Россияда оила қураётган тожикистонликлар кўп

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Меҳнат муҳожирлари Россияда қолиш имконларини қидиришади.

Россияда турмуш қураётган аксарияти меҳнат муҳожири бўлган тожик фуқаролари тобора кўпаймоқда, деб ёзади Олмониянинг Deutsche Welle ("Немис тўлқини") телерадиоширкат сайти меҳнат муҳожирлиги муаммоларини ўрганган тадқиқотчиларнинг ҳикоялари асосида.

Аралаш никоҳлар тобора кўп, унга Тожикистонда аксарият яхши муносабатда бўлсада, салбий томонлар ҳам кўрилади.

Кузатувчилар тожик муҳожирларини интернационал никоҳни қайд этишга жалб қилаётган бир қанча сабабларни қайд этишади.

Душанбелик Шавкат ҳозир қарийб 50 га кирган. У 1990 йилларда Россияга кетган. "Бозорда ишладим, ёмон пул топмасдик, ҳатто чиройли рус қизи билан никоҳдан ҳам ўтдим", деб айтади у. У севишиб оила қургани, бироқ вақт ўтиб, турли келишмовчиликлар туфайли хотини ажралишга ариза бериб, болани олиб қолганини айтади. Менинг фожеам фуқароликдан ўтиб олмаганим. Кейинга суриб, мана нимага эришдим", деб афсусланади энди ватанига қайтишга мажбур муҳожир.

Бошқа тожик Некрузнинг омади келган бу борада. У ҳам магазинда ишлаган. Уйланган. Ҳатто фуқароликни олишга, квартиралик бўлишга улгурган. Шу йил баҳорда у кекса ота-онасига уй ҳам қилиб берган. Миллатининг фарқи йўқ, асосийси мени ҳурмат қилса, болаларни яхши кўрса ва яхши уй бекаси бўлди", дейди у хотини ҳақида гапириб.

Йилига 12 минг

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россияда никоҳдан ўтиш муҳожирлар орасида тобора оммалашмоқда.

"Бундай тақдирлар юзлаб, балки минглаб топилади, деб ҳикоя қилади Душанбедаги муҳожирлик ташкилотининг раҳбари Раҳмон Ўлмасов мухбирга. Унинг айтишича, миллатлараро никоҳлар муҳожирлар орасида тобора оммалашмоқда. Маълумотлар кўрсатишича, ҳар йили Россияда қарийб 12 минг тожик муҳожири уйланади", дейди у.

Ўлмасовнинг таъкидлашича, рус қизлари билан оила қуришга куёвнинг ота-оналари муносабатлари ҳам ўзгармоқда. Илгарилари бундай никоҳларга ота-оналар қаршилик билдирган бўлсалар, ҳозир кўпроқ ижобий қарор бермоқдалар. Ҳатто баъзилари Россияга тўй қилишга боришади ёки моддий томондан ёрдам беришади.

Айни пайтда Россияда муҳожирлар тўйларини ташкиллаштирадиган фирмалар пайдо бўлиб, яхши фаолият олиб бормоқда.

"Ҳозирги вазият жуда ҳам 1950-60 йилларни эслатади. Ўшанда тожикистонликлар ўқишга ёки армияга бориб, уйларига рус келинни олиб келиш урф бўлганди. Бу ерда фарқ йигитлар уйланиб, ўша ерда қолиб кетишмоқда. Келинни эса баъзан меҳмонга олиб келишлари мумкин", дейди Ўлмасов.

Сабаблар

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Ватанда қолган аёлларга қийин бўлмоқда.

Кузатувчилар қайд этишларича, ёшларни Россияда оила қуришга бошлаётган сабаблар турли хил. Кимнидир ЗАГСга ҳақиқий муҳаббат етакласа, кимдир манфаат юзасидан никоҳдан ўтади.

Россияда никоҳ тожикистонликларга бу мамлакатда мустаҳкам ўрнашиш учун имкониятлар очади- вақт ўтиб фуқаролик ва яхши ишлик бўлишларига йўл беради, дейди мустақил эксперт Лола Олимова.

Ижобий ва салбий

Image caption Турмуш қуриш ёши ошган.

Меҳнат муҳожирлиги муаммоларига доир бир қанча китоблар муаллифи Раҳмон Ўлмасовга кўра, Россиядаги никоҳларнинг ижобий ва салбий томонлари бор. Салбий жиҳатлар муҳожирларнинг ватанида билинади кўпроқ.

Бир қанча тожик туманларида қизларнинг турмушга чиқишлари қийин бўлиб қолган. Кўплар Россиядан уйланишмоқда, қизлар ўзларига мос йигитларни топишолмайди. Илгари қизлар 17-18 ёшда турмушга чиққан бўлсалар, ҳозир 23-25 ёшларга тўғри келмоқда. Вақти келиб бу мамлакатда демографик вазиятга албатта таъсир қилади. Бошқа ҳолат-пул ўтказмаларининг камайганида кўринади. Муҳожирлар Россияда оила қургач, ватанларидаги яқинларига тобора камроқ пул юбора бошлашади. Улар энди Россиядаги оилаларини боқишлари лозим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Турмуш қийинчиликлари аёллар зиммасига тушиб қолади.

Учинчидан, баъзи меҳнат муҳожирлари ватанида хотин-болалари бўла туриб, Россияда иккинчи оилани қуришади. Бу мамлакатдаги оила анъаналарига салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга тожик хотинлар тобора ҳимоясиз, ҳеч кимга кераксиз бўлиб қолмоқдалар. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайган. Фарзандлари жиноят йўлига кириб кетиши ёки жамиятдан, тенгдошларидан ажралиб, руҳий муаммоларга дучор бўлиши кўринишлари кузатилади.

Шу билан бирга тадқиқотчиларнинг айтишича, 1990 йилларда Россияга бориб, оила қуриб, ўша ерда жойлашиб кетганларнинг фарзандлари отаси кўрган қийинчиликларни кўрмаслик учун яхши ўқишга ҳаракат қилади ва улар турли соҳада яхши карьера қилишлари мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг