Тожикистонда референдум ўтказилган деб ҳисобланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Persian Dushanbe

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси билдиришича, конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича умумхалқ референдуми ўтказилган деб ҳисобланди.

Тожикистонда сайлов ва референдум бўйича Марказий комиссия маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 12 да 2 миллион 933 минг 812 киши ёки жами сайловчиларнинг 66 фоизи овоз бериб бўлган.

Референдумнинг дастлабки натижалари душанба куни эълон қилинади.

Асосий қонунга ўзгартиришлар жорий Президент Имомали Раҳмонга чекланмаган муддат қайта сайланишни таъминлайди.

Шунингдек, президентга номзодлар учун белгиланган ёшни 35 дан 30 ёшгача пасайтиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj

Қабул қилинган ўзгартиришлар Президент Раҳмоннинг катта ўғли Рустам Имомалига 2020 йил, агар отаси ҳокимиятдан кетишни истаса, ўз номзодини президентликка қўйишга имкон беради.

Бундан ташқари, ўзгартириш ва қўшимчалар диний асосдаги сиёсий партия ва бирлашмаларни ташкил қилинишини тақиқлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Persian Dushanbe

1994 йил Президент Раҳмон томонидан қабул қилинган амалдаги конституцияга биноан, Имомали Раҳмон 2020 йилдан кейин ўз номзодини сайловларда қўйа олмайди. Бунгача Тожикистон конституцияси икки марта ўзгартирилган, 2010 йилги ўзгартириш Раҳмонга 2020 йилгача қудратга қолишга йўл очганди.

Кузатувчилар фикрича, навбатдаги референдум ўтказиш қарори жорий Тожикистон ҳукуматини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш истагидан келиб чиққан. Бироқ Марказий Сайлов комиссияси бу нуқтаи назарга қўшилмайди. Расмийларга кўра, референдум "тарихий зарурият" бўлиб, "давлатчилик асослари ва демократия"ни мустаҳкамлайди.

Тожикистоннинг айни пайтда хориждаги мухолифати аъзолари референдумни "шармандалик ва халқни алдаш" деб атаб, уни бойкот қилишга чақирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ