Россия: муҳожирлар муштлашувида қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Полицияга кўра, муштлашув қабристондаги ишлаш ҳудуди устида келиб чиққан.

Москва полицияси хабар беришича, 14 май куни Москвадаги Хован қабристонида марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари оммавий муштлашуви юз берган.

Воқеа жойига етиб келган ОМОНчилар оломонни тарқатиш учун аввал ҳавога ўқ узганлар, сўнгра 50 кишини қўлга олиб кетишган.

Воқеада 400 дан ортиқ киши қатнашгани, ўқ отар қурол, темир бўлаклари, таёқлардан фойдаланилгани ва қурбонлар борлиги хабар қилинади.

Маълумотларга қараганда, икки киши ҳалок бўлган, бир нечтаси жароҳатланган. Вафот этган муҳожирнинг 22 ёшли Суҳроб Хушаков экани аниқланган.

Яна 24 киши касалхонага етказилган, баъзи яраланганларнинг аҳволи оғирлиги айтилган.

Хуқуқни муҳофаза қилиш ходимларининг Интерфакс агентлигига айтишича, жанжал икки этник гуруҳ ўртасида келиб чиққан. Муҳожирлар хизмат қиладиган худудларини талашганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

"Дастлабки маълумотларга кўра, ишчилар қабристон ҳудудидаги ўзлари ишлаётган майдонларни бўлиша олмаганлар", деб айтган ИИВ Москва бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Софья Хотина.

Унинг билдиришича, қотилликда гумонланган уч шахс ушланган. Улар воқеа жойидан автомобилда қочишга уриниб, икки кишини босиб кетганлар.

Ижтимоий тармоқларда муштлашув саҳналари акс этган сурат ва видеолар пайдо бўлган. Унда ёш йигитлар таёқ ва арматура бўлакларини кўтариб чопаётганлари кўринади. Гувоҳлар қабристон ичидан отишма овозларини эшитганларини айтганлар.

Воқеа жойига Москва полицияси ва ОМОН кучларининг бўлинмалари жалб қилинган. Қабристон атрофи ўраб олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Хован қабристонида бир қатор таниқли жиноий шахслар дафн этилган. Жумладан, Дед Ҳасаннинг қабри ўша ерда.

"Яндекс.Пробки" хизматига кўра, Хован қабристонига элтадиган йўлларда, Калуга шоҳ кўчасида кўп километрлик тиқилинчлар юзага келган.

РИА Новости мухбирининг хабар қилишича, қабристон томонга фақат махсус хизмат машиналари ўтказилмоқда.

Россияда меҳнат муҳожирларига миллатчи тақирбошлар ҳужумларидан ташқари МДҲ давлатларидан борган фуқароларнинг ўзлари доирасида ҳам оммавий муштлашувлар содир бўлиб туради.

Бундан олдин Москванинг Тестовская кўчасидаги "Москва-Сити" савдо мажмуаси олдида 450 дан ортиқ Ўзбекистон ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари муштлашуви юз берган. Шунингдек, ўзбек-қирғиз, қирғиз-тожик муҳожирлари ҳам асосан иш устида тортишиб, жанжалларни келтириб чиқарганлари хабар қилинганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondonb
  • • bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ