Қозоғистонликлар нега Хитойдан бунча қўрқадилар?

Қозоғистоннинг бир неча шаҳарларида Ер кодексидаги ўзгартиришларга қарши шанба куни бўлиб ўтган норозилик намойишлари юзлаб одамларнинг ҳибсга олиниши билан якун топди.

Одамларнинг норозилигига асосий сабаб Ер кодексининг хорижликларга мамлакатдаги ҳосилдор ерларни 25 йилга ижарага бериш рухсати эди.

Ушбу қонун ўтган йили ноябр ойида қабул қилинган ва 2016 йил июлидан кучга кириши кўзда тутилган эди.

Норози қозоғистонликларнинг асосий хавотири Хитой каби қўшни мамлакатлардан сармоячилар келиб, ерларни сотиб олишларидир.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 5 май куни Ер кодексининг тўрт бандига мораторий жорий этгани ҳақида эълон қилганди.

"Мен қарор қабул қилдим: Ер кодексининг жамоатчилик резонансига сабаб бўлган қатор нормалари, аниқроғи, ўтган йили қабул қилинган тўрт нормаси кучга киришига кейинги йилгача мораторий қўйилади", - деб айтганди Президент Назарбоев.

Аммо, бу норозиликларни сўндира олмади. Ундан ташқари, қозоғистондаги таҳлилчиларга кўра, халқ орасида ҳукуматдаги мансабдор шахсларнинг порахўрлиги, "Панама қоғозлари" фош қилган коррупцион ишларга аралашгани ва нефть нархининг тушиб кетиши орқали юзага келган қийин иқтисодий аҳволдан норозиликлар кучайганди.

Би-би-си асли олмотилик, ҳозирда Остонада ишлаётган мустақил журналист Дина Жансағимовадан аввало бугунги кайфият ҳақида сўради.

Жансағимова: Остонанинг ўзига хос кайфияти бор, чунки бу пойтахт, давлат бошқаруви мана шу ерда амалга оширилади. Бугун мана тўлиқ иш куни, одамлар дам олиш кунлари бўлган хавотирларни бироз унутишди. Норозиликлар асосан Олмоти ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларидаги жамоатчиликни кўчаларга олиб чиқди. Пойтахтда эса, аниқ рақамларни айтолмайман-у, лекин 50 фоиз аҳоли ё давлат органларида ёки давлат билан яқиндан ишловчи хусусий секторда ишлайдилар. Қолган аҳоли эса узоқ овуллардан келган одамлар, улар хизмат кўрсатиш билан кун кўрадилар. Умуман айтганда, ҳукуматга қарши эмаслар. Остонада шанба куни анча тинч кун бўлган бўлса-да, одамлар жуда безовта бўлишаётганди. Чунки улар минтақамизда ва умуман дунёда бўлаётган воқелардан хабардор бўла туриб, ўзимизнинг Қозоғистонда ҳам қандайдир инқилоб ёки давлат тўнтариши юз бериши, нотинчликлар юзага келишидан жуда-жуда қўрқадилар. Шунинг учун, Остонада ҳам, ва асосан Олмотида жуда қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилди. Умуман олганда, одамлар қандайдир намойишга чиқиш у ёқда турсин, ҳатто ўз шахсий муаммоларини ечишга жуда қўрқадилар. Ким биландир жанжал қилиш керакмикан, деб етти марта ўйлаб кўрадилар.

Би-би-си: Лекин, айни дамда Олмотида кўчаларга чиққан одамларнинг ўзларини қандай тутганларига қарасак, уларнинг ҳеч нимадан қўрқмаётганлари намоён бўлади. Ҳатто аёллар милиция билан олишиб, жанжаллашишди. Милициядан қўрқмай минг нафарча одам кўчага чиқди. Нимага бунчалар қизиган эди бу одамларнинг ҳиссиётлари?

Жансағимова: Олмоти бу мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги умуман бошқача бир манзара. Жамоатчилик масалаларига келганда, олмотиликлар жуда фаол халқ. Олмотиликлар орасида эркинликка иштиёқ кучли, ўз хавфсизлиги ёки иш жойидан хавотирга тушиш кенг тарқалмаган. Олмотида одамларнинг кўчага чиққанлари жуда муҳим воқеа бўлди. Чунки бу билан бурилиш нуқтаси юз берди. Гап шундаки, Ер кодексига ўзгаришлар бир неча ой олдин киритилганди. Ўтган шанба куни юз берган намойишлар эса фақат Ер кодексига боғлиқ эмас эди. Ер кодекси шундоқ ҳам халқ орасида томчилаб-томчилаб йиғилиб келаётган норозиликка туртки бўлди, холос. Аслида Олмотида бўлган намойишлардан ҳеч ким ҳайрон бўлмади, аксинча, кўплар ҳурсанд бўлишди. Яна бир ҳурсанд қилган жиҳати шу бўлдики, биз ҳукумат кучлари томонидан янада қаттиққўлроқ реакция бўлишини кутгандик, лекин бу юз бермади. Бу намойишларни учинчи томон уюштирди деган қарашлар нотўғри, аслида бу ҳақиқий халқ норозилиги эди.

Би-би-си: Айнан қандай учинчи томон ҳақида гап кетяпти?

Жансағимова: Ҳукуматга хайрихоҳ матбуот жуда фаоллик билан давлат тўнтарувига тайёргарликлар бўлгани ҳақидаги иддаоларга далил-исботни топишга киришган. Гўёки Олмотидаги канализация қувурларида милиция портловчи моддалар, Молотов коктейллари, арматурларни топгани ҳақида хабар тарқатилди. Лекин, аксарият халқ бунга ишонмайди. Учинчи куч борлигига ҳам ишонмайди. Чунки Қозоғистоннинг ўзидаги муаммолар йиғилиб қолган ва ана шу муаммолар ечими талаб қилиняпти. Албаттаки, бу фурсатдан фойдаланиб қолувчи учинчи томон ҳам ишга тушиши мумкин, лекин мен ҳозир мавжуд бўлган жамоатчилик фикрини сизга айтадиган бўлсам, одамларнинг кўпчилиги ҳеч қандай учинчи кучлар ҳақидаги гапларга ишонишмайди.

Би-би-си: Хитойга қарши бўлган ҳис-туйғуларга келсак. Кўп намойишчилар Хитойга қарши шиорлар айтишаяпти, милицияни "Хитой малайлари" деб ҳақорат қиляпти. Умуман, Қозоғистон халқи Хитойдан шунчалар қўрқадими? Нега бу каби ёвқараш мавжуд?

Жансағимова: Ҳа, бу бор нарса. Гап шундаки, бу ёвқараш Ер кодекси туфайли эмас, балки охирги ўн йиллар давомида шаклланган. Қозоқлар онгида Хитойдек қудратли мамлакат билан қўшни бўлиш хавфли нарса деб кўрилади. Ҳамма бизда билади, Хитой тинч давлат, унинг йирик иқтисоди бизга ҳам жуда катта имкониятлар яратади. Салоҳият жуда катта, ва бу салоҳият ҳозирда сармоялар ва савдо билан ҳаётга тадбиқ ҳам этиляпти. Аммо, шунга қарамай, Хитойдан қўрқув хисси қозоқларга она сути билан кириб, сингиб кетган. Мен Би-би-сининг қозоқ хизматида ишлаганимда, эслайман, Хитойнинг Қозоғистонга таъсири ҳақида дастур тайёрлагандик. Қозоғистоннинг ҳар бир бурчаги, Остонадан тортиб энг чекка ҳудудларида ҳам одамлар орасида Хитойдан қўрқув борлигига гувоҳ бўлгандик. Хавотир шуки, Хитой ўзининг йирик сонли аҳолиси, устивор технологияси, тарихий ва маданий устиворлиги билан Қозоғистон ривожига путур етказиши мумкин. Хитойнинг устиворлигини инкор этиб бўлмайди, ва агар Қозоғистонга кириб келишни хоҳласа, бемалол кириб келади, ва кириб келиб бўлди ҳам. Лекин, бу ҳамкорлик икки томонлама шартномалар асосида қилинмоқда. Халқ орасида эса, барибир, хавотир мавжуд.

Би-би-си: Президент Назарбоев ва унинг атрофидагилар халқ онгидаги мана шу хавотирдан хабардорми? Агар хабардор бўлса, буни била туриб, нега уни ҳисобга олмайди? Агар Ер кодексига ўзгартиришлар халққа ёқмаса, нега уларни бутунлай бекор қилмайди?

Жансағимова: Гап шундаки, Ер кодексида хорижликларга, ёки айнан хитойликларга ер сотилиши кўзда тутилмаган. Таҳлилчилар ва иқтисодчилар Ер кодексига киритилган бу ўзгаришларни асосли деб биладилар. Уларнинг фикрида, ерни ижарага бериб бозорга чиқариш нормал нарса, чунки бундан давлат ғазнаси фойда кўради. Ҳукумат халқ хавотирларини билади, чунки шу қонун ташаббуси билан чиққан ҳукуматдаги одамлар ҳам шу халқ орасидан чиққан. Лекин, айни дамда улар омма фикрини олдиндан тўғри баҳолай олмадилар. Бу яққол кўзга ташланяпти. Президентнинг ўзи ҳам ўз чиқишларида айтдики, қонунга ўзгартиришлар матбуот орқали жамоатчиликка тўғри тушунтириб берилмади. Бир овоза бўлиб кетган гап шу бўлдики, "йигитлар, қаранглар, ерларимизни жуда узоқ муддатга чет элликларга ижарага беришаркан!" Ва табиийки, биринчи ўринда одамларнинг кўз олдига хитойлик ер эгалари, тадбиркорлар ва сармоядорлар келди. Мана шу асно ваҳима пайдо бўлди. Ер масаласи Қозоғистонда жуда мураккаб масала ҳисобланади. У жуда кўп жанжалларнинг сабаби бўлиши салоҳиятига эга. Шунинг учун ҳам у жамоатчилик орасида кескин муносабатга сабаб бўлди ва бошқа масалалар, хусусан ҳукуматнинг коррупциялашганига қарши норозиликларни ҳам юзага олиб чиқди.

Би-би-си: Айни дамда афтидан қозоқ жамоатчилигини ичида ҳам баъзи бўлинишлар кўзга ташланяпти, у ҳам бўлса "нағиз қозоқлар" ва руслашган қозоқлар орасидаги фарқлар. Баъзи шаҳарликлар намойишчиларни "қишлоқлардан келган, ўқимаган" қозоқлар дея ерга уришаяпти. Сизнинг кўзингизга ташландими бу каби бўлинишлар?

Жансағимова: Афсуски, ҳа. Бу сир эмас. Остона ва Олмоти асосан русийзабон шаҳарлар, ва улар вилоятлардан маданий жиҳатдан ажралиб турадилар. "Нағиз" дегани ҳақиқий, асл дегани, яъни ҳақиқий миллий қозоқлар назарда тутиляпти. Шаҳарлик ва русийзабон қозоқларни эса "асфальт қозоқлари" деб тамғалашган, яъни гўёки улар ўз миллати илдизи ва еридан ажралиб қолган ва гўёки улар миллатнинг оғриғини етарлича сезмайдилар, миллий меросимиз устида пайдо бўлган хавфни англаб етмайдилар. Жанубий ва ғарбий вилоятлардаги қозоқлар учун миллий аҳамиятга эга бўлган масалалар биринчи ўринда туради. Лекин, охирги намойишларга фақат вилоятдан келганлар ёки "ўқимаган" қозоқлар чиқди, дейиш нотўғри. Аралаш эди.

Би-би-си: Сизнингча, охирги ҳибслар норози одамларни тинчита оладими ёки норозиклар ҳали давом этадими?

Жансағимова: Халқ аслида ўз ичида йиғилиб қолган ғазабни бир нафас билан ташқарига чиқариб олди. Чунки 21 майгача ҳам кўп намойишлар бўлди, апрелда ҳам бўлиб ўтди. Бу намойишлар орқали улар ғазабларини чиқариш билан бир вақтда руҳан ўзларини кўтариб ҳам олишди. Улар англадиларки, ўз муаммолари ҳақида очиқ гапирмай, олдинга силжиб бўлмайди. Шу жиҳатдан бу ижобий нарса бўлди, чунки энди халқ янада чуқурроқ хабардор бўлади ва янада кўпроқ муҳокамалар юзага келади. Муҳокама ва баҳс бўлган жойда тараққиёт бўлади. Ягона хавотир шуки, ҳукумат керагидан ортиқ куч ишлатмасин. Агар ҳукумат ундай йўл тутса, охири нима бўлишини башорат қилиш жуда қийин бўлади. Шахсан мен сиёсий таҳлилчи эмасман, шундай экан, башорат қилишим мушкул. Фикримча, норози одамлар вақтинча бироз тинчланишади, лекин бу билан жараён тўхтаб қолди, деб ўйламаслик керак. Аксинча, бу жараён жуда кучли рағбат олди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook - BBC UZBEKGoogle+BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг