"Оқтўбеда 1500 дан ортиқ "Салафий" бор"

Фото муаллифлик ҳуқуқи 24KZ

Қозоғистон ғарбидаги Оқтўбе шаҳридаги сўнгги зўравонликлар ортидан Бош вазир Карим Масимов минтақага борган ва куч тизимлари раҳбарлари ҳисоботларини тинглаган.

Хавфсизлик қўмитаси раҳбари сўзларига кўра, вилоятда 1500 дан зиёд "Салафийлик" оқими тарафдорлари истиқомат қилади.

Оқтўбе вилоят Миллий Хавфсизлик қўмитаси департаменти раҳбари Нурлан Кидирбаев Қозоғистон бош вазирига ҳисобот бераркан, департамент мушкул шароитларда фаолият юритишига тўғри келаётганидан шикоят қилган.

Қозоғистонлик журналистларнинг ёзишларича, бу Оқтўбе вилоят Миллий Хавфсизлик қўмитаси департаменти раҳбарининг журналистлар олдида биринчи ошкора чиқиши бўлган ва ҳисобот "бомба" деб таърифланган.

Оқтўбе хавфсизлик идораси раҳбари Нурлан Кидирбаев айтишича, вилоятдаги "Салафий" оқими тарафдорларининг сони 1565 кишини ташкил этади, шулардан 90 га яқини потенциал "жиҳодчи" ҳисобланади.

"Теракт ташкилотчилари шерикларини аниқлаш ишлари давом эттирилмоқда. "Салафийлар"ни назорат қилишга кўп куч кетади. Ўтган йилдан буён 32 "Салафий"нинг фикрини ўзгартиришга мувффақ бўлди. Бироқ бу ишлар учун саводли теологлар ва обрўли имомлар етишмаяпти. Янги маҳаллий кадрларни тайёрлаш лозим", деб айтган Оқтўбе хавфсизлик идораси раҳбари.

Нурлан Кидирбаев ўз идорасида терроризмга қарши кураш ходимлари етишмаслигини айтган.

2011 йилдан буён департамент штати кўпайтирилгани йўқ. Ўшандан буён иш ҳажми икки баравар ортди. Оператив ходимлар "ишдан чиқиб қоладиган" даражада ишлаяптилар, деб айтган Нурлан Кидирбаев.

Хавфсизлик департаментининг биноси ҳам 1958 йилда қурилгани ва таъмирга муҳтож бўлиб қолганини айтган Нурлан Кидирбаев вилоят полицияси ходимлари ҳам ўзлариникига ўхшаш шароитда ишлаётганини билдирган.

Нурлан Кидирбаев сўзларига кўра, 2015 йил бошидан буён Оқтўбе вилоятида 14 та радикал гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Youtube

Ўша мажлисда қатнашган Қозоғистон Муфтийси ўринбосари, Мусулмонлар диний идораси раҳбари Серик Ораз радикал қарашдаги мусулмонларга нисбатан қаттиққўл бўлишга чақирган.

Серик Ораз сўзларига кўра, хорижий экстремист муллаларнинг таъсирига тушиб қолганларга фақат тушунтириш ишлари етарли бўлмайди.

5 июнь куни бир неча шахс Оқтўбе шаҳридаги қурол-яроғ дўконлари ва ҳарбий қисмга ҳужум қилганлар.

Оқибатда 5 тинч фуқаро, 3 ҳарбий ҳалок бўлган.

Ўтказилган аксилтеррор амалиётлари натижасида ҳужумчилардан 13 нафари ўлдирилгани, 9 таси қўлга олингани хабар қилинган.

10 июнь куни гумонланувчилардан яна 5 нафари ўлдирилган.

Қидирув эълон қилинган шахслардан уч нафари 12 июнда тутилган.

Яна бир неча киши қидирилаяпти.

Оқтўбе ҳодисалари Қозоғистон мустақиллигидан кейинги энг қонли ҳужумлардан бири бўлган.

Ҳужумлар учун масъулиятни бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олиб чиққани йўқ.

Президент Назарбоев ҳужумларда "Салафий" жангариларни айблаган.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Калмуханбет Қасимов айтишича, Оқтўбе шаҳрида қуролли ҳужумларни содир этган 45 тача шахс бир квартирага йиғилиб Суриядан бир имомнинг жиҳодга чақириқ ҳақидаги диний ваъзини тинглаганлар, ваъздан кейин кўчага чиқиб қўлларига қурол олганлар.

"Салаф" сўзи "ўтмиш" ё "аввалги" маъносини бериб, салафийлар Ислом динини Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) ва унинг сафдошлари тушунган тарзда тушунишни истайдилар, ҳамда Қуръонни символик талқин қилиш усуллари ва мусулмон дунёсига Ғарб билан юз берган алоқалар асосида кириб келган янгиликларни рад этадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ