‘Юзлаб тожик экстремистларга қўшилган’

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj

Бундай баёнот билан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон чиққан.

Президент Раҳмонга кўра, ҳозир Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи дохил турли экстремистик гуруҳлар сафларида юзлаб фуқаролари жанг қилишмоқда.

Улардан 300 нафари аллақачон қурбон бўлган. Қурбонлардан қирққа яқини эса, Тожикистоннинг ўзи ва хорижда таҳсил олаётган талабалари бўлишган.

Тожикистон раҳбари бу ҳақда мамлакат Ёшлар масалалари бўйича кенгашининг пойтахт Душанбеда бўлиб ўтган сўнгги йиғини чоғида баён қилган.

Унинг айтишича, тожикистонлик жиҳодчиларнинг аксарияти ёшлардир.

“Яна бир ташвишланарли ҳолат шундаки, 370 нафар тожикистонлик ҳозир ҳам хорижий диний билим даргоҳларида таҳсил олишмоқда. Улар ҳалиям ортга қайтарилмаган”, - дея баён қилган президент Раҳмон.

Яқинда Тожикистон Бош прокурори Раҳмон Юсуф ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиққан.

Аммо жорий пайтда турли экстремистик гуруҳлар сафларида жанг қилаётган фуқароларининг сони 1094 нафар эканини айтганди.

Агар, Бош прокурор келтириб ўтган рақамларга таянилса, ўтган йили улардан 147 нафари ортга қайтган.

Яна 780 киши қидирувга берилган ва 38 нафари ИШИД сафларига қўшилиш учун Тожикистондан четга чиқишга уринган пайтда қўлга олинган.

ИШИД сафларида жанг қилган 166 тожикистонлик устидан эса, жиноий иш очилган, дея маълум қилганди Тожикистон Бош прокурори.

Жаноб Раҳмон Юсуфга кўра, улардан аксарияти Тожикистонда фаолияти тақиқланган “Салафия” оқими тарафдорлари бўлишган.

Сурия ва Ироқда жанг қилаётган фуқароларининг кўпчилиги эса, Яқин Шарққа меҳнат муҳожири ўлароқ йўл солишган.

Ўтган йил май ойида Тожикистон Ички Ишлар вазирлиги махсус бўлинмаси(ОМОН) қўмондони, полковник Гулмурод Ҳалимов ИШИД сафларига қўшилган ва бутун Марказий Осиё давлатлари назарда тутилганда ҳам, бу ишга қарор қилган энг юқори мартабали давлат ҳарбийси бўлганди.

Тожикистон ва экстремистик гуруҳлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи alamy

Тожикистон президенти яқинда қилган чиқишларидан бирида ёшларни мўмайгина пул илинжи “Исломий Давлат” сафларига тортаётганини баён қилганди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра эса, тожикистонлик фуқаролар кўпроқ Яқин Шарқдаги бу гуруҳнинг глобал исломий халифат қуриш ғоясига учишмоқда.

Бундан ташқари, Тожикистондаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий вазият ва сўнгги йилларга келиб, диндорларга нисбатан кучайиб бораётган турли кўринишдаги босимлар ҳам бу масалада ўз сўзини айтмай қолмаётир, дейишади улар.

Шу йил май ойида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги кутилмаган баёнот билан чиққан: Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган фуқаролари ортга қайтишса, уларни афв этишга ваъда берган, қайтишларига, ҳатто, ўзлари кўмак беришларини ҳам билдирганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Тожикистон четда жанг қилаётган фуқароларига расман афв таклиф қилган биринчи Марказий Осиё давлати бўлади.

Тожикистон яқинда дунёдаги энг қудратли ва бадавлат бу жангари гуруҳни экстремистик ва террорчи, дея эълон қилган.

Унинг фаолиятини ўз ҳудудида расман тақиқлаган.

Шу йил август ойида эса, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон "Исломий давлат" ва бошқа террорчи гуруҳларга алоқадорлиги аниқланган шахсларнинг автоматик равишда мамлакат фуқаролигидан чиқариб юборилишига оид янги фармонга имзо чекканди.

Сўнгги ойларда Марказий Осиёнинг аксарият давлатларига бевосита чегарадош Афғонистонда “Исломий Давлат” гуруҳи ўзининг ҳам анчайин фаоллашгани кузатилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ