Қирғиз армиясида ҳалок бўлаётган аскарлар сони ортмоқда

Бишкекдаги Қалайнур Усенбеков номидаги ҳарбий институтнинг 19 ёшли курсанти ўлими қирғиз армиясидаги баҳсли мавзуни қайта жонлантирди.

Арстанбек ўғли Рустамнинг ўлими юзасидан Қирғиз Республикасининг Мудофаа Давлат Қўмитаси текширув олиб боради.

Қуролли Кучлар Бош Штабининг матбуот хизмати вакили Бақит Эргешбоевнинг сўзларига кўра, аскар ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетган.

“2015 йили Норин ҳарбий қисми тарафидан сафарбар этилган 19 ёшдаги кичик курсант Арстанбек ўғли Рустам 5 майда кечки пайт ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиб қолган. 6 майда Нориндаги уйида жасади топилди. Давлат Мудофаа Қўмитаси раҳбарияти мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказишни буюрди. Бош штаб бу ишни ўз назоратига олган. Текширувнинг олиб борилиши бўйича кейинроқ маълумот берилади” – дейди Бақит Эргешбоев.

Вафот этган аскар Арстанбек ўғли Рустамнинг яқинлари уни ўз жонига қасд қилишига ҳарбий ўқув муассасидаги муаммолар сабаб бўлганини айтадилар. Бундай иддаога аскарнинг ўлими олдидан ёзиб қолдирган хати далил бўла олади. Рустам ўқув институтининг токчасида қолдириб кетган хатида ўлимига 3 курснинг курсантлари айбдор эканини ёзган. Марҳумнинг акаси айтишича, укаси бунгача ҳам юқори курсдаги курсантларнинг азобларидан чарчаганини ишора қилган.

“Уйга келганида сўрасак, “ўқишдан чарчадим, ўқимайман” деди. Сабабини хатга ёзиб, институтдаги кўк шкафга солганини айтди. У ердаги болалар орқали хатни олгунимизча осилиб олибди. Кейин хатни ўқисак, “барчасига 3-курснинг курсантлари айбдор. Менга босим кўрсатган зўравонларни институтда ҳамма билади. Ўқишдан ўшалар ҳайдади. 7 майда Россияга кетаман, билет олдим” деб ёзиб қолдирибди” – дейди марҳумнинг акаси.

Мазкур ҳарбий институт раҳбарияти воқеа юзасидан текширув ўтказилаётганини маълум қилиб, уни изоҳламаяпти.

Тўрт йилда 62 ўлим

“Аскарлар оналари” уюшмасининг раҳбари Уулқан Байғубатова аскарлар ўз жонларига қасд қилади дейилгани билан, уларни бунга мажбур қиладиган холатлар синчковлик билан ўрганиб чиқилиши кераклигини таъкидлайди.

“Ўз жонларига қасд қилмоқдалар. Бироқ суицидга олиб бориш сабаблари мавжуд. Болаларни ўшанга мажбур қиладилар. Бундай ҳолатларда ҳарбий қисм раҳбарларини ишдан оладилар. Айбдорларни жазоламоқдалар. Бироқ вазият ўзгармаяпти. Бунинг учун комплексли чораларни кўрмоқлик зарур” – дея тушунтиради Уулқан Бағубатова.

“Қилим Шами” инсон ҳақлари ташкилотининг ўрганишлари сўнгги тўрт йилда хизмат ўтаётиб турли хил вазиятларда халок бўлган аскарларнинг сони 62 тани ташкил этишини, улардан 70 фоизи ўз жонига қасд қилганликларини кўрсатади.

Арстанбек ўғли Рустам жорий йилда вафот этган учинчи аскар. 4 майда Қора-Қўлда аскарлар муштлашуви оқибатида улардан бири олган жароҳати натижасида халок бўлган.

Йил бошида Балиқчи шаҳрида ҳам бир аскар ўққа учган. Кузатувчиларнинг фикрича, қирғиз армиясида хизмат ўтаётиб вафот этаётганларнинг кўпайишига зўравонларнинг жазосиз қолиши сабаб бўлмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг