Тожик мактабларида охирги қўнғироқ тақиқланди

Тожикистон мактабларида ўқув йили тугаши муносабати билан ўтказиладиган битирувчиларнинг байрами буткул тақиқланган.

Тожикистонда ўқув йили 7 июн куни ниҳоясига етади ва битирувчиларнинг охирги қўнғироғи “Камолот қўнғироғи” деб аталиб келинаётган эди.

Сўнгги қўнғироқ байрамларини тақиқлаш ҳақида Тожикистон Маориф ва илм вазири Нуриддин Саид қарор чиқарган.

“Республиканинг барча умумтаълим муассасаларида(мулк шаклидан қатъий назар) 9 ва 11 синф битирувчилари учун “Камолот қўнғироғи” муносабат билан тадбирларни ўтказиш тақиқланади”, дейилади Маориф ва илм вазирининг эълон қилган буйруғида.

Агар вазир буйруғига бўйсунилмаса, бунинг учун вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар маориф бўлимларининг раҳбарлари, мактаб директорлари ва синф раҳбарлари жавобгар бўлишлари ҳақида огоҳлантирилганлар. Тожикистонда Шўро замонидан анъана бўлиб қолган сўнгги қўнғироқ номини Президент Имомали Раҳмон таклифи билан 2012 йили “Камолот қўнғироғи”(Занги камолот) деб ўзгартирилган эди. Сўнгги тўрт йил давомида мактабларда 7 июнь куни тантанали линейкалар ташкиил қилинган ва мактабни битираётганлар табрикланиб келинаётган эди. Бу йил эса 7 июнь куни тантанали тадбирлар ўрнига оддий дарслар ўтказилади.

Бир неча йил олдин қиш ойларида мактабларни иситишда мушкулликлар юзага келгани сабабидан Тожикистонда мактаб жадвалларини ўзгартиришга қарор қилинган. Қишда ўқувчиларга икки ҳафта эмас, бир ой таътил бериш қарори қабул қилинган.

Шу йўсинда машғулотларнинг анча қисми совуқ ойлардан ҳаво илиган кунларга ўтказилган.

Бир неча кун олдин Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳам мактабларда битирув кечалари ўтказилишини тақиқлаган эди. Бу қарор ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган.

Жумладан, "битирув кечасини ўтказиш ё ўтказмаслик бу битирувчи ва ота-оналарнинг шахсий истакларидир ва бу ҳолатни ҳеч ким тақиқлашга ҳаққи йўқ".

"Фарзандларимиз учун қандай байрам қолди ўзи? Янги йил мумкинмас, охирги қўнғироқ учун 1 соат ажратилган!!! Умр мобайнида бир маротаба бўладиган битирув кечасиниям тақиқлашяпти. Бу ҳаётда нимадан завқлансак бўлади ўзи? Ахир болалар байрам ўтказиш учун таёргарлик кўришган-ку!" - деб ёзишганди баъзи ўзбекистонликлар.

  • • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали
  • боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondon
  • • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ