Қозоғистонда 9 июн мотам куни деб эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев илк бор 5 июн ҳодисалари борасида гапирди.

"Ҳурматли қозоғистонликлар, биласизки, 5 июн куни Оқтўбеда террор ҳужуми содир этилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу жиноий амални шиддатли бостириш, террорчиларни йўқ қилиш учун зарурий чораларни кўришди. Менинг кўрсатмам асосида Ички ишлар вазири бошчилигидаги махсус текширув гуруҳи ишламоқда. Шахсан Бош прокурор назорати остида текширувлар олиб борилмоқда. Барча жиноятчилар тўлиқ қонун доирасида жавобгарликка тортилади", деб айтди Қозоғистон раҳбари.

У бугун Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Владимир Жумаканов билан учрашиб, Оқтўбе ҳодисаларини муҳокама қилган.

Президент Назарбоев терактларда иштирок этган шахсларнинг кимлиги махсус хизматларга маълум эканини айтган.

"Жиноятчиларнинг ҳар бирини тутиш зарур... Жавобгарлар барчаси қаттиқ жазоланиши керак", дея таъкидлаган у.

Нурсултон Назарбоевга кўра, ҳужум радикал диний гуруҳ тарафдорлари томонидан ташкиллаштирилган. "Улар кўрсатмани хориждан олишган", дейди Назарбоев.

Шунингдек, Назарбоев ҳаётдан кўз юмганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.

"Афсуски, ҳужумда ҳарбийлар ва фуқаролар нобуд бўлишда ва яраланишди. Уларнинг оилалари, болалари бор. Мен ҳалок бўлганлар фуқароларимизнинг қон-қариндошлари, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Пайшанба, 9 июн кунини жабрланганлар учун миллий мотам куни деб эълон қиламан. Ички ишлар вазирлиги ва ҳокимларга ўлдирилган ва жароҳатланганлар оилаларини ҳартарафлама ёрдам билан таъминлашни буюрдим", дейди Қозоғистон раҳбари.

Шунингдек, Назарбоев ҳаётдан кўз юмганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.

"Афсуски, ҳужумда ҳарбийлар ва фуқаролар нобуд бўлишда ва яраланишди. Уларнинг оилалари, болалари бор. Мен ҳалок бўлганлар фуқароларимизнинг қон-қариндошлари, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Пайшанба, 9 июн кунини жабрланганлар учун миллий мотам куни деб эълон қиламан. Ички ишлар вазирлиги ва ҳокимларга ўлдирилган ва жароҳатланганлар оилаларини ҳартарафлама ёрдам билан таъминлашни буюрдим", дейди Қозоғистон раҳбари.

Назарбоев жаноблари "рангли инқилоблар" аломатлари ўз мамлакатида ҳам кўзга ташланганини қўшимча қилган.

Унга кўра, турли мамлакатларда "рангли инқилоб" номи остида амалга оширилган ишлар салбий оқибатларга олиб келган.

"Бундай ишлар юз берган мамлакатларда ҳозир на давлат ва на барқарорлик бор. Қашшоқлик, безорилик ва экстремизм, террорчилик пайдо бўлиши учун шароитлар яралган. Ушбу мамлакатлар иқтисоди ўнлаб йилларга орқага кетди", дейди у.

'Яна бир ҳужум'

Айни пайтда чоршанба куни эрталаб Қозоғистон шимоли-ғарбидаги Оқтўбедаги болалар ёзги лагерлардан бири қўриқчиларига қуролли ҳужум амалга оширилгани хабар қилинади.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Владимир Жумакановнинг айтишича, қўриқчиларга автомобилдан ўқ узилган.

"Бугун Оқтўбе вақти билан 8:06 да оқ рангли Lada русумли автомобилдан болалар лагери қўриқчилари ўқотар қурол билан нишонга олинди", деб айтган Жумаканов.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси бу ҳақда Президент Нурсултон Назарбоев учрашуви чоғи гапирган. Аммо, талофатлар ҳақида маълумот бермаган.

Расмий мазкур ҳодисанинг 5 июн кунги ҳужумларга алоқаси борми йўқлигига ҳам изоҳ бермайди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги эса, ёзги лагерда отишма бўлгани ҳақидаги хабарни тасдиқланмаган.

"Ички ишлар бўлимлари Оқтўбе минтақасидаги болалар ёзги лагерлардан бирида ўқотар қурол воситасида отишма бўлгани ҳақида маълумот олишди ва текширишди. Аммо, бу маълумот тасдиқланмади", деб айтган Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбот котиби Алмас Садубаев.

Якшанба куни бир гуруҳ номаълум қуролли шахслар Оқтўбедаги икки қурол-яроғ дўкони ва ҳарбий бўлимга ҳужум қилишганди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Оқтўбеда 19 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳодисаларда "диний радикаллар"ни айблаган, аммо расмийлар бирон бир гуруҳнинг номини аташмаган.

Вазирлик воқеаларни "террорчилик амали" деб тасвирлаган.

Ҳозирда минтақада "аксил-террор" амалиётлари олиб борилмоқда. Қатор одамлар ҳамон қидирувда, гумондорларнинг исм-шарифлари эълон қилинган, бироқ ҳали уларни ушлашга муваффақ бўлинмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.