Оқтўбе: Гумондорлар номлари эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи 24KZ

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Оқтўбедаги ҳужумларга алоқадорликда гумон қилинган ва ҳозир қидирувда бўлган шахсларнинг исм-шарифларини эълон қилди.

Улардан аксариятининг оқтўбалик ва 25-32 ёш оралиғида эканликлари англашилади.

Вазирликка кўра, оқтўбалик гумондорлар Алибек Ақпанбетов, Айдар Башимов, Арман Айтуған, Айдос Жубанов, Дмитрий Танатаров ва Арсен Танатаровлардир.

Қидирув остида бўлган қолган шахслар эса, Қизилўрда вилоятилик Бақит Қуанишбоев ва Акмолинск вилоятилик Нурлан Сеилов сифатида тилга олинган.

Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги расман маълум қилган.

Худди шу манзарада эълон қилган энг сўнгги маълумотларга кўра, шу пайтгача жаъми 13 гумондорни ҳужумчини ўлдиришган.

Вазирлик матбуот воизи Алмас Садубаевнинг айтишича, бунга шаҳарда олиб борилган махсус амалиётлар чоғида муваффақ бўлинган.

Сўнгги рақамлар ортидан, якшанба кунги ҳужумларда қурбон бўлганларнинг умумий сони жаъми 19 кишига етган.

Матбуот воизининг айтишича, яна тўрт нафар ҳужумчини яралашган.

Еттитасининг ортидан тушишган.

Яна саккиз кишини якшанба кунги ҳужумларга алоқадорлик гумони билан қўлга олишган.

Унинг сўзларига таянилса, Оқтўбе ва умуман олганда, бутун Қозоғистонда вазият барқарор ва ўз назоратлари остидадир.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг шахсий состави эса, ҳамон тўлиғича кучайтирилган тартибда иш юритмоқда.

Аммо, расмийларга кўра, шаҳардаги оммавий нақлиёт қайта ишга тушган.

Мактаблар ва кўнгилочар масканлар ҳам яна ўз фаолиятини бошлаган.

Тарихча ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Youtube

Якшанба куни бир гуруҳ номаълум қуролли шахслар Оқтўбедаги икки қурол-яроғ дўкони ва ҳарбий бўлимга ҳужум қилишган.

6 кишини ўлдириб, 38 нафарини яралашган.

Улардан аксарияти ҳарбийлар бўлиб чиқишган.

Қозоғистонлик масъуллар ҳужумчиларни диний радикалларга нисбат берган.

Улар амалга оширилган ҳужумни “теракт” ўлароқ баҳолашган.

Оқтўбеда “террорчилик таҳдиди”ни энг юқори, бутун Қозоғистон бўйлаб эса, “ўртача”, дея эълон қилишган.

Мамлакатда бу каби огоҳлик ҳолати 40 кунгача амал қилишини билдиришган.

Орада ҳужумга масъулиятни “Қозоғистон Озодлик Армияси” ўз зиммасига олганига оид хабарлар ҳам чиққан.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳужумчи эканликда гумон қилинаётган барча жиноятчиларнинг шахслари аниқланган.

Лекин, бу каби баёнотларига қарамай, улар ҳанузгача бу шахсларнинг исм-шарифларини ошкор қилишмаган.

Шу пайтгача масъуллар 12 ҳужумчининг ўлдирилгани, жаъми қурбонларнинг сони эса, 18 нафар эканини айтиб келишаётганди.

Оқтўбе

Қозоғистонда сўнгги йилларда авж олган ва тўлиғича изоҳланмай қолган қатор зўравонликлар айнан ғарбий Оқтўбе шаҳридаги 2011 йилги худкушлик ҳужуми билан бошланганди.

Ўша йил июл ойида Актўбега яқин Шубарши шаҳрида ҳам хавфсизлик кучлари билан экстремистик дейилган гуруҳ орасидаги отишмада 13 киши ўлдирилганди.

Бу ҳудудда диннинг роли Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига қараганда муҳимроқ экани, одамларининг анчайин тақводор эканликлари айтилади.

Кузатувчиларга кўра ҳам, сўнгги йилларда ғарбий Қозоғистонда одамлар орасида Исломга қизиқиш кучайган.

Қозоғистон нисбатан фаровон бўлганига қарамай, мамлакатда ижтимоий ва иқтисодий муаммолар оз эмас.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, бу каби вазият, айниқса, ғарбий Қозоғистонда норозиликларни юзага келтирган.

Улар бу ерда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут жуда катта экани, яшаш шароитларининг жуда оғирлигини таъкидлашади.

Маҳаллий таҳлилчиларнинг ўзлари ҳам қаттиққўллик билан бошқарилувчи Қозоғистонда норозилик изҳор қилишнинг сиёсий йўллари ўта камлиги, шунинг учун ҳам уларнинг исломий радикал гуруҳларга юзланаётганликларини айтишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ