Одноклассникидаги суратни ёқтиргани учун бир йиллик шартли жазо

Ўш шаҳар маҳкамаси Одноклассники Интернет порталида Рашод Қори Камоловнинг суратини "ёқтиргани" учун Абдуллоҳ Нурматовни экстремистик материални сақлаш бандида айбдор деб топган ва бир йиллик шартли жазо тайинлаган.

Ўш: Абдуллоҳ ok.ru даги суратни ёқтиргани учун судланмоқда

21 ёшли Қорасув шаҳри яшовчиси Абдуллоҳ Нурматов ўтган йилнинг 10 сентябри куни Қирғизистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Ўша куни унинг уйида тинтув ўтказилган.

Абдуллоҳ Нурматовнинг ҳибсга олинишига 20 август куни Одноклассники социал тармоғида ҳозирда экстремизмда айбланиб 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган таниқли имом Рашод Қори Камоловнинг суратларига “класс” белгисини қўйгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Абдуллоҳ Нурматовнинг ўзи эса 20 август куни милиция ходимлари томонидан ҳибсга олингани, ОК.RU даги паролини айтишни талаб қилганлари, айтмагани учун қийноқларга солганидан шикоят қилган.

Ҳимоячиси Ҳусанбой Салиев тергов ва маҳкама жараёнида қатор қонун бузилиши ҳоллари рўй берганини айтган.

“Абдуллоҳни экстремистик маълумотларни сақлаганликда айблаяптилар. Бироқ, унга етарли далил ва исботлар йўқ. Милиция ҳодимлари ҳимоямиздаги инсоннинг “Одноклассники.ру” ижтимоий тармоғидаги маълумотларни ҳеч бир суд қарорисиз, ноқонуний олганлар. Қирғиз Республикаси конститутциясининг 29 моддаси: “Ҳар бир инсон, махфий электрон ва бошқа турдаги ёзишмалар ҳуқуқига эга. У фақат суд қарори асосидагина чекланиши мумкин”, дея қайд этилган”, дейди ҳимоячи Ҳусанбой Салиев.

Унинг сўзларига кўра, ҳимоячилар юқоридаги қонунбузарликлар юзасидан судга ариза билан мурожаат қилганлар. Бироқ, ҳакам ушбу ҳолатни инобатга олмай, жараённи бошлаган.

Абдуллоҳ Нурматовнинг “Одноклассники”дан олинган маълумотлари “Қирғизистон Дин ишлари бўйича қўмита”си экспертизасидан ўтказилган.

У ўзининг бирор бир диний ташкилотга аъзо эканлигини рад этган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ