'Исломий давлат' байроғини осгани учун' қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тожикистон маҳкамаси икки душанбеликни шаҳардаги туманлардан бирида "Исломий давлат" жангари гуруҳи байроғини осгани учун олти ва тўрт йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этди.

Маҳкама 21 ёшли Даврон Қурбонов ва 17 ёшли Қудрат Насруллаевни конституцион тизимни куч билан ағдаришга чақирганликда айбдор деб топган.

Жиноий ишдаги маълумотларга кўра, Даврон Қурбонов пойтахтдаги интернет кафолардан бирида ишлаб келган ва у ерда ИД жангари гуруҳи томонидан суратга олинган видеони томоша қилган.

Унинг ўзи ИШИДнинг қора байроғини ясаган ва 28дан 29 августга ўтар кечаси Душанбедаги кўприкларлардан бирига осган, дейилади айбловда.

Тожикистон ҳукуматига кўра, Суриядаги жангларда 500 дан 1000 нафаргача тожикистонлар иштирок этмоқда. Шу билан бирга, расмий хабарларга биноан, 150 дан ортиғи ҳалок бўлган.

Сурияда Ассад кучларига қарши ҳаракатларга қўшилиш учун Марказий Осиёдан, хусусан Тожикистондан ҳам фуқаролар кетаётгани, уларнинг асосан 19-45 ёшлар атрофида экани айтилади. Хавфли сафарга баъзилар оиласи, хотин ва болаларини олиб кетаётгани тўғрисида ҳам хабарлар чиққан.

Маълумотларга қараганда, Тожикистон фуқаролари Сурияга Россия, Покистон, Туркия ва Афғонистон ҳудуди орқали етиб борадилар.

Улар Россия ва қатор давлатларда тақиқланган ИД сафига кирмоқдалар, дейилади расмий хабарда.

Кейинги пайтларда ИД учун одам ёлловчилар Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасидан янги тарафдорлар топишга ҳаракат қилаётгани айтилади. Ушбу ҳолат Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг хавотирига, шунингдек, Афғонистон, Покистон билан чегараларда хавфсизлик чораларини кучайтиришга сабаб бўлган.

Тожикистонда охирги ойларда диний, экстремистик ташкилотларга аъзолик айблови билан ўнлаб кишилар қамалган.

Олдинроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Москва ва Душанбеда 9 май тантаналари давомида қўпорувчилик амалларини режалаган гуруҳ қўлга олинганини билдирганди.

Орада тўрт кун ўтиб, Душанбе аэропортида яна бир киши ИШИДга аъзоликда гумон қилиниб ҳибсга олинган.

Унинг кўрсатмаларига биноан Қабодиён туманида яна уч киши ушланган.

Ички ишлар вазирлигига кўра, қўлга олинганларнинг бари ИШИД аъзолари бўлишган.

Кузатувчилар ҳеч бир айбсиз кишилар диний айбловлар билан қамалаётганини хавотир билан таъкидлайдилар.

Ўтган йил Тожикистондаги асосий мухолиф куч бўлган, расман фаолият қилиб келаётган мўътадил Ислом Уйғониш партиясининг “террорчи” ташкилот қаторига киритилиши ортидан юзлаб кишилар қамоққа ташланган.

Шу билан бирга, ишсиз ва истиқболсиз ёшлар орасидан радикал оқимларга кириб кетаётганлар сони кўпаётгани ҳам бор гап.

Мустақил журналистлар, маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг фаолларига кўра, айни қама-қамалар ортида асосан президент Раҳмоннинг мухолифларини йўқ қилиш истаги турибди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ