Қирғизистон Ички Ишлар Вазири алмашди

Image caption Жунушалиев бунгача Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармасига раҳбарлик қилган.

Жўғўрқу Кенгаш 1 июнда Ички ишлар вазири лавозимига Қашқар Жунушалиев номзодини қўллаб қувватлаган.

Икки кун аввал собиқ вазир Мелис Турғанбаев кутилмаганда истъефо берганидан кейин, унинг ўрнига президент Алмазбек Атамбаев Жунушалиевни таклиф қилган. Жамоатчиликка унчалик таниш бўлмаган Жунушалиев бунгача Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасига раҳбарлик қилган.

Ички ишлар вазири лавозимига Қашқар Жунушалиевни президент Алмазбек Атамбаев буйруғи асосида таклиф этиб, ўша куннинг ўзидаёқ уни бош вазир Сўўрўнбай Жээнбеков жамоага таништирганидан кейин, уни бу лавозимга тайинланиши сир эмас эди. Шу сабабдан Жўғўрқу Кенгашда Жунушалиев номзоди кўриб чиқилаётганда, унга қалтис саволлар берилмасдан, депутатларнинг барчаси қўллаб қувватлаган.

“Ота Макон” фракцияси Жунушалиев номзодини муҳокама қилаётганда, партия раҳбари Омурбек Текебаев номзодни тезкор изланиш, ҳамда тергов бўйича тажрибаси деярлик йўқлигини, юридик олий маълумотни кейин олганини айтган.

“1984-86 йиллари Бишкек шаҳар милициясининг махсус мактабини тамомлаган экансиз. Шундан 16 йил ўтганидан кейин олий ўқув юртида таҳсил олган деб турибди. Университетни сиртдан битирган экансиз. Ҳудудий терговчи бўлиб ишлаб, кўплаган туманлардаги терговчилар ишларини назорат қилиб, вазирликка келганда ҳам жамоат ҳавфсизлик бўйича бошқарма раҳбари бўлиб ишлабсиз. Вазир ўринбосари бўлганда ҳам ҳудудий терговчиларни назорат қилгансиз. Муҳим тезкор изланиш, тергов иши деган бор” – дейди депутат Омурбек Текебаев.

Қашқар Жунушалиев депутатга жавобан, ўринбосарлари билан биргаликда иш олиб боришликни, наъмунали вазир бўлишликка ваъда берган.

“Касбий фикри юқори бўлган, барча нарсани тушуна билган, ўз бошидан кечирган одам раҳбар бўлиши керак. Раҳбарнинг тўрт ўринбосари бор. Ўшалар ишларини жамлаб, уларни назорат қилиб ишлаган раҳбаргина наъмунали раҳбар бўлиб ҳисобланади” – дея тушунтирган янги вазир Қашқар Жунушалиев.

2014 йилдан бери Қирғизистон Ички ишлар вазирлигини бошқариб келган, собиқ раҳбар генерал-майор Мелис Турғанбаев истеъфога ўз ихтиёри билан чиққанини, унга ҳеч қандай сиёсатнинг алоқаси йўқлигини айтган.

“Ўзим ариза ёзиб, истеъфога чиқдим. Дам олмоқчиман. Мен лавозимимда умр бўйи турмайманда. Ўрнимга келган янги вазир ишларни давом эттираверади. Ҳозирча ҳеч қандай режам йўқ. Дам оламан, ухлайман. 2010 йилдан бери касбий таътилга чиқмаганман. Олти йил дам олмасдан ишладим. Оиламга эътибор қаратаман” – дея изоҳлаган эндиликда собиқ раҳбар.

Янги ички ишлар вазири Қашқар Жунушалиев собиқ президент Қурмонбек Бакиев даврида Иссиқ-Кўл, Чуй ва Боткен вилоят ички ишлар бошқармаси, ҳамда Бишкек шаҳар милициясида жамоат ҳавфсизлигига маъсул раҳбар муовини лавозимларида ишлаган. Ундан кейин Ички ишлар вазирлигида жамоат ҳавфсизлик бошқармасига раҳбарлик қилган.

2010 йили ҳокимият алмашганидан кейин ички ишлар вазири муовини бўлиб тайинланган. Жунушалиев ўша пайтдаги муваққат ҳукумат аъзоси Алмазбек Атамбаевнинг ҳамшаҳари эканлиги айтилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ