Тожикистонда CASA-1000 лойиҳаси ишга туширилди

Пойтахт Душанбедан 60 километр узоқликдаги Турсунзода шаҳрида CASA-1000 энергетика лойиҳасини ишга туширишнинг тантанали маросими бўлиб ўтган.

CASA-1000 электр энергиясини Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга экспорт қилишни мақсад қилган лойиҳадир.

Янги электр қувватини узатиш тармоғи Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистонни бир-бирига боғлайди.

CASA-1000 лойиҳасининг умумий қиймати 1 миллиард 100 миллион доллардан зиёдга баҳоланмоқда.

Лойиҳа Қирғизистон ва Тожикистонда мавжуд гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр қувватини Афғонистон ва Покистонга узатиш учун 1200 километрлик янги электр узатиш тармоғини қуришни кўзда тутади.

Casa-1000 Қирғизистон ва Тожикистонга ёз ойларида ортиқча бўлиб қолган электр қувватини сотиш имкониятини беради.

Ва бу мамлакатлар қиш ойларида дуч келадиган энергия муаммосини ҳал этишга ёрдам бериши айтилмоқда.

Турсунзодадаги очилиш маросимида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Покистон Бош вазири Навоз Шариф, Афғонистон Бош вазири Абдулло Абдулло, Қирғизистон Бош вазири Сооронбай Жээнбеков қатнашган. CASA-1000 лойиҳасининг тантанали очилиш маросимига Қирғизистон ҳукумати расмий ҳайъатига Президент Алмазбек Атамбоевнинг раҳбарлик қилиб бориши хабар қилинганди.

Бу жаноб Атамбоевнинг Тожикистонга расмий сафари бўлиши, CASA-1000 тантанали маросими билан бирга Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида музокаралар ўтказилиб ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган эди. Лекин Президент Атамбоев Тожикистонга бормаган.

CASA-1000 лойиҳасини Жаҳон банки, Исломий Тараққиёт банки, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), АҚШ Давлат департаменти, Буюк Британия Халқаро ҳамкорлик вазирлиги(DFID) ва Австралия Халқаро Тараққиёт агентлиги(AusAID) молиявий қўллаб-қувватлайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ