Қирғизистон ўз мигрантларини ҳимоя қилмоқчи

Қирғизистон Миграция Давлат хизматининг маълум қилишича, бу хусусда аллақачон Оврўосиё иқтисодий иттифоқи махсус ҳайъатига мурожаат қилишган.

Ҳайъатга иттифоққа аъзо давлатлар ҳудудларида меҳнат қилаётган муҳожирларининг ҳимоясини таъминлаш учун ягона касаба уюшмасини ташкил қилишни таклиф этишган.

Қирғизистон Миграция Давлат хизмати раиси муовини Алмаз Асанбаевнинг айтишича, меҳнат муҳожирларининг муаммолари масъул маҳаллий тизимларининг эътиборларидан четда қолиб келмоқда.

“Меҳнат муҳожирлиги муаммоси профсоюз ташкилотларини умуман қизиқтирмай қўйган. Бунга ортиқ тоқат қилиб бўлмайди”, - деб айтган қирғизистонлик юқори мартабали масъул.

Жаноб Асанбаевга кўра, мавжуд вазиятни ўнглаш мумкин, аммо бунинг учун Оврўосиё иқтисодий иттифоқи ўзининг қудратли касаба уюшмасини ташкил қилиши лозим бўлади.

Қирғизистонлик мулозимнинг сўзларидан маълум бўлишича, бу хусусда иттифоқнинг махсус ҳайъатига ўз таклифларини киритишган.

Унинг айтишича, бу масалани шунчаки ташлаб қўйишмайди, токи ўзлари назарда тутган касаба уюшмаси ташкил топмас экан, қайта-қайта кун тартибига олиб чиқаверишади.

Қирғизистон Россия, Беларус, Қозоғистон, Арманистон ортидан ўтган йил август ойида Оврўосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиб кирган.

Бу эса, Қирғизистон фуқароларига Россия, Қозоғистон ва Беларусь ҳудудида имтиёзли асосда меҳнат қилиш ҳуқуқини берган, уларнинг ҳақлари маҳаллий ишчиларники билан тенглашган.

Аммо, шунда ҳам, ноқонуний меҳнат муҳожирлигида банд ва меҳнатлари эксплуатация қилинаётган қирғизистонликлар ҳозир ҳам оз эмас.

Биргина Россиянинг ўзида расман 500 минг қирғизистонликнинг меҳнат муҳожирлигида бандлиги айтилади.

Аммо, агар норасмий рақамларга таянилса, уларнинг сони бир миллион кишидан ортади.

Улардан ярмига яқини эса, аллақачон Россия фуқароларини ҳам олиб бўлишган.

Аён бўлишича, Россиядаги сўнгги иқтисодий инқироз ҳам иш илинжида йўлга чиқаётган қирғизистонликларнинг сонига таъсир эта олмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Уларнинг Россияда асосан қурилиш ва маиший хизмат соҳаларида банд эканликлари айтилади.

Қирғизистон Марказий Осиёнинг энг камбағал иккита давлатидан биттаси саналади ва айнан четда меҳнат қилаётган фуқаролари ортга юбораётган маблағ бу мамлакат иқтисодининг асосини тутиб туради.

Путин ғоялари

Россия Президенти Владимир Путин Божхона ва Оврўосиё Иттифоқи асосида стратегик сиёсий иттифоқ тузиш ғоясини илк бор 2011 йил кузида ўртага ташлаган.

Президент Путин мазкур иттифоқ жаҳондаги қудратнинг энг йирик маркази бўлиши ва гео-сиёсий, гео-иқтисодий воқеъликни ўзгартиришини айтганди.

Владимир Путин бу иттифоқ собиқ Шўролар Иттифоқидан ўзгача қадриятларга таянишини ҳам маълум қилганди.

Янги иттифоқ, Владимир Путиннинг ишонишича, Оврўпо Иттифоқи сингари қудратли иттифоққа айланиши керак.

Россия раҳбари вақт ўтиши билан ушбу иттифоққа Қирғизистондан ташқари яна Тожикистоннинг қўшилишига ҳам умид қилганди.

Аксар шарҳловчилар эса, табиий захираларга бой Ўзбекистон ва Туркманистоннинг Россия етакчилигидаги бу каби иттифоқларга киришига шубҳа билан қарашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Уларнинг наздларида президент Путиннинг бу иттифоқларни тузиш ғояси ортидаги асл мақсади – сиёсий бўлади.

Оврўосиё иқтисодий иттифоқи эса, Россияга халқаро масалаларда ўз қудратини сақлаб қолишга имкон беради.

Расмий Тошкент, жумладан, президент Ислом Каримов собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудидаги бу каби интеграция жараёнларига ҳамиша шубҳа билан қараб келган.

АҚШ дипломатларининг “Викиликс” веб саҳифасига сизган ёзишмаларида президент Каримов Москванинг “империячилик” интилишларидан хавотир билдиргани ҳам қайд этилган.

Аммо, худди шунинг баробарида, Россия бўладими ва ёки Қозоғистон, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликларнинг ҳуқуқий ҳимояси масаласи, йилларки, жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келади.

Шу йил бошига келиб, томонларнинг Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси кафолатини кўзда тутувчи ҳукуматлараро янги шартнома устида иш олиб боришаётгани маълум бўлганди.

Расмий рақамларга кўра, ҳозирда Россияда 2.1 миллион Ўзбекистон фуқаролари бор.

Аммо норасмий маълумотларда уларнинг сони расман айтилаётганидан анча кўп экани тахмин этилади.

Ноқонуний меҳнат муҳожирлиги Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам долзарб муаммолардан бири саналади.

Орада қулликка тушиб қолишлари қадар улар тўқнаш келаётган ҳуқуқбузарлик ҳоллари ҳақида кўп ва кенг хабар бериб келинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ