Москва қабристонидаги муштлашув бўйича 12 киши ҳибсга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Москва маҳкамаси 14 майдаги Хованское қабристонидаги оммавий муштлашув юзасидан яна уч кишини ҳибсга олиш қарорини қабул қилган.

Шу билан қабристондаги зўравонлик сабаб қўлга олинганларнинг сони 12 га етган.

Бундан олдин тўққиз киши ҳибсга олинган, улар орасида йўл-патрул хизматининг собиқ ходими ҳам борлиги хабар қилинган.

Хованское қабристонида дафн маросимларини ташкиллаштириш хизматларини кўрсатган "Ритуал" ширкати бўлими раҳбари Юрий Чабуев ўз лавозимидан бўшатилиб, унинг ушбу муштлашувни ташкиллаштиришга алоқадорлиги ўрганилаётганини айтишган тергов органлари ходимлари.

Юрий Чабуевга айблов илгари суриб ҳибсга олиш ёки эркинликда қолдириш қарорини шу кунларда маҳкама қабул қилиши кутилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси қонли ҳодиса юзасидан учта банд бўйича жиноят иши очган.

Булар - гуруҳ бўлиб икки ёки ундан ортиқ инсонни ўлдириш, ноқонуний қурол олиб юриш ва гуруҳ бўлиб безорилик қилиш бандлари.

Ўтган шанба куни Москванинг Хованское қабристонида кўп сондаги инсонлар иштирокида муштлашувюз берган.

Айрим хабарларда тўқнашув иштирокчилари сони 200 тача бўлган.

Тўқнашувда ўқотар қуроллардан ҳам, тўқмоқ ва арматура таёқларидан ҳам фойдаланилган.

Оқибатда уч инсон ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши жароҳат олган.

Ҳодиса жойига етиб борган полиция 90 кишини ҳибсга олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россия Ички ишлар вазирлиги хабар қилишича, муштлашувда қабристонда ишга ёлланган ноқонуний муҳожирлар қатнашган.

Айрим хабарларда эса қабристондаги хизмат кўрсатиш ҳудудларини тақсимлаб олиш масаласида келишолмаган мигрантлар ўртасида зиддият келиб чиққани айтилган.

Россия матбуотининг эса ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларга таяниб хабар қилишларича, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари қабристонда ишлайдиган ишчилардан ўз даромадларининг бир қисмини беришни талаб қилган, бу талаб рад этилиши ортидан тўқнашув келиб чиққан.

Бу тўқнашувни Россия Интернет фазоси ва матбуотда "Кавказ мафияси билан гастарбайтерларнинг" муштлашуви деб таърифлашган.

Ўзининг Твиттердаги саҳифасида Россия Тергов Қўмитаси вакили Владимир Маркин, "гап миллатда эмас, криминал бизнеснинг жўн бўлиб олинишида", деб ёзган.

Хованское қабристонида ишлаб пул топиб келганларнинг аксари Марказий осиёликлар бўлганлар.

Шанба кунги ҳодисада ҳалок бўлган уч инсоннинг Тожикистонда туғилиб ўсгани хабар қилинган.

Тожикистон парламенти ҳайъати Москвага бориб Россия расмийлари билан музокара ўтказишни мақсад қилган.

Матбуотда қабристондаги қонли тўқнашув рўй бермаслиги мумкин эди, деган мақолалар эълон қилинмоқда, Ўзбек ва ўзбекистонликларнинг Бутунроссия конгресси тарқатган баёнотида ҳам айтилишича, Россия ҳудудида қонуний ишга ёлланиш бундай кўнгилсиз ҳодисалар олдини олади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ