Қирғиз парламенти ёш турмуш қуришни тақиқламади

Қирғизистон парламентига вояга етмаганларнинг турмуш қуришига сабабчи бўлганларни жавобгарликка тортиш таклиф қилинди, аммо парламент депутатлари Оила ва Жиноят кодексларига ўзгартириш киритилишини ёқламадилар.

Вояга етмаган қизларни турмушга чиқарганларни жавобгарликка тортиш таклифи билан парламентнинг "Ота Макон" фракциясидан Аида Салянова чиққан.

Салянова хоним Қирғизистоннинг Оила Кодекси ва Жиноят Кодексига ўзгартиришлар киритишни таклиф этган.

Депутатлар муҳокамасига тақдим қилинган ўзгартиришда вояга етмаган қизнинг ота-онаси, вояга етмаган қизга уйланган шахс ва никоҳ ўқиб қўйган муллани жавобгарликка тортиш таклиф қилинган.

Турли вазиятларни инобатга олиб қизларни эрта турмуш қуришига сабабчи бўлган шахсларга 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини илгари сурган Салянова хоним.

Аммо парламент муҳокамасида Қирғизистон парламентининг 120 аъзосидан фақат 44 нафари бу ўзгартиришларни ёқлаб овоз берганлар.

Кўпчилик маъқулламагани учун қизларни эрта турмушга узатганлар жазоланмайдиган бўлди.

Қирғизистон қонунчилиги 18 ёшдан оила қуришга изн беради.

Аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари мамлакатда вояга етмаганларнинг оила қуриши кўпайиб бораётганидан хавотир билдириб келишади.

Қирғизистон расмийларига кўра, мамлакатдаги аёлларнинг 15 фоизи 18 ёшга тўлмасдан туриб турмушга чиққанлар.

Шуларнинг 1 фоизини 15 ёшгача эрга текканлар ташкил этган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ