Саккиз йиллик бегуноҳ ‘қотил’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Кўпчиликнинг ақлини шоширган бу каби ғайриодатий ҳодиса қўшни Афғонистоннинг ғарбий Ҳирот вилоятида юз беради.

Қотилликда айбдор, деб топилиб, саккиз йил умрини қамоқхонада ўтказган Абдулқодир авф этилиб, озодликка чиқадию, ўзи ўлдиргани иддао қилинган турмуш ўртоғини тирик топиб олади.

Абдулқодир рафиқаси Нажибанинг гўзаллик салонига ўт кетиб, у ердан бир аёл кишининг таниб бўлмас даражада куйиб кетган жасади топилиши ортидан ҳибсга олинади.

Масъул полиция ходимлари бу туришида жасаднинг шахсини аниқлашдан ожиз қолишади.

Нажибанинг отаси эса, куйган жасад қизиники экани ва гўзаллик салонига куёви Абдулқодир ўт қўйганини айтиб, полиция идорасига шикоят қилади.

Қайин отаси ва қайин оғаларининг судда берган гувоҳликлари ортидан, Ҳирот маҳкамаси Абдулқодирни “қотиллик”да айбдор, деб топади ва 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этади.

Аммо ҳам тергов ва ҳам маҳкама жараёнида тўрт фарзанднинг отаси бўлган Абдулқодир ўзига қўйилаётган айбларга иқрор бўлмайди.

Ҳирот қамоқхонасида маҳкама ҳукмини ўташни бошлаган Абдулқодир қарийб саккиз йил деганда авф этилади ва ўтган ой озодликка чиқади.

Ўтган ҳафта эса, Абдулқодир кутилмаган телефон қўнғироғи олади.

Унга қўнғироқ қилган аёл муҳим гапи борлигини айтиб, Абдулқодирнинг Ҳирот Жомеъ масжиди хиёбонига келишини сўрайди.

Абдулқодирнинг, “Кимсиз?”, деган саволларини эса, бежавоб қолдиради.

Учрашув жойида ўзининг ниқоб ва қора чодирда бўлишини айтиш билангина чекланади.

Нотаниш аёлнинг қўнғироғидан фарзандлари ва укасини бохабар этгач, Абдулқодир аёл тайин этган жойга боради.

“Жомеъ масжидига бориб, у нотаниш аёлни топдим. Аввал айтганидек, юзига ниқоб тортилган, бошига эса, қора чодир ташланган эди. Олдига бордим. Жойидан туриб салом берди. “Мени танидингми?”, деб сўради. “Йўқ”, дедим. Яна қайта сўради. Шунда ҳам танимаганимни айтгач, бир хилват жойга борайлик дейди. Бордик. Юзидаги ниқобини олди. Қарасам, турмуш ўртоғим. Ҳаяжонланиб, ҳайратдан қотиб қолдим. “Сен ўлгандинг-ку”, - деб айтдим. У бўлса, холироқ бир жойда ҳали ҳаммасини сенга айтиб бераман, деди”, - дейди Абдулқодир.

Турмуш ўртоғининг тирик эканига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлган Абдулқодир бу ҳақда зудлик билан полиция ходимларига хабар беради.

Улар эса, Нажибага қўшиб, унинг отаси ва уч биродарини ҳам ҳибсга олишади.

Бегуноҳ эканига қарамай, умрининг қарийб саккиз йилини қамоқхонада ўтказган Абдулқодир “менга қилган зулм-ситамлари учун айбдорлар ўз жазоларини олишсин, адолат қарор топсин, ўзим, турмуш ўртоғим ва фарзандларимнинг ҳақлари берилсин”, - дейди.

Унинг тўнғич қизи ҳам юз берган ҳодисада онасининг ҳеч бир айби йўқлиги, бобоси, бувиси ва тоғалари ҳамиша онасига таҳдид қилиб келишганини айтади.

“Бу можарода онамнинг ҳеч бир айби йўқ. Давлатдан истагимиз онамни қўйиб юбориб, бунинг ўрнига, уларга жазо берсин”, - дейди у.

Абдулқодир ишсиз ва ҳозир тўрт фарзанди билан укасининг уйидан бошпана топган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Полиция ходимлари Нажиба дохил қўлга олинганлар устидан аллақачон тергов жараёнини бошлаб юборишган эса-да, саккиз йил бурунги ёнғин ортидан топилган жасад кимники экани ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Ҳирот вилояти Полиция бошқармаси матбуот воизининг билдиришича, ҳибс остидаги олтовлондан ҳеч бири бу ёнғинга масъулиятни ўз зиммаларига олишмаган.

Маҳаллий ҳуқуқшуносларга кўра, юз берган ҳодиса ортидан, давлат етказилган моддий ва маънавий зиён учун Абдулқодирга товон пули тўлаши лозим.

Аммо, Ҳиротдаги мухбиримиз Ҳумоюн Ҳадиднинг айтишича, ҳозирча, Абдулқодир бир тийин ҳам олмаган.

Ҳирот Ҳимоячилар анжумани ташкилоти масъули унинг ишини вилоят прокуратураси ва маҳкамасида қайта кўтариш истагида эканини маълум қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ