўрт ҳимоячи ва уларнинг иккитасининг ўғилларини озодликка чиқаришга чақирган.

Бу ҳақда 4 майда ташкилотларнинг биргаликда эълон қилган мурожаатларида билдирилган.

Баёнот муаллифлари ишонишича, бу инсонлар сиёсийлаштирилган айбловлар бўйича ҳибсга олинганлар.

2014 йилда Тожик ҳукумати Шуҳрат Кудратов, Фахриддин Зокиров, Бузургмеҳр Ёров, Нуриддин Маҳкамов, Дилбар Додожонова каби ҳимоячилар, бундан ташқари таниқли адвокат Исҳоқ Табаровнинг ўғиллари Фируз ва Далер Табаровлар ҳибсга олган. Шунингдек, таниқли адвокат Файзинисо Воҳидовага босимлар давом эттирилмоқда, дейилади мурожаатда.

"Тожикистон ҳукумати мустақил ҳимоячиларни таъқиб ва ҳибсга олишларни тўхтатиши керак", деб таъкидлайди халқаро ҳуқуқ фаоллари.

Ҳюман Райтс Вотчнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Стив Свердловнинг фикрича, бу ҳимоячиларнинг панжара ортида қолиши "Тожикистон суд тизими учун шармандали ҳолатдир".

Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги тинч сиёсий мухолифатига қарши доимий тарзда таъқиб-тазйиқлар ўтказаётгани бир йилдан буён давом этмоқда. Ҳукумат ўзининг сиёсий рақибларини ушлаб, қийноқларга солмоқда, шунингдек, хориждаги танқидчилари ўғирлаб мамлакатга қайтарилмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари республикадаги сиёсий мухолифатга босим ўтказиш вазияти 2015 йилда янада ёмонлашди, деб қайд этишади. Ўтган йилнинг сентябр ойидамамлакатдаги етакчи мухолиф партия Ислом Уйғониш партияси таъқиқланиши ортидан, партиянинг ўнлаб аъзолари ҳибсга олинди, дея таъкидлайди улар.

2015 йил март ойида сиёсий мухолифатчи Умарали Қувватов Истанбулда отиб кетилишига боғлиқ вазият Тожик ҳукуматининг унга бевосита алоқадорлигини кўрсатади, дейилади баёнотда.

Муаллифларга кўра, айни вақтда Тожикистонда диний ва сиёсий ҳуқуқларнинг паймол этилиши мамлакатдаги фуқаролар уруши тугаганидан кейинги йиллардаги даражага тушгани хавотирлидир.

3 майда Душанбеда адвокатлар Бузургмеҳр Ёров ва Нуриддин Маҳкамов устидан маҳкама жараёнлари бошланган. Улар Ислом Уйғониш партиясининг ҳибсдаги аъзолари иши билан шуғулланаётган бўлганлар.

Халқаро ташкилот мурожаатида айтилишича, Тожикистон ҳукумати адвокатлар фаолиятини назоратда ушлаш ва уларнинг ишини чеклаш мақсадида қатор чоралар кўрган. Жумладан ҳимоячилар Адлия вазирлигига имтиҳон топширганларидан сўнггина лицензия олишлари мумкин бўлади. Бунгача ҳимоячилар мустақил ҳимоячилар бирлашмасидан олган лицензиялари етарли ҳисобланган. Ҳимоячилар билдиришларича, имтиҳонда улардан ҳуқуқшунослик тўғрисида эмас, балки тарих, маданият ва сиёсат ҳақида сўраганлар. Ҳукуматнинг бундай имтиҳонлар ташкил қилиши мухолифат иши билан шуғулланган адвокатларнинг лицензиясидан маҳрум қилиш учундир.

БМТнинг адвокатлар фаолияти тўғрисидаги талабларига асосан, улар ўз фаолиятларини ҳукуматнинг аралашуви ва ортиқча босимларсиз, қўрқув, таъқибларсиз амалга оширишлари лозим, деб таъкидланади мурожаатда.

Human Rights Watch ва Хелсинки қўмитаси АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва Тожикистоннинг бошқа хорижий ҳамкорлари расмий Душанбедан сиёсий мотивлар бўйича ҳибсга олинган ҳимоячиларни зудлик билан озод қилишни талаб этиши керак, деб ҳисоблайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ