Тожикистон миллий байроқни четдан сотиб олишни тақиқлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тожикистонда Хитой ва Туркияда тикилган давлат байроқларини мамлакатга олиб кириш ва сотиш тақиқланган.

Расмийларга кўра, бунга сабаб четдан келтирилган байроқдаги мавжуд камчиликлар, хусусан олтин тожнинг нотўғри тасвирланганидир.

"Таджикстандарт" давлат идорасининг мулозимлари бундан кейин миллий байроқлар фақат мамлакатнинг ўзида тикилишини маълум қилганлар.

Айни пайтда дўконлардан аксарияти Хитой ва Туркияда ишлаб чиқилган Тожикистон давлат байроқлари йиғиб олинмоқда.

Аммо расмийлар нега шунча йил мамлакатга нуқсонли байроқлар олиб кирилишига рухсат берилгани ва айнан бугунга келиб камчиликлар аниқлангани ҳақидаги саволларга жавоб беришни рад қилишмоқда.

Хабарларда айтилишича, Душанбе марказидаги 165 метр баландликдаги устунга ўрнатилган Тожикистон байроғи ҳам шундай нуқсонга эга бўлган.

Тожикистон давлат байроғи марказида олтин тож тасвирланган, унинг атрофида Тожикистоннинг етти тарихий-маданий жойларини ифодаси бўлган етти юлдуз кўриниши жойлаштирилган.

Миллий байроқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tjnode10589

Имомали Раҳмон сўнгги йилларда миллийликни урғулайдиган бир қатор мурожаатлар билан чиққан.

Хусусан, жаноб Раҳмон тожикистонликлар уйида миллий байроқ бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

Тожикистон Президенти халқини уйларида давлат байроқларини осиб қўйишга ва давлат байроғи рамзи туширилган нишонларни тақиб юришга чақирган.

Имомали Раҳмонга кўра, бу ватанга муҳаббат ва ҳурмат маъносини англатиб туради.

"Ватанга муҳаббат ва эъзозни намоён этишнинг энг яхши белгиси ҳар бир одамнинг кўксида байроқ акси бор нишонлар бўлиши, уй ва иш жойларида давлат байроқлари осиб қўйилишидир",- деб айтган Тожикистон Президенти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj

Жаноб Раҳмоннинг сўзларига биноан, ривожланган давлатларнинг фуқаролари уйида камида битта миллий байроқ бўлишига интилади.

"Шу сабабли, биз ҳам бундай ташаббусларни кенг қўллашимиз лозим. Бу миллий ўзлигини англаш ва миллий давлатчиликни ривожлантиришга бевосита ҳисса қўшади",- деб таъкидлаган Тожикистон раҳбари.

Президент Раҳмон қайд этишича, давлат байроғига ҳурматни кўрсатиш "жамиятнинг ҳар бир аъзосининг тарихий ва фуқаролик бурчи ҳисобланади".

Тожикистонда Миллий байроқ куни муносабати билан ҳар йили байрам маршлари ўтказилади.

Асосий байрам тадбирлари дунёдаги энг баланд байроқ ўрнатилган майдонда бўлиб ўтади.

Тожикистонда Давлат байроғи куни 2009 йилдан буён Имомали Раҳмон ташаббуси билан ўтказиб келинади.

Тожикистон миллий байроғи тикилган устуннинг баландлиги 165 метр бўлиб, байроқ узунлиги 60 эни эса 30 метрга етади.

Қизил, яшил ва оқ ранглари бўлган Тожикистон байроғи 1992 йил 24 ноябрда мамлакат Олий кенгаши сессиясида қабул қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj

22 майда тожикистонликлар 23 йилдан бери мамлакат раҳбари Имомали Раҳмонга умрбод президент бўлиш ҳуқуқини берувчи конституцияга ўзгартиришлар бўйича референдумда овоз берганлар.

Тожикистон сайлов комиссиясига биноан, 94 фоиз сайловчи ўзгартиришларни маъқуллаганлар.

Референдум натижаларига асосан Имомали Раҳмон бундан кейин ўз номзодини чекланмаган муддатга президентликка қўя олади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ