Жанубий Қирғизистонда сел: қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи mes.kg

Минтақадан олинаётган хабарларга кўра, ҳалокат Қадамжой туманидаги Ўш-Айдаркен автомагистрал йўлида юз берган.

Ичида олти нафар йўловчиси бўлган “Хонда CRV” русумидаги машина кучли сув тошқинлари остида қолиб кетган.

Ҳалокат сатҳига етиб борган қутқарув ходимлари фақат машинада бўлган 6 яшар болани қутқаришга муваффақ бўлишган, холос.

Хабарларга кўра, омон қолган бола ўша заҳотиёқ касалхонага етказилган.

Машинада бўлганларнинг ким эканликлари, бир оила аъзоларими-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Улар жасадларининг ўликхонага олиб кетилгани айтилмоқда.

Сўнгги ҳалокатли сув тошқинларига жума кунги сурункали ёмғирлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Россиянинг “РИА Новости” ахборот агентлигининг Қирғизистон Фавқулодда Ҳолатлар вазирлигига таяниб ҳабар беришича, машина ичида уч ёшли гўдак ҳам бўлган, деган тахминдалар ва ҳозир уни қидирув ишлари давом этмоқда.

Айрим хабарлардан маълум бўлишича, Қирғизистон Фавқулодда Ҳолатлар бўйича вазири Қубатбек Бўроновнинг ўзи воқеа сатҳига етиб борган.

Айни ахборот агентлигига кўра, жанубий Боткен вилоятининг Қадамжой туманида юз берган сўнгги табиий офат натижасида яна 15 та машинага зиён етган.

Келган сел йўллар ва одамларнинг томорқаларини ҳам ювиб кетган.

Вазирлик масъулларининг айтишларича, жорий пайтда ходимлари сатҳда ва етказилган зарар миқдори ҳам ўрганилмоқда.

"Ёмғирларнинг давоми бор"

Минтақадан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, айнан Боткен вилоятининг Қадамжой туманига яна бир сел келган.

Натижада бир кўприк вайрон бўлгани, электр тармоғига ҳам зиён етиши натижасида бир қанча қишлоқ чироқсиз қолганига оид хабарлар бор.

Қирғизистон Фавқулодда Ҳолатлар бўйича вазирлиги, ўз ўрнида, мамлакат жанубида ёмғирларнинг яна бир неча кун давом этиши, янги сув тошқинлари, кўчкилар ва дарё суви сатҳининг кўтарилиши хавфидан ҳам огоҳлантирган.

Қирғизистоннинг тоғли жанубий минтақалари ҳар йил баҳор мавсумида бу каби ҳалокатли сув тошқинлари ва кўчкиларга саҳна бўлиб келади.

Қадамжой – Боткен вилояти Қадамжой туманининг маъмурий маркази саналади.

1941 йилда унга посёлок мақоми берилиб, Фрунзе, деб номланган.

Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан номи Қадамжойга ўзгартирилган.

2012 йилнинг сентябр ойида эса, шаҳар мақомини олган.

Қадамжой аҳолисининг сони ҳозир 15000 дан ортиши айтилади.

Минтақа

Яқинда Тожикистоннинг шимолий Сўғд вилояти ҳам ҳалокатли сув тошқинларига саҳна бўлган.

Табиий офат бу ерда уч кишининг умрига зомин бўлганига оид хабарлар олинганди.

Дастлабки ҳисоб-китоблар эса, бу селлар етказган зарар миқдори юз минглаб АҚШ доллари миқдорида бӯлиши мумкинлигини кўрсатганди.

Офатдан зарарланганларга моддий ёрдам кӯрсатиш чоралари кӯрилаётгани, уйсиз қолганлар вақтинчалик бошпаналар билан таъминланаётгани айтилганди.

Сўнгги селоблар ортидан, Сўғд вилоятида амал қилаётган махсус штаб бошчилигида шамол, жала, сел, кӯчки етказган оқибатларни бартараф этиш ишлари бошланган.

Бу ишларга фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси бӯлими ходимларидан ташқари ҳарбий қисм аскарлари, оддий фуқаролар ҳам жалб этилгани хабар берилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ