Атамбаев: Жума намози ўқишга ҳеч ким тўсқинлик қилмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Президент Алмазбек Атамбаев давлатни замонавий манзарасини барбод этилишига йўл берилмаслиги ва дин уламоларининг сиёсатга аралашувларига қарши экани ҳақида гапирди.

Президент жамоатчилик орасида баҳсу - мунозараларга сабаб бўлган жума намоз учун танаффусни узайтириш ташаббусига муносабат билдирди.

10 июн куни Алмазбек Атамбаев депутат Жанар Акаев, муфтий Мақсатбек ҳожи Тўқтўмушев, муфтият уламолар кенгаши раҳбари Абдушукур Норматов, блоггер Алия Суранова ва мустақил таҳлилчи Нурлан Исмаиловларни қабул қилиб, мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини изҳор қилган.

Учрашувда давлат раҳбари Қирғизистонда диний чеклов йўқлигини ва фуқароларни жума намозига боришлигига тўсқинликлар бўлмаганини урғулайди, аммо ҳаддан ошмаслик юзасидан огоҳлантиради.

Учрашув чоғида кўтарилган масалалар бўйича президент маъмурияти ахборот-сиёсат бўлими раҳбари Алмаз Усенов қуйидагиларни айтади.

"Президент барча соҳада ҳаддан ошмаслик кераклигини урғулаб, диний тушунчаларга онгсизлик билан эргашишнинг оқибатлари араб давлатларида қандай салбий оқибатларга олиб келганини ва бундай даъватлар ИШИД каби гуруҳларга қўл келишини айтди. Давлатнинг замонавий манзараси, конституциявий принциплари барбод этилмаслигини айтди. Қирғизистонда ҳамма ўз фикрини очиқ айта олишга ҳақли экани, бироқ диний уламоларнинг сиёсатга аралашувига ҳеч қачон йўл берилмаслиги керак. Президент сўнгги ташаббус юзасидан муҳокамалар пайтида ҳиссиётларни жунбушга келтирган диний даъватларга Рамазон ойида йўл берилмаслигини таъкидлаб ўтди" - дейди Алмаз Усенов.

Президент матбуот хизмати ёйинлаган суратларда жамоатчиликда қизғин муҳокамага сабаб бўлган, ўтган жума куни Ўш шаҳрида бўлиб ўтган йиғинда қатнашган ўранган қизларни кўриш мумкин.

Учрашувда қатнашган эксперт Нурлан Исмаилов мазкур масалани муфтият раҳбарлигидаги тегишли идоралар ўз вақтида ҳал этолмагани сабаб, президент ўз фикрини айтишга мажбур бўлди дейди.

"Президент охири аралашди. Бунгача муфтият ўз позициясини аниқлаши керак эди. Сабаби, ортиқча сўзлар айтган одамни муфтият ўз ичида тартибга чақириши керак эди. Диний асосда бундай воқеани қайталанмаслиги учун ахлоқ ва этика қоидаларини киргизиш керак эди. Бироқ, ундай қила олгани йўқ" - дейди таҳлилчи.

Image caption Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитаси Чубақ ҳожига расман огоҳлантириш берган

Таниқли дин олими Қодир Маликов қонун лойиҳаси атрофида пайдо бўлган мунозаралар давлатда диний йўналишда муҳим масалалар бор эканини кўрсатганини айтади. Унинг фикрича, ҳавфсизлик масаласи долзарб, дунёдаги диний вазият қалтис бир вазиятда бу масални ҳадеб кўтаравермасдан, уни ҳамкорликда ҳал этиш зарурлигини айтади.

"Бугун президент раҳбарлигида, мазкур муаммони бартараф этиш бўйича сай-ҳаракатлар етишмаётгандай. Сабаби, сўнгги кунлардаги воқеаларни кузатсак, давлатда диний вазиятни қўзғатувчилар бор экан. Улар ижтимоий тармоқларда, бир-бирларини уруштирмоқдалар. Шунинг учун, бу масалани ҳадеб кўтаравермасдан, уни сабрлилик билан ҳал этишга ҳаракат қилишимиз керак. Ҳозир Рамазон ойида бундай жаҳлдор бўлиш, мусулмонлар учун ярашмаган ҳолдир" - дейди Қодир Маликов.

Жума намози учун танаффусни узайтириш таклиф этган қонун лойиҳаси атрофидаги муҳокамалар ўтган ҳафта бошида парламентдаги ижтимоий қўмитада кўриб чиқилганидан кейин бошланган. Унда қонун лойиҳасини кўпчилик қўмита аъзолари қўлламаганлар.

Бунга норози бўлган собиқ муфтий Чубақ ҳожи Жалилов қонун лойиҳасини қўлламаган депутатларни қўпол равишда "динга қарши чиқди" деб атаган. Унинг сўзларини "экстремистик даъват" дея баҳолаб, диний адоватни қўзғаш моддаси билан жиноий иш қўзғаш кераклиги чақириғи билан чиққанлар ҳам бўлган. Шундан сўнг, Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитаси Чубақ ҳожига расман огоҳлантириш берган.

Мазкур қонун лойиҳа ташаббусчиси Тазабек Икромов бу ташаббусни ортга қайтариб олмаслигини, бироқ жамият фикрларни инобатга олган ҳолда тўлиқлаб чиқишини маълум қилди.

"Бу қонун лойиҳаси қайтариб олинмайди. Сабаби, бу керак деб ўйлайман. Бироқ, комитетда қайта кўриб чиқишга тайёрмиз" - дейди депутат.

Икромов бу қонун лойиҳасини парламентнинг умумий йиғинига шу ҳафтада олиб чиқишни режалаштирмоқда.

Аммо, жамиятдаги сўнги муҳокама ва президентнинг фикрларидан кейин бу ташаббусни парламент қўллаши даргумон деган фикрлар айтилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ