Хитой Толибонга бас келоладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хитойнинг афғон можаросида янги минтақавий дипломатик воситачи бўлиш ташаббуси дуруст-қуруқ иш бермай туриб, янада қонли зўравонликлар ичида қолган Афғонистон расмий Пекинга қайта юз тутган.

Афғонистон ижроий раиси доктор Абдулло Абдулло Пекинга расмий ташрифи чоғида афғон можаросига сиёсий йўл билан ечим топишга қаратилган тинчлик музокаралари иш бериши учун Хитойдан ўз қудратини ишга солиб, минтақа давлатларига таъсир ўтказишини талаб қилган.

Хитой дунёнинг иккита ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси бўлиши баробарида, халқаро ҳарбий доираларда ҳар икки Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга, деб кўрилувчи Покистоннинг энг яқин иттифоқчиси саналади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, бундан ташқари, минтақадаги бошқа бир қудратли ўйинчи давлат - Ҳиндистонга нисбатан муносабатда бу икковлоннинг гео-сиёсий манфаатлари ва ҳамкорлиги бир нуқтада бирлашади.

Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати Хитой билан алоқаларининг ҳар қачонгидан кўра қизғин ва мустаҳкам эканини назарда тутиб, расмий Пекиннинг диққати такроран қаратилса, шу йил бошида ибтидо олган яна АҚШ, Афғонистон ва Покистонни ҳам ўз ичига олган тўрт томонлама янги тинчлик музокаралари амалий натижа беришига умид қилмоқда.

Аммо, энг қизиғи, Афғонистон ижроий раисининг Хитойдаги сўнгги талаби президент Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг афғон тупроғида жанг қилаётган деярли барча қуролли гуруҳларга нисбатан бир ярим йиллик сулҳу мадора сиёсатидан воз кечиб, ҳарбий танловга асосий урғу берилган янги стратегиясини эълон қилишидан қисқа вақт ўтмай кузатилган.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан кечган ўтган бир ярим йил эса, Афғонистонда Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён энг қонлиларидан бири бўлганди.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг орада дунёнинг қатор манфаатдор давлатлари кўмаги билан толибларни бевосита музокаралар столига келтириш уринишлари бирор бир самара бермай якун топганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Афғонистон Толибон ҳаракати, йилларки, хорижий қўшинлар афғон тупроғини буткул тарк этмас экан, бирор бир томон билан тинчлик музокаралари олиб бормаслигини таъкидлаб келади.

Хитой қандай фикрда?

Хитойдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, расмий Пекин афғон ҳукуматининг Толибон ҳаракати билан тинчлик музокараларида воситачилик қилишга ҳозир эканини яна бир бор баён қилган.

Бундан ташқари, Афғонистонда қайта тиклаш лойиҳаларини амалга оширишдан ҳам манфаатдор эканини айтган.

АҚШ етакчи мавқеъга эга ўтган 14 йил давомида эса, Хитойнинг Афғонистондаги иштироки асосан иқтисодий ва молиявий дастак шаклида бўлган.

Хитой ширкатлари бутун Афғонистон бўйлаб турли лойиҳалар, айниқса, кон соҳасидагисига катта миқдорда сармоя киритишган.

Ўтган ой эса, Хитой илк бор Афғонистон билан ҳарбий ҳамкорлигини ҳам кучайтириш истагида эканини баён қилганди.

Хитой яна президент Барак Обаманинг асосий урғу Осиё – Тинч уммони ҳавзасига берилган янги ташқи сиёсатига мувофиқ, АҚШ қадамининг ўз чегараларига яқинлашиши истиқболидан ҳам тинчини йўқотган.

Америкалик сиёсатшунослар эса, 21-асрнинг сиёсий ва иқтисодий тарихи асосан айни шу жўғрофий ҳудудда яратилади ва ёзилади, деган ишончда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Мамлакати қайта зўравонликлар гирдобига ботиб бораркан, Хитой Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғани Толибон билан тинчлик музокараларида дастагини сўраб, биринчилардан бўлиб сафар қилган дунёнинг иккита давлатидан биттаси бўлганди.

Президент Ғани бу масалада энг аввало расмий Пекиннинг Исломободга бўлган катта таъсири ва йирик иқтисодий қудратига кўз тикканди.

Ўз навбатида, ҳам ҳарбий ва ҳам иқтисодий жиҳатдан қанчалик қудратли бўлмасин, шундоқ биқинидаги Афғонистондаги вазиятнинг қандай тус олиши, йилларки, қолган аксарият минтақа давлатлари каби Хитойнинг ҳам диққат-эътиборидаги асосий масалалардан бири бўлиб келади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, расмий Пекин чегараоша арзон афюн оқими ва уйғур исломий бўлгинчилигининг янада кучайиб, Хитой миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан жиддий хавотирда.

Бироқ, бугун дунёда эгаллаб турган иқтисодий ва ҳарбий қудратига қарамай, бу масалада Хитойнинг нималарга қодир бўлишини савол остига олаётган таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.

Жумладан, минтақавий таҳлилчи Аҳмад Рашид ўзининг яқинда Би-би-си учун ёзган сўнгги таҳлилий мақолаларидан бирида Хитойнинг шу пайтгача ҳеч қачон ўзининг чегарасидан ташқарисидаги можароларда воситачи бўлиб кўрмаганига диққат қаратганди.

"Аччиқ тажриба"

Бошқа таҳлилчилар эса, ўтган 13 йил давомида Афғонистон Толибон ҳаракати билан тинчлик музокараларида воситачи бўлишга уринган Япониядан тортиб, Швейцария, Саудия Арабистони, Туркия ва Қатар давлатларнинг "аччиқ" тажрибасини мисол қилиб келтиришади.

Устига устак, улар шунча қудрати ва Афғонистонда ҳозир ўн минглаб ҳарбийлари билан Ғарб ва қатор минтақа давлатларининг бу йўлдаги уринишлари ҳам бесамар кетгани, уларнинг натижаси Толибон ҳаракати бу каби музокараларни ўз мақсадлари йўлида суиистеъфода этишини кўрсатганини айтишади.

Ўз навбатида, таҳлилчиларга кўра, айниқса, Покистон Толибон ҳаракати сафларининг қанчалар тарқоқлиги ҳам бу масалада воситачи давлатларга панд бермай қолмайди ва худди шу воқеълик расмий Исломободнинг уларга таъсири даражасини ҳам белгилайди. Яъни, сафлари парокандаликка юз тутган ҳаракатни бугун ҳеч ким назорат қила олмайди.

"Ҳаракат энди пайдо бўлгандаги марказлашув ҳозир мавжуд эмас. Мулла Муҳаммад Умарнинг ўлими ортидан қудратга келган лидерлари бугунги кунда ҳаракатни тўлақонли назорат қила олишмайди. У ерда ҳам мафкуравий, ҳам иқтисодий ва ҳам минтақавий манфаатлар тўқнашган. Жуда ҳам кучли тўқнашган", - дейди, жумладан, Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"1996 йилда пайдо бўлган толиблар, бугунга келиб, биргина Покистоннинг ўзида битта ҳаракатдан 50 га яқин гуруҳга айланди. Бу гуруҳларнинг ҳаммаси Толибон бренди астида фаолият юритади. Аммо уларнинг орасидаги координация анча заиф ва ўртада зиддиятлар ҳам бор. Шу боис ҳам, бу масалада расмий Исломободнинг ролини мутлақлаштириш, Покистон афғон можаросини ҳал қила олади дейиш бу - вазиятни жуда ҳам соддалаштириш бўлади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Таҳлилчиларнинг наздларида яна Хитой ўз режаю ташаббусларида самимий бўлиши мумкин, аммо Толибонга катта таъсирга эга Покистонга ўхшаш минтақа давлатларининг бунга қанчалик сидқидилдан ҳозир эканликлари бу ўринда муҳим ўрин тутади.

Покистон томони эса, ҳозирча, сўнгги янгиликка бирор бир расмий муносабат билдирмаган.

Аммо ўтган йил Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ошкора баёнот билан чиқиб, Афғонистон томонини учинчи бир давлат воситасида ўзларига босим ўтказишга ҳаракат қилмаслик билан огоҳлантирганди.

Энг сўнггида шуни ҳам эътироф этиш жоизки, шунча давлатнинг Афғонистондаги шунча йиллик "тажрибаси"дан келиб чиқиб, бугун ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчилар орасида 35 йиллик афғон можаросининг ечими қандай бўлишини ҳозир ҳеч ким билмаслигига оид хулосага келиб бўлганлари ҳам оз эмас.

Устига устак, минтақавий таҳлилчиларга кўра, яқин-яқингача жангари гуруҳлар билан сулҳу мадора истагида эканини ошкора ва расман баён этиб келаётганига қарамай, Афғонистон янги миллий бирдамлик ҳукумати орада тузук-қуруқ тинчлик режасини илгари сурмаган.

Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга, деб кўрилувчи Покистон ҳукумати, Жосуслик Хизмати ва ҳатто, Хитой ҳам афғон ҳукуматининг шахсан ўзи бу каби режа билан чиққан тақдирдагина, тинчлик музокаралари масаласида Афғонистонни қўллашга ваъда беришганди.

Аммо Хитой...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Расмий Пекин Толибон муаммосига ечим топиш истагини 2014 йил ноябр ойида ошкора баён қиларкан, орадан қисқа вақт ўтмай, ҳаракат махсус ҳайъатининг Хитойда бўлганига оид хабарлар олинганди.

Агар, толибларнинг ўз сўзларига таянилса, ўз сафарлари давомида Хитой томонига фақат "Исломий Амирликнинг мавқеъини тушунтириб қўйишган", холос.

Аммо Пекинда томонлар айнан нималарни муҳокама этишгани ва қандай қарорга келишгани тафсилотлари шу пайтга қадар маълум эмас.

Ўзининг афғон можаросига янги минтақавий дипломатик воситачи бўлиш истагини изҳор этаркан, расмий Пекин бу йўлда иқтисодий қудратини ҳам ишга солишини баён қилган.

Афғонистон, Покистон ва Толибон ҳаракатини музокаралар столига келтириш учун минтақада қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ лойиҳаларга қўл уриш режасида эканини ҳам билдирганди.

Толибоннинг мафкуравий ҳаракат эканига диққат қаратаркан, Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимов худди шу омил бу масалада Хитойга панд бермай қолмаслигини таъкидлайди.

"Толибларнинг Хитойга нисбатан ишончсизлиги бошқа давлатлар билан солиштирганда юқори. Яъни, бу ерда Уйғуристон масаласи - толибларнинг тафаккурида жиддий бир омил бўлиб хизмат қилади. Улар бу масалани ҳа, деганда тилга олишмаса-да, доимо ёдда тутишади. Шунинг учун ҳам, улар Хитойнинг афғон можаросидаги дипломатик ролига кучли ишонч билан қарашади, деб ўйламайман. Яъни, Хитойнинг Афғонистон масаласидаги роли иқтисодий ва молиявий нуқтаи назардан қанчалик аҳамиятли бўлмасин, лекин толибларга тўғридан-тўғри ёки Покистон орқали таъсир кўрсатиш имкониятлари, албатта, чекланган", - дейди таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шу йил бошида илк бор қудратли Хитойни ҳам ўз ичига олувчи ва афғон можаросига ечим топишга қаратилган АҚШ, Афғонистон ҳам Покистон иштирокида янги тўрт томонлама музокаралар бошланган.

Бир неча ой танаффус билан бўлиб ўтган икки давра музокаралар ортидан, яқинда Толибон ҳаракати ва афғон ҳукумати ўртасида юзма-юз мулоқотларга замин ҳозирланган.

Аммо ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда бирдек кузатилган қонли зўравонликлар бу режанинг ҳам чиппакка чиқишига сабаб бўлганди.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг афғон можаросига оид яқинда очиқлаган янги стратегиясининг амалда қанчалик иш беришини ҳам шубҳа остига олади.

"Биз биламизки, 2001-2005 йиллар оралиғида толибларга нисбатан фақат қурол-куч ишлатиш йўли билан муносабатда бўлинди. Бутун Ғарб бошчилигидаги коалиция ишга солинди. Вашингтон билан Исломободнинг ҳамкорлиги анча бир юқори даражага чиқди. Мана шундай бир пайтда ҳарбий йўл билан толиблар буткул маҳв этилмадики, энди, албатта, йўқ қилиб бўлмайди", - дейди у.

Суҳбатдошимиз наздида, афғон можароси, толиблар муаммоси бундан буёғига ҳам ана шундай зиддиятли, низоли бир кўринишда давом этаверади.

"Тафаккури назарда тутилса, толибларнинг тинч йўл орқали сиёсатда иштирок этишга мойиллик билдиришларига ишониш қийин. Бу - биринчи муаммо. Иккинчидан, уларни ҳарбий йўл билан йўқ қилиш мумкин эмас. Чунки толиблар жамиятдан озиқланади. Учинчи омил шундаки, Афғонистондаги асосий зиддият чизиғи бу - дин ва дунёвийлик эмас, бу - этник тўқнашувлар аслида. Яъни, толиблар пуштун миллатининг манфаатчиси сифатида, барибир, сиёсий майдонда қолаверади. Уларнинг зеҳниятида жуда яширин бўлса-да, бошқа миллатларга нисбатан ишончсизлик ҳисси ниҳоятда кучли шаклланган".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

<span >

Бу мавзуда батафсилроқ