Туркманистон президентига арз қилган аёлга кислота сепишди

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовга адолат истаб хат ёзган аёл номаълум шахслар томонидан калтакланган ва юзига кислота сепилган. Аёл оғир аҳволда касалхонада қолмоқда, деб хабар беради "Хроника Туркменистана" веб-сайти.

Тошҳовуз шаҳрининг Гурбансултон Эже посёлкаси яшовчиси Умида Жумабоева бир неча кун олдин икки киши томонидан кўчада ушланиб, қаттиқ калтакланади ва улар аёлнинг юзига кислота сепиб, воқеа жойидан яширинишади.

Аёл мия чайқалиши, юз ва баданида жиддий куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Полиция ҳодиса тафсилотларини ўрганишни бошлаган. Бироқ мустақил мухбирларнинг айтишича, полиция ҳодисани маиший жиноят сифатида ёпти-ёпди қилмоқчи.

Бунинг боис, воқеага Туркманистоннинг юқори лавозимли мулозимлари, аниқроғи Мудофаа вазирлиги ходимлари аралашган, деб кўрилмоқда.

Умида Жумабоеванинг ўғли енгил атлетика бўйича қатор мусобақалар совриндори, мамлакат терма жамоаси аъзолигига номзод Раҳим Бобоев ўтган йил баҳорида қуролли кучлар сафига хизмат қилишга чақирилади.

Раҳимнинг тренерлари ва спорт қўмитаси расмийлари у спорт ротада хизмат қилишига шубҳа қилмаганлар. Спорт рота махсус ҳарбий бўлинма бўлиб, профессионал спортчилар ҳарбий хизмат давомида ўзларининг маҳоратларини оширадилар.

Бироқ Раҳимнинг ота-онасидан уни махсус ротага жойлаштириш учун икки минг доллар пул сўрашади. Раҳимнинг ота-онаси пора беришни хоҳлашмайди. Раҳим Бобоев Керкидаги бошқа ҳарбий бўлинмага тушади ва у ерда командири томонидан мунтазам калтакланиши натижасида, касалхонага ётқизилади.

Умида Жумабоева бу воқеалар орқасидан мамлакат президентига, мудофаа вазирлиги ва бошқа давлат ҳуқуқ ташкилотларига хат ёзади.

Мудофаа вазирлиги Жўрабоеванинг ўғли спорт ротада хизмат қилишига асос йўқ, қабилида жавоб хати йўллайди.

Жумабоева шундан сўнг ҳақиқатни тиклашни сўраб, яна президентга мурожаат қилишга аҳд қилгач, номаълум кишилар томонидан шафқатсизларча жазоланади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, касалхонада оғир аҳволда ётган аёл армиядаги ўғлининг хавфсизлигидан хавотирда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ