Исломий партия раҳбарлари умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилдилар

Тожикистон пойтахти Душанбеда мамлакат ҳукумати тақиқлаган Ислом Уйғониш партияси раҳбарлари устидан маҳкама ниҳоясига етган.

Бу мустақил Тожикистон тарихидаги энг шов-шувли, лекин ёпиқ ўтказишга қарор қилинган маҳкама бўлди.

Маҳкама Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раисининг икки ўринбосари - Саидумар Ҳусайний ва Маҳмадали Ҳайитни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Исломий фирқа олий сиёсий кенгашининг 14 аъзосига 15 йилдан 28 йилгача қамоқ жазолари тайинланган.

Маҳкамага тортилганлар орасида ягона аёл - 44 ёшли Зарафо Раҳмоний Ислом уйғониш партияси сиёсий кенгаши ва президиуми аъзоси бўлиб, маҳкама уни 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этишга қарор қилган.

Исломий фирқанинг барча аъзолари 2015 йил сентябрида, Тожикистон Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода раҳбарлигидаги гуруҳ ҳарбий давлат тўнтаришида айбланиб, исёнчилар йўқ қилингани хабар қилинган ҳарбий амалиёт якунланиши билан ҳибсга олинган эдилар.

Айбланганлар бўйнига оғир жиноий бандлар қўйилган.

Булар - терроризм, экстремизм, давлат тўнтаришига уриниш, конституциявий тузумни ағдариш ва қотиллик.

Лекин Тожик ҳуқуқ-тартибот органлари тергов тафсилотини шарҳлаганлари йўқ, боиси Тожикистон Ислом Уйғониш партияси аъзоларига қарши қўзғатилган жиноят ишлари махфий деб эълон қилинган.

Ислом Уйғониш партияси маҳкама жараёнини ҳокимият томонидан ўзларига нисбатан кузатиб келинаётган таъқиб ва босимларнинг давоми деб ҳисоблайди.

"Бу буюртма, сиёсий жараён. Сиёсий томоша. Бизнинг бирорта аризамиз қабул қилинмади, бирор марта юзлаштириш бўлмади, бирорта айблов исботлангани йўқ. Қарор аввалдан қабул қилиб қўйилган бўлган", деб айтган Би-би-сига адвокат Жамшед Ёров.

Маҳкама жараёни ёпиқ ва хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган ҳолатда ўтказилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ