Азиза Абдирасулова: Президент Атамбаевни судга берамиз

Бишкеклик фаоллар Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевни судга бермоқчилар. Бу ҳақда “Қилим шами” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдирасулова бугун парламент биноси олдида ўтказилган норозилик намойишида билдирган.

Азиза Абдирасулова кўзида ёш ила: “Президент, айбим нимада? Исботла! Агар айбим бўлса, милиция ходимлари мени олиб бориб қамоққа ўтқазинглар. Сизлардан хафа бўлмайман. Нега президент уч ярим миллион аёлни табриклаб, Тўлейқан иккаламизни ҳақоратлайди? Атамбаевга нима ёмонлик қилдим?” – дея хафа бўлган.

Ҳуқуқ фаоли давлат раҳбари Алмазбек Атамбаевни судга бермоқчи эканликларини маълум қилди.

“Президент биздан расмий кечирим сўраб, айтган сўзидан қайтмаса, у ҳолда биз уни судга берамиз. “Қилим шами” ташкилоти 2003 йилдан бери турли хил йиғинларга қатнашиб, мониторинг қилиб келмоқда. Атамбаевнинг бу галги баёнотини шунчаки айтилган сўз қатори қабул қилиб, унга эътибор бермасликка ҳаракат қилдик. Бироқ унинг сўзи президентнинг расмий сайтида эълон қилиниб турибди. Демак, бу аввалдан тайёрланиб, айтилган фикр. Биз шунга норози бўлмоқдамиз” – дейди Азиза Абдиросулова.

Ўтган ҳафтада “Халқ парламенти” дея номланувчи янги мухолифат ташкилоти вакиллари ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилган деган айблов билан қўлга олинганлар. Мазкур ташкилотнинг 12 майда Бишкекда ўтказилган йиғинида инсон ҳақлари фаоллари Азиза Абдирасулова ва Тўлейқан Исмаиловалар ҳам иштирок этганлар.

14 майда Президент Алмазбек Атамбаев “Оналар куни” муносабати билан “Қаҳрамон оналар”ни табриклаётиб, “Халқ парламенти” аъзоларини “тинчликни барқарорсизлантирувчи халқ душманлари” деб атаган, уларнинг йиғинида иштирок этган ҳуқуқ фаолларини олган грантларини оқлаётган нодавлатчилар деб таърифлаган.

“Халқ парламенти” форумида кимлар иштирок этмади... Унда Талғарбеков бошчилигидаги акаевчилар, Қалматов раҳбарлигидаги бакиевчилар, Мотуев раҳнамолигидаги “ИШИДчилар” ва олган грантларини оқлаётган Тўлейқан Исмаилова, Азиза Абдирасуловалар бошчилигидаги нодавлатчилар қатнашди. У ерда “Халқ парламентимиз” деяётганлар, ортимизда хорижий давлат махфий хизматларининг генераллари, полковниклари туришибди, деб улардан пуллар келганини ўзаро мақтанмоқдалар. Барчасининг номи бир – сотқинлар. Ўз давлатини сотганлар” – дея баёнот қилган Президент Алмазбек Атамбаев.

Ҳуқуқ фаоллари президентнинг бу баёнотидан норози бўлиб, унга мурожаатнома йўллаб, кечирим сўрашни талаб қилганлар. Ўтган кунлар давомида президентдан жавоб олмагач, норозилик намойишини ўтказишга мажбур бўлганлар. Унда ўнлаб фаоллар қўлларида Қирғизистон конституциясидан ва инсон ҳақлари тўғрисидаги қонунлардан иқтибослар, президентдан ҳуқуқ фаолларига тазйиқларни бас қилиш чақириқлари ёзилган плакатларни ушлаб турганлар.

“Президент ҳуқуқ ҳимоячиларини айблаб, улар агент, ёмонликларни олиб келади, инсон ҳуқуқлари ёмон, деб айтавермасдан, ёқмаса Россиясига кетсин, бошқа ерга кетсин-да. Икки революцияда нима учун болалар қурбон бўлишди? Улар эркинлик ва адолат учун жонларини берганлар. Президент ўзи ҳам шундай деб келмаганмиди...? Оналарни иккига бўлиб, бирини мақтаб, уларга гул бериб табриклаб, иккинчисини эса қоралаб, Азиза иккаламизни ёмонотлиқ қилишга Атамбаевнинг қандай ҳаққи бор? Бизнинг ҳам оила, ота-онамиз бор. Жонкуяр фарзандларимиз, ҳамкорларимиз бор. Президент конситуцияни бузиб, бизга психологик ҳужум қилишга қандай ҳаққи бор? Барчасини тўхтатсин! Судга берамиз. Чет давлатдан пулни шу олаяпти. Давлат бюджети 60 фоизга дефолт бўлмоқда. Биз бева-бечораларга, қамоқларда ноҳақ ўтирганларга ёрдам бермоқдамиз. Ўтган сафар бекатда турсам, мени номаълум шахс бандит деб қўрқитиб кетди. Бу ҳаракатларини бас қилсин. Агар бандитлик сиёсатини хоҳлаётган бўлса, биз ундайлардан эмасиз. Биз ундайларни хоҳламаймиз. Сиёсатда криминал бўлмасин. Керак бўлса оқ уйда ҳам криминал ўтирибди” – дея кўзда ёш ила нола қилади Тўлейқан Исмаилова.

Парламентдаги “Бир бўл” сиёсий партиясидан депутат Чўлпон Жақупованинг фикрича, президентнинг ҳуқуқ фаоллари ҳақида бундай баёнот билан чиқиши нотўғри.

“Куни кеча парламентда “Хорижий агент” тўғрисидаги қонун лойиҳасини ўтмай қолишига ўз ҳиссаларини қўшган ҳуқуқ фаоллари ва фуқаровий жамият учун давлат раҳбарининг айтганлари зарба бўлди” – дейди депутат Чўлпон Жақупова.

Ҳуқуқ фаоллари хориждан молияланувчи нодавлат ташкилотларни “агент” дея номловчи қонун лойиҳаси Қирғизистонни тоталитар давлатга айлантиришидан хавотир билдириб келадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondonb
  • • bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг