Атамбаев: 'Россияда замонавий фашизм бош кўтармоқда'

Бугун Бишкекда ғалабанинг 71 йиллиги нишонланди. Тадбирда, президент Алмазбек Атамбаев раҳбарлигидаги қатор давлат расмийлари, собиқ президент Роза Отунбаева, дипломатик корпус вакиллари ҳамда иккинчи жаҳон уруши фахрийлари қатнашганлар.

Тадбирга йиғилганлар урушда ҳалок бўлганларни ёдлаб мангу оловга гулчамбарлар қўйганлар.

Иккинчи жаҳон урушига умумий 365 минг Қирғизистонлик сафарбар этилиб, улардан 114 мингдан кўпроғи жанг майдонидан қайтмаган.

Ёғаётган ёмғир остида Президент Алмазбек Атамбаев уруш фахрийларига мурожаат қилиб, уларни ғалабанинг 71 йиллиги билан табриклаган.

“Биз бугун халқимизни босқинчилардан ҳимоя қилиб, урушда ва унинг ортида ғалабага ҳисса қўшган фахрийларимизга бош эгиб, таъзим қиламиз. Ҳозирда шу ерда ўтирган фахрийларимизни қаторини қараб, кўзимизга ёш келади. Афсуски, кўкраги орден ва медалга тўла қарияларимиз кун сайин орамиздан озайиб бормоқда. Ҳасса таёққа таяниб, ёки набираларига суяниб турган фахрий боболаримиз билан оналаримизга мурожаат қиламан: сизларнинг борлигингизнинг ўзи бизга қанчалар куч-қувват!” – деди Алмазбек Атамбаев.

Унинг сўзларига кўра, бундан 71 йил аввал мавжуд немис фашизмига қарши курашилган бўлса, ҳозирги кунда эса Россиядаги замонавий фашист – скинхедлар бош кўтариб, одамлар тинчини олмоқда.

“Уруш йиллари Россиядан юз минглаб қочқинлар қирғизистонликлар уйларида озиқланиб, қўним топганлар. Улар билан содда қирғиз оилалари нонларининг сўнги бўлакларини баҳам кўрганлар. Кўплаб қочқинлар бизнинг диёрларда қолганлар ва қирғизистонлик бўлганлар. Мен айнан бугун Россия фуқаролари, бош кўтараётган замонавий фашист-скинхедларга бу ҳақда эслатиб ўтмоқчиман” – дейди Қирғизистон президенти.

Атамбаев шунингдек, Шўролар Иттифоқи парчаланганидан кейин, юз минглаган қирғиз фуқаролари ноиложликдан Россияда ишлашга мажбур бўлаётганини ҳам таъкидлаган.

“Улар, Россияга бориб қоринларини текинга тўйғазишларини ёки бепул нон бўлакларини беришларини сўрамаяпти. У ерда ўзлари ва оилалари учун ишлашга мажбур бўлмоқдалар. Шунинг билан бир қаторда Россия иқтисодига ўз ҳиссаларини ҳам қўшмоқдалар ва табиий ҳеч бўлмаса уруш йилларидаги қочқинлар ҳурмат қилингани каби ўзларига нисбатан ҳам яхши муносабат қилинишини талаб қилишга ҳақлидирлар” - деб айтди норози оҳангда жаноб Атамбаев.

“Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг қўрқинчли ва қонли воқеа бўлган. Унда ота-боболаримизнинг кўрсатган қаҳрамонликларини, ғалаба учун соғлиқ, ёшлигини ва ўз жонини фидо қилганликларини ҳеч қачон унутмаймиз. Орадан 71 йил ўтди ва бугун замонавий дунё янги чақирувлар қаршисида турибди. Биз бу Улуғ Ватан Уруши хотираларини сақлаб қолмоғимиз ва келажак ёш авлодга етказмоғимиз даркор” – таъкидлади у.

Қирғизистонда бугун ғалабанинг 71 йиллиги байрамини 821 нафар уруш фаҳрийси нишонламоқда. Уларнинг сони ўтган йили 1200ни нафар ташкил этган эди. Фахрийларнинг аксарияти 90 ёшдан ошганлар ҳисобланади. Шунингдек, 7997 одам фронт ортида хизмат қилган фахрийлар ва жанг майдонидан қайтмаган инсонларнинг беваларидир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг