Сизран қотилликлари бўйича тўрт кишига айблов илгари сурилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Самара вилояти Сизран туманидаги Ивашовка қишлоғидаги хонадонда 24 апрелда содир этилган қотилликлар бўйича тўрт шахсга айбловлар илгари сурилган.

Бундан олдин Тергов қўмитаси Андрей Гошт ва оиласи аъзоларининг ваҳшийлик билан ўлдирилишида “Марказий осиёлик”лар гумон этилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Энди қўмита хабарига кўра, қотилликларни Маҳмадали Аҳмадов, Ислом Бобоев, Орхан Зохрабов, Роман Фаталиев содир этган деб кўрилмоқда ва уларга нисбатан икки ва ундан ортиқ инсонни ўлдириш, вояга етмаган шахс қотиллиги ва босқинчилик айбловлари илгари сурилган.

Россия оммавий ахборот воситаларининг терговни олиб бораётган расмийларга таяниб хабар қилишларича, қотиллик ва талончилик билан шуғулланган жиноий гуруҳнинг бир аъзоси Тожикистон, қолганлари Озарбайжон фуқаролари бўлганлар.

Тожикистонлик Маҳмадали Аҳмадовни жиноий гуруҳнинг раҳбари деб гумон қилганлар.

Унинг 4 май куни ҳибсга олингани ҳақида хабар қилинди.

Самара вилоят полицияси раҳбари Сергей Солодовников Маҳмадали Аҳмадов Тожик-Афғон чегарасидан ноқонуний ўтмоқчи бўлганида қўлга олингани ва Россияга юборилгани ҳақида хабар тарқатди.

Аммо Тожикистон Ички ишлар вазирлиги жаноб Солодовников хабари ҳақиқатга тўғри келмаслиги ҳақидаги баёнот билан чиқди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Тожикистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Маҳмадали Аҳмадов ўзини қотилликда гумон қилаётганлари ҳақида Россия матбуоти орқали бохабар бўлган ва ўзи Ички ишлар вазирлигига келиб, айбсиз экани ҳақида айтган.

У ўз ихтиёри билан Россия бориш ва айбсизлигини исботлашга қарор қилган.

4 май куни Россияга парвоз қилган.

Россия Тергов қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Маҳмадали Аҳмадовнинг Москвадаги "Домодедово" аэропортида ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатган.

Шунингдек, Тожикистон Чегара хизмати Маҳмадали Аҳмадовнинг Афғон-Тожик чегарасида ушлангани ҳақидаги хабарни ҳам рад этган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Самара вилояти бўйича штаби бошлиғи Андрей Гошт ва оиласининг беш аъзоси 24 апрель куни ўзлари истиқомат қилган Самара вилоятининг Сизран тумани Ивашовка қишлоғидаги уйида ўлик ҳолда топилган эдилар.

Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, инсонларнинг ҳаммасини арматура ёки тўқмоққа ўхшаган буюм билан бошларига уриб ўлдирганлар.

Инсонларни ухлаб ётган жойларида ўлдиришгани, қотиллар ҳатто болаларга ҳам шафқат қилмаганлари айтилмоқда.

Фақат Андрей Гоштнинг 2009 йили туғилган жияни - қизча тирик қолган.

У шифохонага ётқизилган, ҳозир кома ҳолатида қолмоқда.

Терговчиларга кўра, қўлга олинган шахслар ёнидан полиция бошлиғининг уйидан ўғирланган бумюлар топилган.

Жиноятчилар талончилик мақсадида қотиллик содир этганлар деб кўрилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ