‘Ўнлаб инсоннинг ҳануз дараги йўқ’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Янги раҳбари тайин этилишидан саноқли кунлар ўтиб, Афғонистон Толибон ҳаракати Тожикистон билан бевосита чегарадош Қундуз вилоятида ўнлаб одамларни олиб қочган.

Улардан камида ўн нафарини ўлдирган ва яна ўнлабини ўзи билан бирга олиб кетган.

Қундуз – Афғонистоннинг иккита энг беқарор шимолий-шарқий вилоятидан биттаси саналади.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг ИШИД жангарилари билан иттифоқчиликда сўнгги йилларда қўлга киритган энг йирик ютуқлари ҳам айни шу вилоят ҳисобига тўғри келади.

Устига устак, Қундуз Афғонистоннинг кетма-кет иккинчи йилдирки, Толибон баҳорги амалиётлари илк нишонига айланаётган вилояти бўлади.

Қундуздаги бу каби вазият Афғонистон шимолини толиблардан буткул тозалашга аҳд қилган мамлакат биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг ҳам эътиборини тортмай қўймаган.

Бир неча ойдирки, худди шу мақсад билан Афғонистон шимолида бўлган генерал Абдулрашид Дўстум Қундузда ҳам ҳарбий амалиётлар олиб бориш ниятини изҳор этган, аммо, сўнггига келиб, бунга Афғонистон Хавфсизлик Кенгашининг рўйхушлик бермаётгани англашилганди.

Сўнгги ҳодиса

Фото муаллифлик ҳуқуқи MoD

Қундуздаги ўнлаб одамнинг олиб қочилиши билан боғлиқ ҳодиса кеча сешанба куни юз берган.

Толиблар пойтахт Кобулдан Тожикистон билан бевосита чегарадош шимолий-шарқий Бадахшон ва Тахор вилоятига кетаётган иккита автобуснинг йўлини тўсишган.

Автобус ичкарисида бўлган икки юзга яқин одамни қўлга олишган, улардан камида ўн нафарини ўлдиришган.

Кутилмаган ҳодиса Қундуз вилоятининг Алиобод туманида юз берган.

Масъуллар, алал-оқибат, 160 йўловчини қутқаришнинг уддасидан чиқишган.

Аммо, Қундуздан олинган энг сўнгги хабарларга кўра ҳам, ҳануз улардан ўнлабининг дараги йўқ.

Толибон

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Масъулиятини ўз зиммасига олиб чиққанига қарамай, Афғонистон Толибон ҳаракати бу одамларнинг тақдири борасида бирор бир сўз демаган.

Уларнинг ўнлаб йўловчилар тушган автобусни нега нишонга олишгани сабаби ҳам, ҳозирча, маълум эмас.

Айрим хабарларга кўра, толиблар бу автобусларда афғон ҳарбийлари ва полиция ходимлари бор, деган ўйда бўлишган.

Кобулдаги мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, афғон ҳукумати толиблар тутқунида қолаётган ўнлаб одамларни озод қилиш ҳаракатида ва айни мақсадда янги ҳарбий амалиётларга қўл урмоқчи.

Таъкидлаш жоиз, жангариларнинг бу каби амаллари шу пайтгача Қундуз дохил Афғонистоннинг бирор бир шимолий ва ёки шимолий-шарқий вилоятида кузатилмаган.

Бу каби ҳолатлар, одатда, Зобул ва Ғазний каби, Афғонистоннинг жанубий ва жанубий-шарқий вилоятларида рўй бериб келган.

Уларга масъулиятни эса, одатда, яқинда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига расман тўлиғича байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз зиммасига олиб келган.

Қундузнинг хавфсизлиги эса, сўнгги йилларда қўшни минтақа давлатлари қолиб, ҳатто, Россиянинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Россиялик айрим юқори мартабали ҳарбий мулозимлар сўнгги пайтларда жангариларнинг айнан Қундуз орқали Марказий Осиёга бостириб киришлари мумкинлиги эҳтимолидан ҳам ошкора хавотир изҳор этишгача боришган.

Қўшни Тожикистон эса, шундоққина биқинида вужудга келаётган бу каби вазият манзарасида Афғонистон билан ўзаро чегарасида ўз мустақиллиги тарихида кузатилмаган даражада хавфсизлик чораларига қўл урган.

Акс-садо

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Толибларнинг Қундуздаги сўнгги амали бугун пойтахт Кобулда йирик норозилик намойишига сабаб бўлган.

Намойишда юздан ортиқ фаоллар ва Афғонистон шимолилик парламент вакиллари иштирок этишган.

Улар афғон ҳукуматини қуруқ ваъдабозликда айблашган.

Миллий бирдамлик ҳукуматидан Афғонистон шоҳ йўллари хавфсизлигини таъминлаб қўйишини талаб қилишган.

Акс-ҳолда норозилик амалиётлари кўламини янада кенгайтириш билан огоҳлантиришган.

Афғонистон ҳукумати, ҳозирча, уларнинг бу талаб ва огоҳлантиришларига расман бирор бир муносабат билдирмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02#
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ