Озода Раҳмон Тожикистон Миллий мажлиси аъзоси этиб сайланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи mfa.tj

Азия плюс ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар беришича, 29 май куни Душанбеда пойтахт шаҳар ва туман депутатлари қўшма мажлисида Президент маъмурияти раҳбари Озода Раҳмон бир овоздан Тожикистон Миллий мажлиси аъзоси этиб сайланган.

Шаҳар ва туман мажлисининг қатнашган барча депутатлари президент қизини Тожикистон сенатори бўлишини ёқлаганлар. Қаршилар бўлмаган.

Сессияда Тожикистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Бахтиёр Худоёрзода қатнашган.

Тожикистон парламентининг юқори палатаси Миллий мажлис 33 кишидан ташкил топган бўлиб, ундан 25 нафари вилоят ва шаҳар депутатлари томонидан сайланади, парламент юқори палатасининг 8 аъзосини эса президент тайинлайди.

Озода Раҳмон 1978 йилда туғилган, юридик фанлари номзоди ҳисобланади. У фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик мақомига эга. 2000 йилда Тожикистон Миллий Университетини тамомлаган. 2004-2006 йилларда Жоржтуан ва Мэриленд университетларда инглиз тилини ўрганган. Озода Раҳмон оилали, беш фарзанднинг онаси. Унинг турмуш ўртоғи Жамолиддин Нуралиев ҳам Тожикистонда юқори лавозимда- Миллий банк раиси биринчи ўринбосари вазифасида ишлайди.

Шу йил январ ойида қизи Президент Имомали Раҳмон қизи Озодани ўзининг маъмурияти раҳбари қилиб тайинлаган. Бунгача Озода Раҳмон мамлакат ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари бўлиб келган эди.

Имомали Раҳмон Марказий Осиё республикалари ва МДҲ раҳбарлари орасида энг серфарзанди бўлиб, етти қизи ва икки ўғли бор. Катта ўғли Рустам Раҳмон Тожикистон коррупцияга қарши қўмитасини бошқаради. Яқинда, 22 майда ўтган референдум натижаларига биноан, Имомали Раҳмон чекланмаган муддат ўз номзодини президентликка илгари суриши мумкин. Бундан ташқари, Миллат пешвоси сифатида унга ва оиласига дахлсизлик кафолатланади- уни ҳибсга олиш, мол-мулкини тинтув қилиш мумкин эмас, умрининг охиригача давлат ҳимоясида бўлади. Ўғли эса президентликка номзодлар ёшини 35 ёшдан 30 ёшгача туширилиши маъқулланиши ортидан 2020 йилда отаси ҳокимиятдан кетишни истаса, ўз номзодини президентликка қўя олади. Кузатувчилар конституцияга ўзгартириш айнан Рустам Раҳмонни келажакда президентликка қўйиш учун қилинганини айтадилар.

Шунингдек, Имомали Раҳмоннинг катта қизи Озода Раҳмон ҳам Тожикистон президентлигига ворислардан бири деб кўрилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj

Тожикистон мухолифати мамлакатда ҳокимият бир шахс- Имомали Раҳмон ва оиласи қўлида тўпланаётганини айтиб, шахсга сиғиниш кўринишлари тобора кучаяётганидан хавотир билдиради.

Имомали Раҳмоннинг исталмаган барча мухолифлари турли иқтисодий-сиёсий ва диний айбловлар билан озодликдан маҳрум этилганлар ёки мамлакатни тарк этишларига тўғри келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ